ХДП фракцияси Давлат бюджетига ўзгартириш киритиш масаласига қандай муносабатда бўлди?

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Йиғилишда “2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 19 мартдаги ”Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда 10 трлн. сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилган. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ажратиладиган маблағларнинг чегараланган микдорларига, яъни қонунга тегишли ўзгартириш киритиш зарурати туғилди.

Бундан ташқари, давлат раҳбарининг тегишли қарорига асосан айрим давлат бошқарув органлари тузилмасида маъмурий ўзгартиришлар амалга оширилганлиги, шунингдек, йиллик бюджет тўғрисидаги қонун биринчи марта жорий этилиши муносабати билан амалиётда юзага келаётган айрим ҳолатлардан келиб чиқиб ҳам ўзгартиришлар киритиш талаби юзага келди.

Лойиҳага кўра, қонундаги айрим моддалар бир қатор меъёрлар билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд ва прокуратура органларининг бюджетдан ташқари жамғармаларига йўналтириладиган солиқлар, мажбурий йиғимлар, божлар ва жарималардан тушумларнинг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорларига асосан Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига ўтказилиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга ошириладиган харажатлар ушбу Қонунга ўзгартириш киритмаган ҳолда уларнинг тегишли молиявий ҳисоботларида акс эттирилади.

Фракция аъзоси Шербек Бўронов давлат бюджети тўғрисидаги қонунга зарурат сабабли ўзгартиш киритилаётгани, лекин аҳоли ижтимоий ҳимояси учун кўзда тутилган харажатларда қиқаришлар деярли йўқлигини маълум қилиб, қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаш кераклиги ҳақида фикр билдирди.

Фракциянинг бошқа аъзолари ҳам коронавирус пандемияси ва Бухоро ва Сирдарё вилоятларида рўй берган ҳолакатларга қарши курашда бир кун ғанимат эканини ҳисобга олиб, қонун лойиҳасини маъқуллаш таклифини билдирди. Йиғилишда Давлат бюджетига ўзгартиришлар маъқулланди.


Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш