Кучли юристлар адолатнинг кучини тиклай олади

 

Амир Темур бобомиз “Куч – адолатда” деб бежиз айтмаган, зеро миллат ва мамлакат такомилининг туб негизида адолат, тўғрилик, қонунийлик, ҳуқуқ ва бурч ҳиссининг устуворлиги тамал тоши янглиғ туриши лозимлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Бу олий қадриятлар эса ўз-ўзидан, ғойибдан пайдо бўлмайди. Жамиятнинг миллионлаб аъзолари онги ва хулқида ҳуқуқ ҳамда мажбурият, қонунга ҳурмат, унга итоат қилиш, қонун олдида ҳамманинг тенглигини англаш билан боғлиқ тушунча ва кўникмаларнинг устувор бўлиши айнан юридик таълим ва фаннинг аҳволига, даражасига чамбарчас боғлиқдир.

Муҳтарам Президентимиз томонидан имзоланган яна бир тарихий ҳужжат – “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон эса ана шу мақсадларни янада ривожлантиришга қаратилганлиги билан алоҳида эътиборга лойиқ.

Эндиликда юридик кадрлар тайёрлаш вазифаси фақат ягона Тошкент давлат юридик университетига эмас, балки Фармон билан Самарқанд, Наманган, Термиз давлат университетларининг юридик факультетлари очилиб, ушбу муассасаларга ҳам шундай масъулият юклатилди. Бу албатта, кенг қамровли юридик кадрлар тайёрлаш соҳасида соғлом рақобатни кучайтиришга, юридик кадрлар тайёрлаш сифатини янада оширишга ва энг асосийси, ёшлар учун яна янги имкониятлар эшигини очди.

Фармонга мувофиқ, Тошкент давлат юридик университети “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича базавий олий таълим ва илмий-методик муассаса этиб белгиланди.

Фармонга кўра, давлат, ҳуқуқ ва сиёсий-ҳуқуқий фикр соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга оширадиган Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ташкил этилади.

Фармонда замонавий талаблар, илғор халқаро юридик тажриба ва меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида юқори малакали, ижодий фикрлайдиган, ҳалол кадрлар тайёрлашни таъминлаш вазифаси қўйилди. Бу ерда ҳар бир қўйилган талаблар ўз ўрнида ва айнан зарурий талаблар саналиб, унинг ичида аввалги йирик ҳуқуқий ҳужжатлар даражаси қўйилмаган яна бир талаб борки, бу ҳалол кадрлар тайёрлаш масаласининг ўзиёқ ҳар бир юристда нафақат касбий, балки чин инсонийлик позициясини шакллантиришга, ҳушёр ва уйғоқ кўз билан ислоҳотларга қарашга ундайди.

Фармон билан, эндиликда юридик кадрларни аниқ буюртма асосида ва энг асосийси, мақсадли тайёрлаш вазифалари қўйилди. Бунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, турли мулкчилик шаклидаги ташкилотлар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларида жорий ва истиқболдаги юридик кадрларга бўлган эҳтиёж ҳисобга олиниб, қабул жараёнлари ва ишга тақсимлаш вазифалари ҳал қилинади. Давлат ва жамият бошқаруви органлари раҳбарлари эса ўзи ва бошқалар фаолиятининг қонунга қанчалик мувофиқлигини малакали белгилаб, аниқлаб берадиган ходимларга эга бўлади, бу масалалар билан шуғулланишни уларга ишониб топширади, айнан улардан қонуний ижросини сўрайди.

Бу мақсадларнинг ютуғи ва эртанги кундаги аҳамияти шундаки, биринчидан, рақобатбардош кадрлар тайёрлашга ҳар томонлама ҳаракат бошланса, иккинчидан ҳудудларда ҳам ушбу эҳтиёж ўша ҳудуд кесимида яратилган шарт-шароитлар асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ТДЮУ магистратурасига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари орқали қабул қилиш, базавий олий юридик маълумотга эга бўлган шахслар учун ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий, сиртқи ва кечки ўқитиш дастурларини жорий этилишининг ўзи қувонарли ҳолат, чунки бу тартибни кўплаб суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда фаолият юритаётган, иш ва таълимни бирга олиб боришни хоҳлаган ёшлар учун катта имкониятлар эшигини очди.

Базавий олий юридик маълумотга ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви марказий органларида юридик йўналиш бўйича камида беш йил иш стажига эга бўлган раҳбар ходимларни магистратурага ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий, сиртқи ва кечки ўқитиш дастурлари бўйича ўқиш учун қабулини тегишли давлат органининг биринчи раҳбари тавсиясига кўра, кириш тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида ва қабул параметрларидан ташқари амалга ошириш ҳам касб, иш ва таълим рағбатини янада оширади, ёш ходимларни ўзи ишлаётган маъмуриятга ва касбига нисбатан ишончини янада кучайтиради.

Юриспруденция” йўналиши бўйича бакалавриатни имтиёзли тугатган битирувчиларни ТДЮУ магистратурасига тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида, ўқиш қийматининг 50 фоизини тўлаб, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг ТДЮУ, юридик факультетлар, юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги лицейда камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини юклаган ҳолда қабул қилиш тартибини жорий этилиши ҳам нафақат Тошкент давлат юридик университетида, балки юридик факультетлар, юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги лицейда таълим сифатини оширишга, сифатли юридик кадрлар тайёрлашга, илмий салоҳиятни кўтаришга олиб келади.

Базавий олий юридик маълумотга эга, юридик техникумларда камида уч йил ишлаган педагог ва раҳбар ходимлар ТДЮУ магистратурасига кириш тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг тақсимот бўйича адлия органлари ва муассасаларида, биринчи навбатда, юридик техникумларда камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини олган ҳолда, кириш ҳуқуқига эгалиги бевосита юридик техникумларда ишлаётган ходимлар ва раҳбар кадрлар меҳнатини янада рағбатлантиради ва бу иш унумдорлигини оширишга, ёшлар билан ишлаш тизимини мустаҳкамлашга фақат ижобий таъсир кўрсатади. Чунки ТДЮУ ни битирган, аммо оиласи, касби нуқтаи назаридан бакалавр дипломи билан марказда ва вилоятларда қолган, вилоятларда жойлашган юридик техникумларда ишлаётган ёш ходимларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга хизмат қилади.

Хорижий олий таълим муассасалари билан тузилган келишувлар асосида қўшма таълим дастурларини амалга ошириш ҳамда ТДЮУ, юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицейда қўшма факультетлар ташкил этиш ва юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицейнинг қўшма таълим дастурларини ҳамда қўшма факультетларини тугатгандан сўнг ўқишни давом эттирган шахсларга берилган хорижий таълим муассасаларининг белгиланган шаклдаги дипломлари (бакалавриат, магистратура) Ўзбекистон Республикасида қўшимча маъмурий тартиб-таомилларсиз олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинади. Бу қоида ҳам юридик таълимда биринчи марта хорижий ОТМ лар билан қўшма таълим дастурлари ташкил этишни йўлга қўйиб, уни битирганларга катта имтиёз ва имконият бераяпти.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ТДЮУ қошидаги академик лицейнинг барча фанлар бўйича юқори натижаларга эга битирувчилари ТДЮУга кириш тест синовларисиз, якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали, тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари кириш ҳуқуқига эга. Бу тартиб келгусида Академик лицей обрўси ва нуфузини оширишга, у ерда ўқиш кафолатини мустаҳкамлашга, келгусида лицейга ҳужжат топширувчилар сони ошишига, энг асосийси, қабул параметрларидан ташқари кириш ҳуқуқига эга эканлигини кўрсатади.

Мазкур Фармон нафақат юридик таълим, балки юридик фанни ҳам ривожлантиришнинг янги ва концептуал масалаларини ишлаб чиқиш, юридик соҳада илмий салоҳиятни янги босқичга олиб чиқишга туртки бўлади.

Шуни яна таъкидлаб ўтишимиз лозимки, шифокорлар инсон соғлиги учун жавобгар бўлса, юрист ва ҳуқуқшунослар инсон ҳаёти учун масъул ва жавобгардир.

Демак, яқин келажакда фуқароларимиз ўзлари яшайдиган маҳаллада дейсизми, меҳнат қиладиган жамоаларида, илм ёки ҳунар ўрганадиган жойларида ҳам уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини илмий ва амалий тушунтира оладиган, ҳимоя ва тарғиб қиладиган, улар номидан иш кўришни малакали амалга ошира оладиган мутахассис кадрларларга эга бўладилар. Миллионлаб одамлар у ёхуд бу масала ечимини излаб идорама-идора ариза кўтариб сарсон бўлмайди, керак бўлса, ўзига ҳам билинмай бузилаётган ҳуқуқларининг ҳимоячисига эга бўлади.


Дилбар Мамаджанов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш