Сирдарёликлар ҳаёти тез фурсатда яна изга тушади

 

Бирдамлик ва ҳамжиҳатлик. Халқимизга хос бўлган бағрикенглик, айнан шу фазилатлар юрт бошига келган офатларни енгиб ўтиш ва тезда қайта оёққа туриш имконини берган.

Сирдарё вилояти Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод тумани аҳли дуч келган офат, яъни сув балоси натижасида ушбу 5 та худудда истиқомат қилаётган 17 минг аҳолининг бошига тушган ташвишлар ҳам бундан мустасно эмас. Бунга мамлакатимизнинг турли жойларидан жабр кўрган инсонларга амалий ёрдам бериш мақсадида келаётган инсонпарварлик тадбирлари ёрқин мисол бўла олади.

Мен сирдарёликман. Сирдарёлик сенатор сифатида Тошкент шаҳрида куни кеча ўтказилган саховат ва кўмак акциясида бевосита қатнашдим. Шунга гувоҳ бўлдимки, пойтахт аҳли сирдарёликлар, ҳамюртлари тўғрисида чин дилдан ғамхўрлик қилиб, барча қўлидан келганича ёрдам қилишга ҳаракат қилаётганини кўриб, саховатли халқининг фарзанди эканлигимдан фахрланиб кетдим. Юрдошларимизнинг имкон қадар иссиқ кийим-кечак, озиқ-овқат, бирламчи эҳтиёж буюмлари, ҳаттоки, болалар ўйинчоқларидан иборат бўлган 28 та юк машинасига ортилган ёрдам Сирдарё вилоятига жўнатилди. Бу каби инсонпарварлик карвонлари нафақат пойтахтимиз, балки барча вилоятлардан келмоқда. Одамлар офатдан жабр кўрганлар дардига малҳам бўлиш учун бор имкониятини ишга солмоқдалар.

Сардоба сув омборидан сув чиқиши оқибатида атрофдаги 5 та қишлоқ катта талофат кўрди. Ўзим Мирзаобод тумани “Янги ҳаёт” маҳалласида туғилиб ўсганман. Биз оилада беш ака-укамиз. Мен Гулистон шаҳрида истиқомат қилсамда жигарларимнинг ҳаммаси бола-чақаси билан шу қишлоқда яшайди. Укам Тўйчиев Лутфулло яқиндагина тўрт хонали уй қуриб, ҳовли тўйи қилмоқчи бўлиб турганди. Энди бу уйдан ном-нишон йўқ...

Одамларнинг жони омон қолганига ҳам шукроналар айтамиз. Бу Яратганнинг танти халқимизга инояти. Қолаверса, аҳолини эвакуация қилиш ишлари жуда тезлик билан юқори даражада, яъни бор йўғи 1-1,5 соат ичида амалга оширилди.

Бунда, аввало, аҳолининг ўзи ҳам бирдамлик намунасини кўрсатди. Одамлар хавфсиз жойга қочишда бир-бирига ёрдам бердилар, бир-бирларини қўллаб-қувватладилар. Эвакуация пайтида тегишли тизим ходимлари ҳам аниқ ва самарали ҳаракат қилди. Аҳолининг саросимага тушган, мол-мулкидан айрилган ҳамда эртанги кунидан ташвишланиб турган бир вақтида Давлатимиз раҳбарининг воқеа жойига зудлик билан етиб келиб, барча ишларга ўзлари бош-қош бўлганлиги аҳолига далда бўлди, уларнинг эртанги кунга ишончини уйғотди. Президентимиз сув олиб кетган қишлоқларни қайта тикланиши, бузилиб кетган уйлар ўрнига янги, замонавий кўп қаватли уйлар қурилиши ҳамда янгидан инфратузилма объектларининг барпо этилишини маълум қилди.

Дарҳақиқат, офатдан жабр кўрган бирорта ҳам инсон кўчада ёки қаровсиз, эътиборсиз қолдирилмади, барчаси кераклича иссиқ овқат ва зарур буюмлар билан таъминланди. Аксарият аҳоли хонадонларига жойлаштирилди. Жумладан, ўзимнинг Гулистондаги уйимда ҳам 43 киши паноҳ топди. Шунингдек, эвакуация қилинганлар Гулистон, Янгиер шаҳарлари атрофидаги ижтимоий соҳа объектларига, боғчаларга, санаторий типидаги оромгоҳларга жойлаштирилди.

Аёнки, офатни бошдан кечирган инсонга аввало умид керак. Кўнглига таскин берувчи далда зарур. Юртбошимизнинг Сирдарёда бўлиб тургани, то ҳамма қишлоқлар қурилиб, инфратузилма йўлга қўйилмагунича ҳудуддан кетмасликларини билдирганликлари маҳаллий аҳоли учун эртанги кунига ишонч ва энг катта далда бўлди. Мен, сирдарёлик эканимдан, мана шундай бардошли ва чинакам инсонпарварлик туйғулари мужассам бўлган халқ вакили эканлигимдан ғурурланаман. Юртимизда рўй бераётган табиий офатлардан жабр кўрган биронта ҳам оилалар эътибордан четда қолмайди. Маҳалладошларимга бугунги ташвишли кунларда сабр-тоқат тилайман, кўрсатилаётган беғараз ёрдамлар учун юрдошларимизга барча сирдарёликлар номидан чексиз миннатдорчилик билдираман.

Ишонаман, тез фурсатда сардобаликлар ҳаёти яна изга тушади.


Анвар ТЎЙЧИЕВ,

Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси аъзоси.

← Рўйхатга қайтиш