“93 йил нафас олиб, бирор марта шукрона айтмаган эканман...”

Умр – оқар сув, дейдилар. Нега шундай?..

 Ўйлаб қарасам, биз доим қаёққадир шошиб яшарканмиз. Уйдан ишга, ишдан уйга... доим яқинларимиз, ўзимиз учун вақт тополмаганимиз етмаганидек, ҳамма зарур ишларимизни ҳам ортга сураверарканмиз. Кейин, кейин... "Болам, сенга гапим бор эди", "Кейинрок гаплашайлик, шошиб турибман", "Ўғлингизни ўқитувчиси қўнғироқ қилди, фанларни ўзлаштиролмаётганмиш, бирга шуғулланинглар, деди", "Ўзинг шуғулланавер, мени вақтим йўқ"... Таниш гаплар, тўғрими?..

Доим вақтимиз йўқлигидан нолиб, шошиб, ҳеч нимага улгурмай яшарканмиз.

Карантинда дўппини бошдан олиб ўйлаб кўришга, ота-онамиз, рафиқамиз ва фарзандларимизга ҳам вақт ажратишга бемалол вақтимиз бўлди, деб ўйлайман. Умр йўлдошимизнинг биз учун тайёрлаган овқатларининг таъмию кўринишига эьтибор бермай, қўл телефонидан кўзимизни узмай, шошганча паққос туширарканмиз.

Ошхонада ҳақиқий санъат асари яратаётган аёлимизни кўриб, “борингга шукур”, дегимиз келди. Болаларимизнинг хурсандлиги, атрофимизда парвона бўлиши, ширин тиллари билан гапиришидан завқландик.

Бағри тўлиб, хурсандчилигидан дуолар қилиб ўтирган ота-оналаримизнинг кўзларидаги шукроналик, бахтни кўрдик.

"Нега шу пайтгача буларни қадрламаган эканман?", деб ўйланиб қолдик. Ҳа, карантин бизни, хусусан, мени ўзгартирди. Меҳрни, оқибатни ҳис қилдик. Назаримизда, табиат, атрофимиздаги олам ҳам ўзгарди. Эмин-эркин сайр қилиб юрган жониворларни, кўлларга қайтган оққушларни, осмонда порлаган юлдузларни кўриб кўнглимиз яшнади. Машина қуруми, завод, фабрикаларнинг тутунидан ҳоли бўлган тоза ҳавони тўйиб-тўйиб ҳидладик. Ўпкамизни тўлдириб нафас олдик.

Коронавирус билан оғриб, сунъий нафас олиш ускунасига уланган отахонга шифокор бу ускуна қиммат туриши, унинг кунлик нархини тўлаши кераклигини айтганида, отахон йиғлаб юборибди.

Кейин бу ҳолатни бошқача тушунган шифокорга қараб, шундай изоҳ берибди: "Тўлашгаку пул топилади. Лекин мен 93 йил ўпкам билан беминнат нафас олиб, бунинг учун бирор марта шукрона айтмаган эканман".



Мирзаолим Олимов

 
← Рўйхатга қайтиш