Бир-бирини қўллаш, ғамғўрлик кўрсатиш ҳисси халқни бирлаштириб, қудратли қилади. Мушкулотлар биргаликда бартараф этилса, ундан чиқариладиган сабоқнинг қадри баланд бўларкан.
Барчага маълумки, жорий йилнинг 28 апрель куни бўлиб ўтган табиий офат сабабли Бухоро вилоятидаги 38 360 та хонадон, 357 та мактаб, 188 та МТМ, 108 та тиббиёт маскани, бир қатор ижтимоий бинолар, томорқа ва экин ерлари катта талофат кўрди.
Ёши улуғларнинг айтишича, бу яқин йилларда бундай талофат бўлган эмас. Олот, Қоракўл туманларида табиий офат етказган зиён барчани ташвиш, саросимага солди. Олот туманидаги 13 848 та хонадон, 35 та мактаб, 13 та МТМ, 19 та тиббиёт муассасаси, кузги буғдой ерлари табиий офат зарбасига учради.
Қоракўл туманида 4811 та хонадон, 54 та мактаб, 29 та МТМ, 19 та тиббиёт муассасаси турли даражада зарар етди.
Мамлакатимиз Президенти Бухорога келиб барчани ғам ташвишига елкадош бўлди ва жабр кўрганлар кўнглини кўтарди. Аҳоли билан юзма-юз учрашиб, “саросимага ўрин йўқлиги, ҳеч қайси бир маҳалла, қишлоқ, гузар, оила, фуқаро эътибордан четда қолмаслиги” таъкидлаганларида ваҳима ўз-ўзидан йўқолди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармойишига асосан Бухоро вилоятидаги табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун 100 млрд. сўм маблағ давлат бюджетидан ажратилди. Бугун Олот ва Қоракўл туманларида қишлоқ, маҳаллалар қиёфаси янгиланяпти.
Кутилмаган талофатдан зиён кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш учун қўшни вилоятлардан қўли гул усталар келди, қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечаклар беминнат етказилмоқда.
Ўзаро қўллаб-қувватлаш, меҳрибончилик кўрсатиш, бирдамлик ва биродарлик кенгаяётгани ҳаммамизни қувонтирмоқда.
Шерзод Раҳмонов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фраксция аъзоси.