Синовли кунларни сабот билан енгган қаҳрамонимизсиз!

 

Халқимиз она Ватанимизни босқинчилардан ҳимоя қилган, бугунги фаровон кунларимиз учун жон олиб, жон берган қахрамонларни ҳеч қачон унутмайди. Уларнинг хотираси қалбларимизда мангу яшайди. Ҳаёт бўлганларини эъзозлаш ва қадрлаш эзгу анъанага айланиб улгурган.

Оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримиз, фронт ортида оғир кунларни сабр-бардош, минг машаққат ва меҳнат билан енгиб келган отахон ва онахонларимиз олдида ҳамиша қарздормиз. Ушбу бешафқат урушда кўксини қалқон қилиб, ҳалок бўлган ярим миллиондан зиёд юртдошларимизнинг хотираси ҳар доим биз билан бирга.

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳар “Писанди” МФЙда истиқомат қилаётган уруш қатнашчиси Омон Бобоев ўша унутилмас қора кунларни ҳар гал ёдга олганида, ана шундай тинч, осойишта, фаровон кунлар учун кўп шакроналар айтади. Куни кеча ЎзХДП Шаҳрисабз шаҳар кенгаши ходимлари совға-саломлар билан отохоннинг ҳолидан хабар олиб, у билан узоқ суҳбат қуришди.

7 нафар фарзандим, 30 дан ортик набираларим бағрида эъзоз- эҳтиромда, қарилик гаштини суриб келаяпман, – дейди Омон бобо. – 1925 йилда, адашмасам қовун пишиқчилиги даврида туғилганман. Эсимни таниган пайтлари одамлар очарчиликда, қаҳатчиликда кун кечирар эди. Бир бурда қора нонга зор эдик. Шукр, бугунги тўкин-сочин замонларни ҳам кўриш насиб қилди, бахтиёрлигимни, кўз ёшларимни яшира олмайманда. Уруш даврида ҳам одамларимиз очликдан кўп қийналган. Ҳамма топган-тутганини фронтга жўнатган. Бир бурда нон ва 4 дона қанд учун 17-18 соатлаб меҳнат қилишган. Урушдан қайтганимдан кейин, оила аъзоларим бу ҳақида гапириб беришган. Кейин ҳам осон бўлмаган. Мамлакатни оёққа турғизиш учун кўп меҳнат қилдик. Тинчлик бўлса ҳаммаси топилар экан, шукрки, ҳаммаси ортда қолди. Бугунги фаровон ва ҳамма шароитлар бор кунларга етказганига шукр.

Отахоннинг ҳовлисига назар ташлар эканмиз, томорқада бўш ерлар йўқлиги, бир-биридан чиройли ниҳоллар парвариш қилинаётганлиги барчамизни хурсанд қилди. Отахон фарзандлари-ю, набираларига ердан унумли фойдаланишни, экинлардан яхши ҳосил олишни ўргатиб келмоқда.

Хонадонларимиз файзи бўлган кексаларимиз, отахону-онахонларимиз бор бўлсин! Умрингиз узоқ бўлсин Омон бобо!


Дилшод Ёров,

ЎзХДП Шаҳрисабз шаҳар кенгаши раҳбари.

← Рўйхатга қайтиш