Ёшларнинг яна бир орзуси ушалди

 

Ҳеч кимга сир эмас, юрист кадрларни тайёрлайдиган олий ўқув даргоҳи ягона, у ҳам бўлса, пойтахт Тошкентда жойлашган эди. Бир неча авлод ёшларининг, қанийди, вилоят марказидаги университетларда ҳам ҳуқуқшунос тайёрлайдиган факультет очилса, деб армон қилганларига кўп гувоҳ бўлганман.

Кўнгилдаги гаплар айтиладиган, кўнгилдаги ишлар амалга оширилаётган кунларда яшаяпмиз. “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонини ўқиб, хаёлимдан шу фикрлар кечди.

Фармонга кўра, Термиз, Самарқанд, Наманган давлат университетларида юридик факультетлар ташкил этилади ва “юристпруденция” йўналиши бўйича белгиланган тартибда, шакллантириладиган ва тасдиқланадиган квоталар бўйича қабул, шу жумладан табақалаштирилган тўлов, контракт асосида қўшимча қабул амалга оширилади.

Албатта қайд этиш керак, халқ билан бўлган мулоқотларимиз, сайловчиларимиз билан бўлган учрашувларимизда, айниқса, ёшлар ҳуқуқшунос бўлиш йўлидаги интилишлари анча чекланганини, вилоят марказида, ТерДУда юридик факультет очилса, айни муддао бўлар эди, деган фикрларни айтишар эди.

Куни-кеча Деновда институт очилганидан қувониб юрган Сурхон ёшларининг яна бир орзуси ушалиб турибди. Энди улар юрист бўлишни олдиларига мақсад қилиб қўйса, мақсади йўлидаги барча имкониятлар Термизнинг ўзида яратилмоқда. Умуман, фармонда белгилаб берилган устувор йўналишлар асосида ҳуқуқшунос кадрларни етиштиришнинг бутунлай янги тизими яратилмоқда.

Хусусан, мазкур ҳужжат билан юқори малакали, ижодий фикрлайдиган ҳалол кадрлар тайёрлаш, талабалар билимини баҳолаш усулларини такомиллаштириш, клиник юридик таълимни ривожлантириш, ривожланган хорижий давлатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасалари билан ҳамкорликни фаоллаштириш, давлат ва ҳуқуқ соҳасида илмий ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш, очиқ, шаффоф, субъективлик ва суистеъмолчиликлардан ҳоли бўлган таълим муҳитини яратиш каби юридик таълим ва фанни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Энди бу ишлар масъуллар томонидан қай даражада самарали бажарилади, деган саволга жавоб бериш биз, депутатларнинг зиммасидаги масала, деб ўйлайман.

Шундан келиб чиқиб, парламент қуйи палатасидаги фракциядошларимиз ҳамда тегишли маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари билан бирга олий таълим муассасаларида ўрганишлар олиб бориб, уларнинг натижалари бўйича мутасадди вазирлик ҳисоботини парламентда эшитиш таклифини илгари сурмоқчиман. Давлат раҳбари белгилаган эзгу режалар самарали амалга ошиши учун депутатлар ҳам катта ҳисса қўшиши зарур, деб ўйлайман.


Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш