75 нафар ёшлар ва хотин-қизлар бандлиги таъминланди

 

БМТнинг дастлабки ҳисоб китобларига кўра коронавирус пандемияси туфайли карантин тартиблари жорий қилиниши натижасида бутун дунё бўйлаб тахминан 1,6 миллиард аҳоли ишсиз қолиши мумкин экан.

Шу шароитда ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларга қулай меҳнат шароити яратиб бериш жуда муҳим масала. ЎзХДПнинг жойлардаги депутатлик гуруҳлари ва ташкилотлари, ёшлар қанотлари фаоллари билан ҳамкорликда бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгаши депутати Муҳсиддин Низомиддин ташаббуси билан ҳудуддаги “Тошбулоқ”, “Ойдин”, “Файзобод”, “Саид-ота” маҳаллаларида ишсиз ёшлар ва хотин-қизларнинг 55 нафари “Ilhom-Boburjon fayz” фермер хўжалигига мавсумий ишга жалб қилинди. Улар учун кунлик тўлов миқдори ҳам оилалари таъминоти учун етарли миқдорда белгиланди.

Халқ депутатлари Бўстонлиқ тумани Кенгаши депутати Абдуҳаким Абдуллаев “Паргос” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кам таъминланган, кўп фарзандли 12 оилага озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатди. Депутат ўзи раҳбарлик қилаётган “Yalang’och g’isht zavodi” масъулияти чекланган жамиятига 14 нафар маҳалладаги ёшларни доимий иш билан таъминлади.

Ўрта Чирчиқ туман Кенгаши депутатлари – Феруза Бабашева ҳамда Алтинай Тадженова ташаббуси билан туманнинг «Йўнғичқоли», «Ким Пен Хва», «Фаровон» маҳаллаларидаги 5 та эҳтиёжманд оиланинг таморқасига туман меҳнат бўлими билан биргаликда иссиқхоналар қуриб берилди. Шунингдек, ушбу ҳудуддаги 6 та кам даромадли оилада яшовчи ёшлар ва хотин-қизлар «Асадбек орзу файз» фермер хўжалигига мавсумий ишга жалб этилди.

Бу каби ишлар барча ҳудудларда давом эттирилмоқда.


Равшан Хомитов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири

← Рўйхатга қайтиш