Қудратимиз — ҳамжиҳатликда

 

Инсон синовларда тобланади. Айни қийинчилик дамларда, сабр-тоқат, меҳр-оқибат, дўстлик, ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар ўзининг қудратини намоён қилиб бизга ёрдамга келади.

Халқимиз ҳаётнинг бу азалий ҳақиқатини кўп бора юрагидан ўтказган. Шу сабаб оғир дамларда, бир-бирига ёрдам қўлини чўзиб, бир-бирини суяб, оғир-босиқлик билан белини маҳкам боғлаб, машаққатлар устидан ғалаба қозонган. Бағри кенглиги ва саботи билан дунёда матонатли халқ сифатида танилган.

Халқнинг юраги билан юраги ягона бўлган, муҳтарам Президентимизнинг раҳнамолигида халқимизга хос бўлган бу юксак фазилатлар янада яққол намоён бўлмоқда.

Бугун дунё яна бир қудратимизни ҳис қилмоқда. Дўстликни, меҳр-оқибатни, аҳилликни ўзида мужассам этган бу қудрат билан бизнинг пандемия устидан қўлимиз баланд келди.

Кучли бўрон ва довуллардан Бухоро вилоятининг айрим туманларига етган талофатда, улар ўзларини зинҳор ёлғиз сезмадилар. Чунки Бухороликлар билан Президентимизнинг ўзи бирга бўлди.

Албатта, баҳор ўзининг кутилмаган селу-тошқинлари, кучли ёмғирлари билан баҳор. Узлуксиз ёғинигарчиликлар туфайли Сардоба сув омбори тўғонидан сув чиқиши, Сирдарё вилояти Сардоба тумани аҳолисига жабр етказди. Лекин халқнинг руҳи тушган йўқ. Чунки Президентимизнинг ўзи бошчилигида бутун Республика ва вилоят раҳбарияти ўзларини сафарбар деб билиб, вазиятни енгиллаштириш, бир маромдаги ҳаётни тиклаш учун кеча-кундузи билан фидокорона хизмат қилишмоқда. Одамлар бутун Ўзбекистон тимсолида улуғ Ватан, қудратли халқ меҳрини ҳис қилиб, эртанги кунга ёруғ умид билан боқмоқда.

Сирдарёликларга елкадош бўлиб, "Биз сиз билан биргамиз, биз ягона халқмиз" дея кўмак қўлини чўзаётган ватандошларимизнинг олдинги сафларида Сурхондарёликлар ҳам бор.

"Сира ташвиш чекманг, азиз Сирдарёликлар, кўнглимизнинг ҳам, уйимизнинг ҳам тўри сизники", дейишмоқда воҳадошларимиз.

Куни-кеча Бухоролик биродарларимизга кўмакдош бўлиш учун отланган Сурхон эли бугун Сирдарёлик қадрдонларимизга елка тутиб турибди. Сурхондарёдан Сирдарёга дастлаб 60 тонна, кейин эса 40 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечаклар етказиб берилди. Дунёнинг ҳеч бир иши боқий бўлмагани каби ҳадемай синовли кунлар ҳам ўтиб кетади. Биз қийин кунларда, ягона дард билан яшаб, ташвишларни биргаликда енгиб, баҳамжиҳат бўлиб, меҳр-оқибат ва дўстликдан мисилсиз қудрат топган халқ бўлиб, янада юксалиб дунёга юзланамиз.

Бундай матонатли халқ олдида ҳар қандай тўсиқ ва ғовлар ожиздир. Зеро бу улкан матонат асрлар синовидан ўтган.  

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

 

www.parliament.gov.uz

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш