Дунёни меҳр-муҳаббат қутқаради

 

Ҳаммамиз билиб, кўриб турибмиз, 2020 йилнинг баҳори ташвишли келди, синовлари кўп бўлди.

Коронавирус пандемияси вақтида халқимизни ижтимоий ҳимоя қилиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш тизимида янги лойиҳаларни зудлик билан амалга ошириш, озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ масалалар бўйича чора-тадбирларни белгилаб олиш… Эҳ-ҳе… санайверсак, адоғига етиш қийин.

Президентимиз коронавирус оқибатида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарни олдиндан кўра олгани, вазиятни тўғри баҳолагани ва қатъий тезкор чоралар кўролгани туфайли Ўзбекистонда муҳим ижобий натижаларга эришилаётгани хорижлик мутахассислар томонидан кўп эътироф этилди. Халқимиз белгиланган қонун-қоидаларга амал қилиб, мустаҳкам ирода, ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат фазилатларини намойиш этди. Кўпи кетиб, ози қолди, коронавирус карантинидан яқинда қутиламиз, деб турганимизда Бухорода табиий офат рўй берди. Начора, бошга тушганни кўз кўради, деганларидек, халқимиз бу фалокатни ҳам бир синов сифатида қабул қилди. Президентимизнинг табиий офат рўй берган ҳудудга дарҳол етиб бориши, вазият билан танишиб, зудлик билан амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларни белгилаб бериши одамлар кўнглини тоғдек кўтаргани рост. Мамлакатимизда карантин давом этаётганига қарамай, табиий офат рўй берган ҳудудлар аҳолисига кўмак беришга шошилганлар кўп бўлди. Республикамизнинг бошқа вилоятларидан ҳам озиқ-овқат, кийим-кечак, қурилиш материалларидан иборат ёрдам карвонлари кела бошлади.

Қаранг, коронавирус пандемияси карантини кунлари ёрдамга муҳтож оилалар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, ногиронлги бўлган шахсларга моддий маънавий кўмак кўрсатиб келаётган саховатпеша одамлар, турли идора ва ташкилотлар Бухорога ҳам ёрдам қўлини чўзди. Аммо кутилмаганда бу синовлар кетидан яна бир фалокат рўй берди. Бу бир тасодифми, бир нима дейиш қийин, лекин 1 май куни эрталабдан нохуш хабар тарқалди. Сирдарё вилояти Сардоба тумани ҳудудидаги Сардоба сунъий сув омборида сув тошқини рўй берибди. Бу тошқин сел тошқини эмас, сув омбори деворини ўпириб, катта ҳажмда, катта куч билан пастга шиддат билан оқаётган тошқин…

Бундай кучни тўхтатиш қийин, у йўлида дуч келган нарсани домига тортиб кетади. Бу қандай фалокат эканини халқимиз тўғри англади, бутун мамлакат ёрдам учун оёққа турди. Давлат идораларидан тортиб, жамоат ташкилотларигача, сиёсий партиялар, оддий одамларгача ёрдамга ошиқди. Уй-жойлари, мол-мулклари сув остида қолган одамларга қандай ёрдам керак бўлади?

Биринчи навбатда бошпана зарур, албатта. Сув босган ва сув босиши хавфи бўлган ҳудудлар аҳолиси зудлик билан эвакуация қилиниб, хавфсиз жойларга кўчирилди. Ҳатто Жиззах, Тошкент вилоятларига олиб келиниб, коллеж, лицей ётоқхоналари, санаторийларга жойлаштирилди. Уйсиз қолганларнинг бир қисмини эса саховатпеша одамлар ўз оилалари бағрига олди, уйлари тўридан жой берди, жигарлари каби қабул қилди.

Иккинчидан, озиқ-овқат, кийим-кечак, кўрпа-тўшак керак бўлади. Тўғрисини айтайлик, республикамизнинг барча ҳудудларидан келаётган ёрдам карвонини кўриб, ҳаяжонланиб кетасан, киши. Халқимизнинг бирлиги, аҳиллиги, бағрикенглигини ўйлаб, севинчдан, ғурурдан тўлқинланиб, кўз ёшингни тиёлмай қоласан... Ёрдам шу қадар кўп бўлаяптики, сирдарёликлар уларни қабул қилиб олишга шошиб қоляпти. Қалби очиқ, қўли очиқ, бағри- кенг, меҳр-оқибатли халқимиз борлигига яна бир карра имон келтирамиз. Бошимизга туш- ган синовли кунлар аҳиллигимиз, бирлигимиз, биродарлигимизни янада мустаҳкамламоқда. Ҳар бир яхшиликдан инсон кўнглида яхши туйғулар уйғонишини кўрсатмоқда. Яхшилик билан одам гўзаллигини, олам гўзаллигини англатмоқда.

Учинчидан, сув омборининг ўпирилиб кетган тўғонини тиклаш, сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун техникалар керак, одам кучи керак. Биз айрим йўллар ёпилгани, айримларининг кўприкларини сув олиб кетгани учун 25 километр ортиқча йўл юриб, айланиб, сув омборида фалокат юз берган жойнинг тескари томонидан чиқдик. Қирғоқ ўпирилган жойгача сув омбори бўйлаб яна 18 километр йўл юришимизга тўғри келди. Ҳар хил маркадаги енгил автомашиналар гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга қатнаб турибди. Қудратли MAN юк машиналарига темир-бетон плиталар, катта-катта тоғ тошлари ортилган. Бу машиналар қирғоқ устидан оғир-вазмин кетаяпти, улар кетидан эргашамиз. Мақсадимиз — сув ўпириб кетган жойни ўз кўзимиз билан кўриш, мутахассислар, ишчилар билан суҳбатлашиш. Беш-олти километр йўл юргач, сув омбори атрофидаги дала-даштда тошқин изларини кўрамиз, сув ювиб кетган ерларда дарахтлар эгилиб ёки ётиб қолган. Енгил конструкция билан қурилган иккита кичик уй жойидан сурилган шекилли, ўнг томонга қийшайиб туриб қолган. Айрим жойларни сув ўпириб, чуқурликлар ҳосил қилган. Манзилга яқинлашганимиз сайин ён-атрофда сув кўлмаклари, ирмоқлар кўпая бошлади. Қирғоқда ёнма-ён турган икки кичик бино олдида уч-тўрт нафар ички ишлар, фавқулодда вазиятлар ходимлари ва қирқ ёшлар чамасидаги йигитни кўриб, тўхтадик. У Сардоба сув омбори объектларидан фойдаланиш бўйича дирекция директори ўринбосари Нурбек Умаров экан. Айни муддао. У билан суҳбатлашдик. Унинг айтишича, сув омборининг умумий ҳудуди — 7 минг гектар, сув тўпланган майдони — 5 700 гектар. Сув омборига энг яқин қишлоқлар 3-4 километр нарида. Сув омбори бу қишлоқлардан 28 метр баландликда жойлашган. Ушбу сув омборини қуришдан мақсад— Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқ олтин, Мирзаобод, Жиззах вилоятининг Арнасой, Дўстлик, Гагарин туманлари сув таъминоти муаммоларини ҳал этиш. Сув омборига сув Мирзачўл канали орқали келади. Сув омбори 2017 йил 3 майда қуриб бит-казилган, 2020 йил 1 май тонг саҳарда офат рўй берди…

Сув омбори қирғоғи айланаси участкаларга бўлинган. Яъни, жами 28 километр 800 метрдан иборат масофа. Ҳар бир участка 9,5 километрни ташкил қилади, — дейди Нурбек Умаров. — Ҳар участкага бир кузатувчи қўйилган. Ўша куни сув уриб кетган ҳудудда Сардор Узоқов навбатчи эди. У тунги соат 3 лар атрофида бу ердан ўтган, хавфдан дарак берувчи бирон нарса бўлмаган. Соат 4 дан ошганда бирдан сув тошқини овозини эшитиб қолади, қараса, ташқарига сув чиқиб кетаяпти. У белгиланган тартибга кўра, дарҳол фавқулодда вазиятлар навбатчиси ва ҳокимиятга хабар берган. Дастлаб 2 метр кенгликда сув чиққан, сўнг сув қирғоқни ўпириб кета бошлаган. Ҳозирги ҳолати 200-250 метр келади. Биз ўша жойни кўриш учун яна йўлда да- вом этамиз. Манзилга 3-4 километр қолганда ички ишлар ходимлари бизни тўхтатиб, қирғоқдан пастга тушиб, яқинда бульдозер ерни суриб, текислаб олган, “янги йўл”дан юришимизни айтди. Чунки қирғоқ бўйлаб камида 400 ёки 500 та MAN ва бошқа русумли юк ташиш машиналари сафланиб турарди. Улар юкни тўкиб чиқиш учун навбатда турарди. Агар биз юрсак, қарши томондан келаётган юк машиналари йўлини тўсиб қўйишимиз мумкинлигини англадик.

Ниҳоят, сув уриб кетган жойга келдик, кичик дарё мисол сув ҳамон оқмоқда. Бу манзарага қараб ҳар хил хаёлга борасан, киши. Иш жуда қизғин кетмоқда, юзлаб техника ва одамлар тиним билмай ишламоқда. Қудратли юк машиналари тоғ-тошларни, тупроқни қирғоқдан ичкарига, сув қочган ботқоқ ерларга тўкиб, техникалар юриши учун йўл очмоқда. Сув омбори қирғоғининг узилган еридаги нариги қирғоқда ҳам юзлаб одам ва техника кўзга ташланади. У томондагилар ҳам айнан шу ишларни бажармоқда. Мақсад — имкон қадар тезроқ сув йўлини тўсиш, сув омбори деворини қайта тиклаш. Бу ерда ишлаётган одамлар билан суҳбатлашамиз. Улар турли вилоятлардан келган ҳайдовчи, бульдозерчи, экскаваторчи... Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидан келган Абдумалик Қодиров рўй берган фалокатдан қаттиқ ташвишлангани ва унинг оқибатларини бартараф этиш ишларига ҳисса қўшаётганидан мамнунлигини билдирди. Қашқадарёлик бульдозерчи Икром Ҳайдаров унинг фикрларини қўллаб-қувватлади. Биз билан суҳбатга қизиқсинаб қараб турган йигитлар- дан улар кимлигини сўраймиз.

Биз Оқ олтин туманиданмиз, қурувчимиз, мен прорабман, — дея ўзини таништирди Шавкат Арслонов. — Томошабин бўлиб турмайлик, озгина бўлса-да, ҳисса қўшайлик, деб ишчиларга 50 килограмм гуруч дамлаб, ош қилиб бердик... Одамлар сўзларини эшитиб, қудратли замонавий техникаларни кўриб, халқимизнинг иродасига, давлатимиз кучи, имкониятига ишончинг янада мустаҳамланади, кўнглинг кўтарилади.

Қайтишда сув тошқинидан биринчи бўлиб жабр кўрган Мирзаобод тумани, “Навбаҳор” маҳалласи чегарасига келдик. Қишлоқни ички ишлар ходимлари қўриқламоқда. Ўттизга яқин кишини учратдик. Қишлоққа кириш тақиқлангани учун тўпланиб турган экан.

Эрта тонгда маҳалла фуқаролар йиғинидан радиокарнай орқали бизни уйғотиб, сув омборидан сув келаётгани, тезроқ уйдан чиқиб, Янгиер томонга юришимизни айтди, — дейди темир йўл тизими ишчиси Эркин Очилов. — Оиламиз билан шошилиб, ташқарига чиқиб, қишлоқдан қоча бошладик. Катта ўғлим 23 ёшда, мен унга молларга қараб тур, ҳозир қайтиб келаман, молларни ҳам олиб чиқиб кетамиз, дедим. Ярим соат ўтар-ўтмас қишлоққа қайтсам, уйларнинг ярим белигача сув кўтарилибди. Айрим уйлар йиқилибди. Бизнинг уй бетон плитадан қурилгани учун йиқилмагандир, деб сувга кирдим. Энди ўғлимни қутқаришим керак эди. Бир жойда юрдим, бир жойда суздим, сув кўтарилавергач, ғиштли бир уй томига амаллаб чиқиб олиб, уйимиз томонга қараб ўғлимни йўқлаб қичқира бошладим. Бир маҳал овоз берди, у ҳам томимиз устида экан. Пастга тушиб бўлмайди, сув олиб кетади. Уч соатча том устида қолиб кетдик, қўйлар, кўрпа-тўшак ва бошқа буюмлар оқиб кетаётганини кўрдим. Вертолётда келиб, бизни қутқаришди.
— Темир йўл корхонаси чорвасига қарайман, чўпонман, — дейди Исмоил Сапаров. — 400 та қўй бор эди, билмайман, нима бўлди.
— Ғалла, пахта, қовун эккандик, — дейди “Агросаноат унитар корхонаси” боғбони Мақсудбек Донобоев. — Сув остида қолди…

Бошида, тўғриси, шошиб қолдик, одамни ваҳима босаркан, — деди 17-мактаб ўқитувчиси Фарҳод Раҳмонов. — Лекин ўша куниёқ эрталаб Президентимиз етиб келганини эшитиб, кўнглимиз таскин топди. “ Президент келибди,” деган хабарнинг ўзи бизга таянч бўлди. Мана, бугун эшитдик, бир кун ўтиб, яна Юртбошимиз келибди, бизни ўйлаб ҳаловатларини йўқотганларини билиб турибмиз. Ҳамма жойни кўриб, топшириқлар берибди. Буни эшитиб, дардимиз анча енгиллашди. “Бирлик” ва “Қўрғонтепа” маҳалласи одамлари билан ҳам суҳбатлашдик. Кеча бу ердан Янгиерга эвакуация қилинган бу одамлар бугун қишлоқдан хабар олгани келишган экан. Лекин кириш тақиқланган, аҳолини турли ин- фекциялардан ҳимоя қилиш мақсадида шундай қилинмоқда. Қишлоқ тозаланади, санитария талаблари бажарилади, сўнгра одамлар қишлоққа қайтади.Кеча Сардоба тумани ҳокимининг ўринбосари Абдукарим Эргашев билан телефон орқали боғландик. Унинг айтишича, сув тошқинидан “Қўрғонтепа”, “Дўстлик”, “Юртдош” маҳаллалари энг кўп талафот кўрди. Бу маҳаллалар аҳолиси Жиззах вилоятининг Дўстлик, Мирзачўл, Шароф Рашидов туманларига эвакуация қилинди. Ҳозир сув босган қишлоқларда ҳарбийлар, кўнгиллилар иштирокида тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Уй-жойидан, йиллаб қилган меҳнати эвазига орттирганларидан бирданига маҳрум бўлиб қолган кишилар нафақат моддий, балки оғир маънавий зиён ҳам кўрди. Лекин булар ҳаммаси қайта тикланадиган йўқотишлар. Вазият бундан-да оғир бўлиши мумкин эди, агар аҳоли вақтида огоҳлантирилмаганида, зудлик билан звакуация қилинмаганида. Шу боис, Сардоба воқеаси ҳам бир синов. Не-не оғир кунларни мардона енгиб ўтган халқимизнинг бардоши, матонати бу синовдан ҳам дадил ўтишга етади. Давлатимизнинг имкониятлари, куч-қудрати ҳам бунга кафолат беради.


Сафар ОСТОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Меҳрож ДАРХОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш