Ҳамма вазифани ўқитувчига юклаб қўйиш нотўғри

 

Таълим соҳасидаги ўзгариш ва ислоҳотларни инобатга олган ҳолда, қонунларни такомиллаштириш зарурати юзага келган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қўмита ва фракцияларда ўрганиб, таклифлар билан бойитиб борилмоқда.

Лойиҳада педагог ходимларни уларнинг лавозим вазифаларига боғлиқ бўлмаган ҳар қандай бошқа ишга жалб қилиш тақиқланиши киритилган бўлса, фракция томонидан эса ушбу моддага педагог ходимларни уларнинг лавозим вазифаларига боғлиқ бўлмаган ҳар қандай бошқа ишга жалб қилиш ва таълим жараёнига боғлиқ бўлмаган вазиятларда ўқувчининг хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликка тортиш ёки интизомий чоралар кўриш таъқиқланади, деган нормалар билан тўлдириш таклиф этилди.

Ушбу норманинг киритилиши ўқитувчиларнинг шаъни ва обрўсини оширишга ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга жуда катта ҳисса қўшади. Таълим ва тарбияни бир-биридан ажратиб бўлмайди, ўқувчига тарбия бериш, ёш авлодни маънавий юксалтиришга қаратилган вазифалар ҳар доим ҳам актуал бўлиб қолаверади.

Бироқ жамиятда шундай иллатлар ҳам борки, таълим жараёнидан ажралган вақтда ҳаттоки ёзги таътил вақтида ҳам ўқувчи томонидан содир этилган хатти-ҳаракатлар учун синф раҳбари, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, директордан тортиб туман раҳбарларигача интизомий чораларга тортилиши ҳам учраб турибди.

Қонунга таклиф этилаётган меъёрлар орқали меҳнат фаолияти бўйича хизмат вазифаларини аъло даражада бажараётган фидоий педагогларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эришилади.

Шунингдек, қонун лойиҳасида педагог ходимларнинг мажбуриятлари этиб, таълим олувчиларнинг руҳий ўзига хос хусусиятларини ва соғлиғининг ҳолатини, жисмоний ривожланишини ҳисобга олиши, руҳий ва жисмоний имкониятлари чекланган шахсларни ўқитиш учун шарт-шароитлар яратишга эътибор қаратиш вазифалари юклатилмоқда.

Фракциямиз аъзоларининг фикрига кўра, руҳий ва жисмоний имкониятлари чекланган шахсларни ўқитиш учун шарт-шароитлар яратиш тушунчасини ҳамма ҳар хил тушуниши мумкин. Бу педагогнинг вазифасига кирмайди.

Таълим олувчиларнинг руҳий ўзига хос хусусиятлари ва соғлиғининг ҳолатини, жисмоний ривожланишини ҳисобга олиш, руҳий ва жисмоний имкониятлари чекланган шахсларни ўқитиш учун психологик муҳитни яратиш вазифасини киритиш таклиф этилди. Ушбу меъёр орқали ўқитувчининг вазифа ва мажбуриятларини аниқ белгилашга эришилади.


Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш