Синовларни ҳамжиҳатлик билан енгамиз!

 

Инсон ҳаёт экан, бошидан не-не савдолар ўтади. Оилада бир кун у фарзанд, бир кун бу фарзандингизнинг муаммоси чиқади. Оила боши ҳал қилиш йўлларини излаб тунларни бедор ўтказади. Ўйлайди, маслаҳат қилади, ва албатта, ечим топади. Эртаси куни яна бошқа муаммолар туғилади...

Давлат ҳам катта бир оила, ўзига яраша муаммолари, тавишлари бор. Давлатбоши уларни ҳал қилиш йўлида тиним билмайди. Коронавирус балоси йўқолмай туриб, Бухорода табиий офат юз берди. Ҳали унинг оқибатларини бартараф этишга улгурилмасидан, Сирдарёдаги “Сардоба” сув омборида тошқин юзага келди. Бухорода бўлгани каби, Президентимиз шу куннинг ўзида эрта тонгдан сирдарёликлар дардига шерик бўлиш, муаммоларига тезроқ ечим топиш мақсадида воқеа юз берган ҳудудда бўлди. Мутасаддилар, фаоллар билан учрашиб, бундай синовли кунларда ваҳимага берилмасликка чақирди ва бунга асос ҳам йўқлигини айтди. Офатдан жабрланган ҳар бир инсон алоҳида эътиборга олиниши, ҳамма уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминланишини таъкидлади.

Бу ҳеч ким кутмаган синов. Биринчи ҳаракатимиз одамларни эҳтиёт жойларга кўчириш бўлди. Энг катта масала — ўлим бўлмаслиги. Бунинг учун ҳамма куч ва воситаларни сафарбар қиламиз. Шароит яхши бўлмагунча биронта раҳбар кетмайди. Сабр қилиб, оғирликни елкамизга олиб, чидашимиз керак. Биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмайди”, — деди давлатимиз раҳбари.

Ҳа, ватандошларимиз Рамазон кунларида кетма-кет офатлар билан синовдан ўтмоқда. Лекин бундан-да оғир кунларни бошидан ўтказган халқимиз. Бир бўлиб, ҳамжиҳат бўлиб, ҳар қандай шароитда бир-биримизни қўллаб-қувватлаб муаммо ва ташвишларга ечим топганмиз.

Ўз вақтида кўрилган қатъий чоралар сабаб, коронавирусни жиловлашга эришдик. Яқин кунларда бунга бутунлай барҳам берилишига умид қиламиз. Умид қиламизки, Бухоро, Сирдарё ташвишлари ҳам тезда ечимини топади. Агар Бухородаги табиий офат кечаси эмас, кундузи бўлганида унинг оқибатлари қандай бўлишини тасаввур қилиш қийин. Ёки “Сардоба”даги ҳалокат кундузи эмас, кечаси, ҳамма уйқудалигида юз берганида нима бўларди?.. Худо асрагани шу эмасми аслида?!


Қизилгул Қосимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш