Она маҳкумаликда ҳам она бўлиб қолаверади

 

Ўтмиш файласуфларидан бири “жамиятнинг қай даражада эканлиги аёлга бўлган эътибор билан ўлчанади, " дея хақ гапни айтган. Зеро, маълум маънода аёлларнинг ҳаётдаги ўрни, иззат-ҳурмати жамиятнинг инсонийлик даражасини белгилаб беради.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳаётдаги роли ҳамда фаоллиги ва ташаббускорлигини ошириш, турли соҳа ва тармоқларда ўзини намоён этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этилишини таъминлаш борасида жуда катта ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган юзга яқин миллий ва халқаро хуқуқий хужжатлар қабул ва ратификация қилинди. Ҳар йили давлат дастурлари қабул қилиниб аёлларимизнинг турмуш даражасини яхшилаш бўйича изчил ишлар амалга оширилган бўлсада, ечимини кутиб турган муаммолар ҳам мавжудлиги сабабли сўнгги уч йилда бу борада давлат томонидан белгиланган сиёсат тамомила тубдан ислоҳ этилди, десак муболаға бўлмайди.

Аввало, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилди, “Аёллар маслаҳат марказлари” ташкил этилиб, асосан ҳуқуқий, тиббий, психологик қўллаб-қувватлаш орқали аёлларимиз муаммоларни енгиб ўтишлари учун иммунитетлари оширилишга эришиш мақсад қилиб белгиланди. Хотин-қизларни турли тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш мақсадида қисқа рақамли “1146” ишонч телефонига келиб тушган мурожаатларнинг сони ҳам ушбу соҳада ўз вақтида кўрилган чораларнинг тўғри бўлганидан далолат беради.

Минг афсуски, айрим ҳолларда опа-сингилларимиз етарли касб малакаларига эга эмасликлари оқибатида мураккаб вазиятларга ҳам тушиб қолмоқда. Оилавий ажримлар, турмуш ўртоғидан бевақт ажраб қолишлар ёки ногирон фарзандларини парваришлаш каби бир қатор муаммоларга дуч келиш орқали жиноят йўлига кириб қолган ёки чорасизликдан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир этилишини барвақт аниқлаш, олдини олиш, жиноят содир этган хоти-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этишга кўмаклашиш, руҳан қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳудудий ички ишлар органларида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича инспектор лавозими жорий этилди. Юқоридагиларнинг барчаси аёл ва унинг манфаатлари ҳимояси учундир.

Жамиятда яна бир тоифа аёллар борки, уларни ҳам эътибордан четда қолдириш тўғри бўлмайди. Улар маҳкумалардир.

Маҳкума ҳам аввало аёл, она, кимгадир опа, кимгадир сингил. Унинг жиноятни содир этишига сабаб бўлган омиллар, пушаймонлиги ёки бошқа сабаблардан қатъи назар, маҳкумаларнинг муайян устувор ҳуқуқлари сақланиб қолади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Ушбу қонун амалга кирганидан сўнг, маҳкума аёлларга уч ёшга тўлмаган болаларини жазони ижро этиш колониялари қошидаги болалар уйига жойлаштиришга ва ишдан бўш вақтда улар билан чекланмаган миқдорда бирга бўлишга рухсат этилади.

Вояга етмаган болалари билан бир йил мобайнида тўрт маротаба муддати беш суткагача бўлган узоқ муддатли учрашув, манзил-колонияда эса муассаса ҳудуди доирасидан ташқарида, одатда, ишдан бўш вақтида чекланмаган миқдорда яшаш имконияти билан узоқ муддатли учрашув берилади.

Бу яратилаётган имкониятлар бола ҳаётидаги онанинг ўрни ва аҳамиятини эътиборга олган ҳолда белгиланяпти. Она учун фарзандидан узоқда яшашдан оғир жазо йўқ, айрим жазони ўташ колонияларида жазо муддатини ўтаётган оналарнинг фарзандларини вақтинча васийликка бериш учун яқин қариндошларида имконият бўлмай қолади.

Уч ёшга тўлмаган фарзандларини колониялар қошидаги болалар уйига жойлаштирилганидан сўнг махкумалар чекланмаган миқдорда фарзандлари билан вақт ўтказишлари маҳкумага аввало оила муҳитида жазони ўташ имконини берса, фарзанд учун ҳам онаси билан бирга унинг меҳрини ҳис этиб вояга етиш имкониятини таъминлайди.

Қонунчиликдаги ўзгаришлар маҳкума аёлларнинг фарзандлари тарбияси издан чиқиб, оналарнинг руҳияти ўзгариб кетмаслигига хизмат қилади.


Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш