Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш бўйича муҳим янгиликлар жорий этиляпти

 

Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш мақсадида банкларимиз томонидан ажратилаётган ипотека кредитлари асосан шаҳарларда қурилаётган янги (бирламчи) кўп қаватли квартираларни сотиб олишга, уйнинг қийматидан кам миқдорда, олдиндан уй қийматининг 25 фоизини тўлаш шарти билан, энг узоқ муддати 15 йилга бўлган, қиммат фоизларда ажратиб келинмоқда.

Бундан ташқари, аҳолига уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкаларида якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва қайта қуриш учун кредитлар, очиғини айтганда, ажратилмай қўйилган эди.

Бундай ҳолатлар эса, табиийки, фуқароларимизни, айниқса, туман ва қишлоқлардаги аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш имкониятларини чеклаб келаётган эди.

Президентимизнинг жорий йил 1 майда қабул қилинган "Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори мамлакатимиз аҳолисига муборак Рамазон ойида чинакам туҳфа бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Нимага бундай деяпмиз?

Чунки қарор билан:

бирламчи уй-жой бозорида уй-жой сотиб олиш учун фуқарога ажратиладиган ипотека кредитларининг энг кўп миқдорлари:

қишлоқ жойларида 2 хонали квартиралар учун 174 миллион сўмдан 240 миллион сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 224 миллион сўмдан 320 миллион сўмгача;

шаҳарларда 2 хонали квартиралар учун 180 миллион сўмдан 240 миллион сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 232 миллион сўмдан 320 миллион сўмгача;

Тошкент шаҳрида 2 хонали квартиралар учун 198 миллион сўмдан 264 миллион сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 255 миллион сўмдан 352 миллион сўмгача оширилди.

Аҳолига ажратиладиган ипотека кредитлари, шу жумладан, бугунги кунга қадар ажратилган ипотека кредитлари ҳам, муддати 15 йилдан 20 йилгача узайтирилди.

Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларни манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида уй-жой сотиб олишга ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадалнинг (олдиндан тўлов) бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун субсидиялар (ёрдам) ҳисобланган уй-жой қийматининг 10 фоизи миқдорида тўлаб берилиши белгиланди.

Бу билан 13200 нафар юртдошимизга ипотека кредитлари бўйича бошланғич тўлов ва фоиз харажатлари учун Давлат бюджетидан 780 млрд. сўм субсидиялар тўлаб берилиши режалаштирилди.

Бундан ташқари, маҳаллий бюджет даромадларининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан Фармон билан тегишли ҳудуд учун белгиланган субсидиялар сонини 1,3 бараварга ва суммасини 40 фоизгача оширишга рухсат берилиб, маҳаллий ҳокимларга 3900 нафар фуқарога 361 млрд. сўмлик субсидиялар тўлаб бериш ваколати назарда тутилди.

Яна бир қувонарли янгилик шуки, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида тажриба тариқасида мазкур қарор қабул қилингунга қадар жисмоний шахсларга қонунда белгиланган тартибда уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкаларида якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва қайта қуриб шароитини яхшилаш учун кредитлар ажратишга рухсат берилди.

Бундан ташқари, бундай кредитлар аҳолига энди олдингидек 15 йилга эмас, балки 20 йил муддатга, қурилаётган ёки қайта қурилаётган якка тартибдаги уй-жой қийматининг олдингидак 25 фоизи эмас, балки 10 фоиз миқдорида олдиндан тўлаш шарти билан ажратилиши белгилаб қўйилди.

Президентимизнинг ушбу қарори уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож, лекин бунга иқтисодий имконияти бўлмаган юртдошларимиз, партиямиз электорати вакиллари учун ажойиб янгилик бўлди. Шунинг учун ҳам партиядошларимиз, биз, депутатлар бу ҳужжатни хурсандчилик билан қабул қилдик. Энди бу масалада тушунтириш ишларини изчил йўлга қўямиз, муҳтож оилалар кредит олишига амалий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қиламиз.


Авазбек Ўринбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш