Меҳнат ҳуқуқи кафолати мустаҳкамланиши зарур

 

Инсоннинг устувор ҳуқуқлари кафолатмаган жамиятда демократияни қарор топтириш жуда қийин масала. Демократия эса умуминсоний тамойилларга асосланади. Мамлакатимизда кейинги йилларда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, халқаро ташкилотлар Ўзбекистонга нисбатан алоҳида эътибор қаратадиган йўналишларда муҳим янгиликлар бўлди.

Судларда адолат асосида иш кўрилиши натижасида бегуноҳ қамалган инсонлар оқланмоқда, мажбурий меҳнатга чек қўйилмоқда, турли “қора рўйхат”лар эса йўқ қилинди. Бу каби долзарб йўналишлардаги ислоҳотларни давом эттириш долзарб вазифа бўлиб қолаверади.

Албатта, бу жараёнда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолияти муҳим ўрин тутади. Ушбу марказнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши ҳолати тўғрисидаги ахбороти сиёсий партиялар фракцияларида, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида атрофлича кўриб чиқилди. Айтиш керакки, ахборот чуқур таҳлиллар асосида тайёрланган. Кейинги йилларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича юртимизда амалга оширилган ислоҳотлар тўлиқ акс эттирилган.

Халқ демократик партияси фракцияси марказ ахборотини кўриб чиқиш жараёнида дастурий мақсадларига мувофиқ тарзда аҳолининг меҳнатга оид ҳуқуқлари кафолатланиши масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, бўш ва квоталанган иш ўринларини кафолатлаш, ўз-ўзини иш билан таъминлашнинг самарали шаклларини ривожлантириш бўйича тегишли дастурлар асосида муайян ютуқларга эришилди.

Электрон меҳнат дафтарчалари” тизими ишга туширилди. Нодавлат-нотижорат ташкилотларга мамлакат ҳудудида ва чет элда фуқароларни иш билан таъминлаш соҳасида хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилди. Меҳнат ва бандликка кўмаклашиш вазирлигининг Жамоат ишлари фонди ташкил этилди.

Ўзгаришлар яхши, лекин меҳнат ҳуқуқи масаласи ҳар доим кун тартибида туриши керак, бошқача айтганда, бу йўналишда қилинадиган ишлар ҳали оз эмас.

Фикримизча, марказ фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқи таъминланишига энг принципиал масалалардан бири сифатида янада жиддий эътибор қаратиши лозим. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифадаги аҳоли вакилларининг квоталанган иш ўринларига жойлашиши, норасмий секторда фаолият юритаётган юртдошларимизнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши долзарблигича қолмоқда. Албатта, Халқ демократик партияси фракцияси бу масалаларда марказ билан ҳамкорликка тайёр.

Марказ ахборотида аҳоли бандлигини таъминлаш йўналишларида муаммоли ҳолатларга ҳам эътибор берилганини алоҳида қайд этиш зарур. Ҳудудларда барқарор иш ўринлари яратиш, ички ва ташқи меҳнат миграциясига оид қонунчиликни такомиллаштириш масалалари айниқса муҳим.

Меҳнат ҳуқуқи кафолатланган шахс бошқа ҳуқуқларидан эмин-эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлади, ижтимоий ҳимояга муҳтожликдан чиқиб, жамиятнинг фаол аъзосига айланади. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ фаолияти шу жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга.


Шербек Бўронов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш