Сафар ОCТОНОВ: Бугунги синовлар бизга сабоқ бермоқда (видео)

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 5 май куни бўлиб ўтган мажлиси ноодатий тарзда бошланди. Мажлис аввалида ёши улуғ депутатлардан бири Сафар Остонов кейинги 2-3 ой давомида дунёда ва мамлакатимизда содир бўлган воқеа-ҳодисалар ва бугунги вазиятдан келиб чиқиб, ўзининг фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди. Қуйида ушбу фикрлар билан тўлиқ танишишингиз мумкин.

— Бугунги йиғилишимиз бошланишдан олдин сўз сўраганимнинг сабаби бор, албатта. Эътиборингизни иккита масалага қаратмоқчиман, — дейди Сафар Остонов. — Биринчиси, бугунги синовли кунларда Президентимиз бизга нималардан сабоқ берди?

Иккинчиси, Халқимиз намоён этган улуғ фазилатлардан қандай хулосага келдик?

Тарих тажрибасидан маълумки, синовли кунларда, жамиятимизда мураккаб муаммолар пайдо бўлганда, давлат бошлиғининг сўзи, қадри ҳар қандай маслага ечим топади. Ёки аксинча вазиятни янада оғирлаштириб, мамлакатни қийин аҳволга солиб қўяди. Бу фикр қанчалик тўғрилигини коронавирус деган бало дунёни шошириб қўйган кунларда, Бухорода табиий офат ва Сардоба сув омборида юз берган фалокат рўй берган кунларда ишонч ҳосил қилдик. Кўрдик, коронавирус пандимияси шошириб қўйди, ҳатто Европанинг манаман деган давлатларини ҳам саросимага солиб қўйди. Давлат раҳбарлари томомнидан хавф хатарга етарли эътибор берилмагани вақтида чора кўрилмагани қандай оғир оқибатларга олиб келди.

Агар вақтида зарур чораларни кўрилмаганида, халқимиз огоҳлантирилмаганда, коронавирус пандимияси бизда ҳам оғир йўқотишларга олиб келиши мумкин эди.

Ўйлаб кўрайлик, коронавирус хавф хатари билан боғлиқ масалада Президентимиз неча бор такрор ва такрор халқимизга мурожаат қилди. Ана шу мурожаатлар барчамизни ўйғотди, хушёр тортирди. Президент дадил ва ишончли қарорларни қабул қилди. Бу синовли кунларда одамлар бошига тушуши мумкин бўлган ҳеч бир масала, хоҳ катта, хоҳ киччик бўлсин, эътибордан четда қолмади. Ижтимоий ҳимояга алоҳида эътибор қаратилди.

Сўнги икки ойдан кўпроқ вақтда шу кунларда президентимиз қанчалик ёниб куйиб тиним билмай ҳаловат билмай ишлаётганларини ўз кўзимиз билан кўриб билиб турибмиз. Президентдан яна нимани талаб қилиш мумкин, деган савол қўйилса, тўғри бирор таклиф айтишимиз ҳам қийин. Чунки президент нафақат бизнинг хаёлимизга келмаган, балки кўп давлатларга ибрат бўладиган ташаббусларни кўрсатаётганини халқаро экспертлар қайта-қайта эътироф этмоқда.

Куни кеча Сардоба сув омборида рўй берган тошқин билан боғлиқ воқеаларга эътибор қаратайлик. Бу нохуш хабарни эшитиб, президентимиз қандай аҳволга тушганини тасаввур қилиб кўрайлик. Уша заҳотиёқ воқеа жойига отланган президент сардобага етгунча кўнглидан нимлар ўтди экан, деб ўйлаб кўрайлик. У кишининг тоқатидан келиб чиқиб, айтадиган бўлсак, Сардобага етгунча юрагидан неча тошқинни ўтказганига амин бўламиз.

Биз партиямиз раиси ўринбосари Меҳрож Дархонов билан бирга кеча якшанба куни Сардоба, Мирзаобод туманларида бўлдик. Одамлар билан гаплашдик, сув омборига бориб, сув уриб кетган жойни кўрдик. Сув омбори қирғоғи узилган жойининг икки томонида минглаб одамлар, турли русмдаги сон саноқсиз техникаларни кўрдик, ақлинг бавор қилмайди, бир кунда шунча теҳника, одам бу ерда етказиб келинганига. Бу ишларни кўрган киши, тўғриси, давлатимиз қудратли, президентимиз қалбини, салоҳиятини яна бир бор ҳис этади.

Президент ходиса юз берган жойга дастлабки соатдаёқ етиб келгани. Вазифаларни аниқ белгилаб бергани масаланинг бир жиҳати, одамларга ҳамдард бўлиб, “талофат оқибатларини қисқа муддатда бартараф этамиз, жабир кўрган ҳар бир инсон, ҳар бир хонадонга ёрдам берамиз” деган сўзлари одамларни тоғдик оғир ғам ташвишдан халос этди, уларга куч ғайрат ва ишонч бағишлади. Биз оғир синовли кунлар ҳақида гапиряпмиз. Лекин бошқа пайтларда ҳам президентимиз хотиржам юрганини кўрмаганмиз. Тухтовсиз равишда вилоятма-вилоят, туманма-туман қишлоқма-қишлоқ юрганини кўрамиз. Ҳар бир ҳолатни ўз кўзи билан кўриб, хулоса чиқаришга ҳаракат қилади. Одамларни қийнаётган энг мураккаб масалалар бўйича аниқ тавсиялар бериши ёки бир қарашда кўзга кўринмайдиган, лекин эртага катта муаммоларни келтириб чиқарадиган хавф хатарларни олдиндан кўра олиш ва уларни бартараф этиш учун аниқ ва тўғри вазифлар қуя олиш нимадан далолат беради?

Биринчидан, катта ҳаёт тажрибага эга элнинг қувонч ташвишларидан яхши хабардор ўз халқи ҳаёти учун чин дилдан қайғурадиган, ўз халқига садоқат билан хизмат қилишни олий бахт, олий саодат деб билган, кишигина бундай ишларга қодир бўлади.

Президент халқни ўйлаб шунчалик жон койитаётган экан, халқ сайлаган биз депутатлар кимдан ўрнак олишимиз, кимни амалий ишларимиз билан қўллаб-қувватлашимиз керак? Кимга таянч бўлишмиз керак? Тўғри, депуталаримиз бугунги жараёнга, воқеаларга фаол муносабат билдиришмоқда. Мана куни кеча депуталаримиздан, Мақсуда Ворисова, Хуршид Дўстмуҳаммад Сардоба сув омборида юз берган ходиса, халқимизнинг бирлиги, бағри кенгалигни ҳақида таъсирланган чиқишлар қилишди. Бу ишлар давом этади албатта. Аммо бугунги ҳаёт, синовлар бизга қийин нарсалардан сабоқ бермоқда. Ўз вазифамизга бурчимизга қандай ёндошмоқликни ўргатмоқда. Мен айтмоқчи бўлган иккинчи масала халқимизни қадрлаш билан боғлиқ кечаги ва бугунги синовли кунларда қанчалик иродали, бағри кенг, меҳир оқибатли, мурувватли халқимизни борлигини чуқурроқ ҳис этдик.

Халқимизнинг улуғ фазилатлари. Қудрати, чинакамига жуш урди. Ҳамюртларимизнинг бир-бирига меҳрини кўриб, қанчалик қувондик, фахрландик. Халқимиз улуғ халқлигини кўрсатди. Бундай халқ чексиз ҳурмат – эътибога сазовор, муносиб яшашга минг карра хақли.

Ана шундай халқ учун ҳалол хизмат қилиш, унинг дардига дармон бўлиш биз депутатлар учун Олий шараф, деб ўйлайман.

Эътиборларингиз учун раҳмат! 

 

www.parliament.gov.uz

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш