“Уруш даврини эсласам, сесканиб кетаман...”

 

Иккинчи жаҳон урушида юрт ҳимоясига кўксини қалқон қилган ва бугунги кунда ҳам Ватан обрў-эътиборини оширишга, ёш авлодни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган кекса авлод вакиллари ҳамиша эъзозда.

Фашизм устидан қозонилган тарихий ғалабага 75 йил тўлди. Бу катта давр. Албатта, ҳаётнинг ўз қонунлари бор. Урушдан сўнг 30 мингга зиёдроқ бухоролик жангчилар она юртига қайтиб келган эди. Бугунги кунда Бухоро шаҳрида уларнинг 12 нафари ҳаёт.

Хотира ва Қадрлаш куни арафасида 103 ёшга тўлган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Бухоро шаҳрида яшовчи Аҳмад Ғуломов хонадонига Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро шаҳар кенгаши раиси Робия Казимова ҳамда ЎзХДП рўйхати асосида сайланган вилоят кенгаши депутатлари ташриф буюрди. Уй тўрида кўкси ордену медалларга тўла отахондан ҳол-аҳвол сўралиб, унга партия номидан совғалар берилди.

Хурсандчиликдан кўнгли тоғ нуроний отахон шукрона сўзлар айтди. Уруш даврининг азобу уқубатларини, ўзи бошдан кечирган воқеаларни эсга олди.

Уруш даврини эсласам, сесканиб кетаман, кўнглим бузилади, дейди Аҳмад бобо. Ҳаммаси даҳшатли. Биз урушни кўрдик, сизлар кўрманг. Мен ҳар куни дуога қўл очиб, тинчлигимиз барқарор, ҳаётимиз янада зиёда бўлишини Яратгандан сўрайман. Эътибор ва эъзоз учун барчадан миннатдорман. Айниқса, партия фаоллари ва депутатлар биздан хабардор. Яқинда депутат Акбар Фазилов муаммоларимизни ўрганиш учун келиб, уйимни таъминлаш учун 10 миллион сўм эҳсон қилди. Саховатли инсонлардан доимо миннатдорман, барака топишсин.

Бухоро шаҳрида яшовчи Ҳабиб Валиев ҳам 96 ёшда. 1943 йилда бир хонадондан уч киши ота, ўғил, амаки урушга жўнайди. Курск, Белоруссия, Польша, Чехословакияни озод қилишда иштирок этади. Уруш тугагач, Япон урушида ҳам қатнашиб, 1948 йилда уйга қайтади. Уруш шафқатсиз. Отахоннинг қанчадан-қанча сафдошлари ҳалок бўлди. Ўзи эса бир неча бор яраланди, даволангач, яна қўлига қурол олди. Урушдан сўнг узоқ йиллар ҳалол меҳнати билан оила тебратди.

Урушга кетганимда 20 ёшли йигит эдим, дейди бобо. Беомон жанглар бўлди. Кўп қурбонлар берилди. Ҳаёт завқини билмаган не-не азамат ёшлар нобуд бўлди. Мен бир неча бор яраландим. Лекин даволаниб юрт учун яна жангчилар сафидан ўрин олавердим. Ғалабага эришиш осон бўлгани йўқ. Аммо юртни босқинчиларга бериб қўймаганимизга шукр қиламан. Шукрда ҳикмат кўп.

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши вакиллари 98 ёшли Ҳабиб бобонинг хонадонига бориб, уни байрам билан қутлади ва совға-саломлар топширишди.

Шукрки, фарзанду невараларим, маалла-куй, қўни-қўшнилар атрофимда парвона, – дейди Ҳабиб ота. – Шифокорлар ҳолимдан хабардор. Рўзғорда, дастурхонда ҳаммаси етарли. Илоҳим, ҳаётимизга кўз тегмасин. Биз, кексалар давлатимизнинг доимий эътиборини кундалик ҳаётимизда сезиб турибмиз.

Шу куни партия вакиллари уруш фахрийси Алия ая Аҳмедова хонадонида ҳам бўлишди. Аслида Россиянинг Олтой ўлкасида туғилган онахон уруш даҳшатларини ўз бошидан кечирган. Ҳамшира бўлгани боис ярадорларни даволаш ишига жалб этилган. 1946 йилда ҳарбий бўлган турмуш ўртоғи билан Ўзбекистонга келади.

Ҳар куни қанчадан-қанча ярадор келар эди. Кимдир оёғидан, кимдир қўлидан айрилар эди. Уларнинг кўзларидаги мунглик, ичидан отилиб чиқиб, бўғзида тиқилиб қолган доду-фарёдларини кўриш даҳшат эди. Оғриқдан қийналиб ётган минглаб аскарларга таскин берардик. Қўлимизда жон берганлар ҳам бўлган. Улар ҳаётга ташна эди, онасига, ёрига берган қайтиб бориш ваъдасини бажара олмагани учун кўзи очиқ кетарди. Ана шундай воқеаларга ҳар куни кўп гувоҳ бўлардик. Ҳозир ўша пайтларни эсласам, вужудим титрайди. Энди ҳеч кимнинг бошига шундай кунлар тушмасин! Тинчлигимиз абадий бўлсин, – дея кўзига ёш олди Алия ая.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларини шарафлаш давом этмоқда.

 

Шаҳло Бақоева,

журналист.

← Рўйхатга қайтиш