Масофавий мулоқотлар ёхуд кўнгиллар кўришганда…

 

...Дарҳақиқат, шу кунларда кўнгиллар уйғонган. Телефон, телеграм, умуман, ижтимоий тармоқлар орқали учрашувлар, суҳбатлар кўпайган. Карантин кунлари уйда ўтирсакда, масофадан ишлаб, бир-биримизга кўпроқ яқин келаяпмиз, кўпроқ талпинаяпмиз.

Вақт шиддат билан ўтаётган, ҳеч бир иш сизни кутиб турмайдиган ҳозирги тезкор вазиятда бу иш услуби ўзининг самарасини бермай қолмаяпти.

Албатта, кўпчиликни ҳозирги шароитда Олий Мажлис депутатлари қилаётган ишлар ҳам қизиқтиради. Бу табиий. Чунки депутатлар халқ вакиллари, улар ўз сайловчиларининг қувонч-ташвишлари билан яшамоғи шарт.

Олий Мажлис фаолияти ҳам масофадан видео конференция шаклида олиб бориляоқда. Биз депутатлар ҳам, бир лаҳза бўлсин, сайловчиларимиз ҳаётидан узилганимиз йўқ, улар билан масофавий мулоқотдамиз. Ўзимиз ҳам фурсатдан фойдаланиб, ўз устимизда ишлаб, билимларимизни бойитиш мақсадида изланмоқдамиз. Зеро, қабул қилинаётган қонунлар халқчил, яшовчан бўлмоғи учун, уларга ўз таклиф-мулоҳазаларини билдираётган депутатнинг ҳам фикрлари илғор бўлиши керак.

Шунингдек, жонажон мамлакатимизда амалга оширилаётган тарихий ислоҳотларга, қизғин жараёнларга муносабатимиз, телевидение, радио, ОАВда, парламент ва фракциямизнинг сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида мунтазам бериб борилмоқда. Бу янгиликлар сайловчиларга ҳам етказилиб, улар билан доимий фикр алмашинуви йўлга қўйилган. Сўзларимиз қуруқ бўлиб қолмаслиги учун мисоллар келтираман.

Ўзим сайланган Узун туман ҳокимлиги телеграм каналига, туманнинг “Боботоғ тонги” газетасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига аъзоман. Бу каналлар ва телефон орқали сайловчиларим билан суҳбатлашиб тураман. Уларнинг ҳаётларига ҳамнафаслигимдан, кичкина бўлсада, бирон муаммосини ҳал қилиб ёрдам бераётганимдан, таъбир жоиз бўлса, баъзида “қозонига ёғ тўлиб, ўчоғига ўт ёнишига” сабабчи бўлаётганимдан ҳурсандман.

Мисол учун айтсак, Узун туманининг қўшни Тожикистон билан чегарадош узоқ Боботоғ ҳудудида 15 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Карантин туфайли йўллар ёпилиб, ун озиқ-овқат танқислиги вужудга келган экан. Биз маҳаллий ҳокимлик билан ҳамкорликда шу куннинг ўзидаёқ 9 тоннага яқин ун етказиб бердик.

Бундан ташқари, доимий ишлаб турадиган арзон озиқ-овқат кўчма бозори ташкил қилинди. Кимдир кредит, ер олишда, яна кимдир электр таъминоти муаммолари бўйича мурожаат қилади. Уларга амалий ёрдам қўлини чўзамиз. Энг муҳими, одамларнинг ташвишига шерик бўлиб, уларни ўз муаммолари билан ёлғиз қўймасдан, оғирини енгил қилишда озми-кўпми нафимиз тегиб ўтаётган кунлар учун шукрона келтирамиз.

Депутатнинг бўш вақти бўладими? Мен кечқурунлари дам олиш соатларида, айниқса, шу кунларда китоб ўқишга кўпроқ эътибор бераяпман. Турсуной Содиқованинг “Ҳаёт тилсими”, Тоҳир Маликнинг “Одамийлик мулки” асарларини мутолаа қилдим. Донишмандлар айтганидек, китоб инсоннинг энг яқин дўсти, у фаолиятимизда ютуқлар омили, ҳаётимизга эса нур-зиё олиб киради.


Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш