“Ўзбекистондан борган аскарларнинг шиори барча жангчиларни руҳлантириб турарди”

 

Яқин ўтмишимиздаги Иккинчи жаҳон уруши йилларида жуда катта йўқотишлар бўлди. Халқимизнинг мард ва жасур фарзандларининг жасорати тарих саҳифаларида абадий муҳрланиб қолади.

Ватан учун жонини фидо қилган, шу кунларда орамизда яшаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг холидан хабар олиш ва ёшларга тинч ва фаровон кунларнинг қадрига етишини тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутатлари, фаол ёшлар, партия тарғиботчилари ХОТИРА – МУҚАДДАС, ҚАДР – АЗИЗ шиори остида уруш қатнашчиларидан кўнгил сўраяпти.

Куни кеча партия фаоллари Чирчиқ шаҳрида яшовчи 5 нафар уруш иштирокчиларининг хонадонлари бўлди.

Маълумот учун шуни айтиш керакки, шу кунларда Тошкент вилоятида 84 нафар уруш иштирокчилари умргузаронлик қилмоқда. Урушда аёллар ҳам эркаклар билан елкама-елка туриб, фронтда қатнашган. Ана шундай мард ва жасур 11 нафар аёл Тошкент вилоятида фарзандлари ва неваралари эъзозида ҳаёт кечирмоқда.

ФАҚАТ ҒАЛАБАНИ ЎЙЛАГАНМАН

Партиямиз масъул ходимлари уруш қатнашчилари билан юзма-юз суҳбатлар чоғида фахрийлар дунё халқлари бошига мусибат солган машъум уруш, ўша оғир кунларни матонат билан енгиб ўтган ота-боболаримизнинг енгилмас иродаси, чексиз матонати ҳақида сўзлаб берди.

Чирчиқ шаҳрида истиқомат қилувчи шу кунларда 94 ёшни қаршилаган Колосов Григорий Алексевич урушда қаҳрамонлик кўрсатган аскар эди.

Григорий АЛЕКСЕЕВ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси:

Урушга борганимда энди 17 ёшларимда эдим. Албатта, ўқ отишни, танк ҳайдашни билмаганман. Бироқ тез фурсатда уни ўрганиб олдим. Руминия ҳудудларидаги жанг менга оғир келди. Кўп жойларимдан яраландим. Бироқ тезда соғлигимни тиклаб, яна жанг майдонига отланардим.

Бугунги ҳолат ҳам аслида урушдек гап. Бу йилги Ғалаба кунини уйда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда қарши олаётганимдан хафа эмасман. Муҳими, юртимизда тинчлик бўлсин!

 

АСИРГА ТУШГАН ҚИЗ ҚИСМАТИ

1920 йил 30 июлда Тошкент шаҳрида туғилган Камаева Юлия Васильеана 1941 йила Тошкентдаги тиббиёт олийгоҳида учинчи курсда ўқиётган эди. Уруш бошланди-ю, ёш қизалоқнинг олам-олам орзуси саробга айланди. Орзуларини уруш ўз исканжасига тортди. Чунки, Юлия Васильеана фронтга сафарбар қилинди. У тиббий ходим сифатида яраланган аскарларнинг соғлигини тиклаши, уруш ўчоғидан аскарларни омон сақлаши керак эди. Ўз касбига содиқ бу ходим тиним билмай меҳнат қилди. Минглаб аскарларнинг ҳаётини сақлаб қолди. Кунларнинг бирида тўсатдан душман томони ҳужумга ўтиб, Юлия хизмат вазифасини бажараётган тиббиёт биносини ҳам қуршовга олди. Шунда у асирга олинган.

Асрлик қисматимни эслашни хоҳламайман, у ерда кўрган азоб ва қийинчилигимни фақат ўзим биламан, — дейди Юлия Васильеана. – Инсон бошига тушса чидар экан. Бошимизга не азоб-уқубатлар тушмади. Қанчаси кўз олдимизда жон берди. Соғ қолишимнинг ўзи бир бахт бўлса керак. Бу бир мўжизадир.

1947 йил Тошкентга, сўнгра Чирчиқ шаҳрига кўчиб келган ушбу қаҳрамонимиз узоқ йиллар тиббиёт ходими сифатида халқ саломатлиги йўлида меҳнат қилди.

Ҳар куни телевидениядаги янгиликлардан хабардор бўлиб бораман. – Юлия Васильеана. – Йил бошидан буён бутун дунё аҳолиси соғлигига таҳдид бўлаётган пандемияга қарши жуда катта ишлар олиб борилмоқда. Касалликни жиловладик ҳисоб. Яна бир офат – Cардоба сув омборида рўй берган фалокат ҳам халқимиз қисматида бор эканда. Фақат сабр-қаноат, ҳамжиҳатлик билан бу бало-қазоларни енгамиз.

ЭСЛАШНИ ИСТАМАЙМАН...

Кимдир яқинларини йўқотган, кимдир соғлиғини бой берган, қайси бир аёл ёлғизликка гирифтор бўлган, уруш хотиралари орадан 75 йил ўтган бўлсада тинчлик бермайди, — деди уруш қатнашчиси Аклима Шайхутдинова. — Касбим шифокор бўлгани учун 1944 йил фронтга юборишди. У ерда минглаб тенгқурларим билан жанг майдонларида ярадор бўлган аскарларимизни насилкада пунктимизга ташир эдик. Бирови қўлидан, оёғидан, танасининг маълум бир қисмидан айрилган. Уруш қурбони билан ёнма-ён ухлардим, қон кўлмакларини ҳам кўрганман, қордаги қоннинг ўткир ҳиди ҳамон димоғимдан кетмайди… Буларни гапираяпману кўнглим оғрияпти… Дастлабки кунларда ўзимга келишим жуда қийин кечди. Тонг саҳаргача халок бўлган аскарлар жасади кўз ўнгимдан кетмай, қўрқувдан мижжа қоқмай чиқардим. Кечаси уйғониб кетиб, кўзларимни очиб ётардим. Аммо бора-бора қаҳримиз қаттиқлашиб кетдими дейман. Эслашни истамайман...

Мен уруш тугугандан сўнг, 1946 йил Ўзбекистонга келдим. Сўнгра Чирчиқ шаҳрида доимий қўним топдим. Ўқишни давом эттирдим. Қарийб 40 йил ишладим. Касбимни жуда севиб ишладим...

Онахон бугун маҳалла, ёшлар, яқинлари ҳурматида умр кечирмоқда.

БРЕСТ ҚАЛЪАСИДАГИ ЖАСОРАТЧИ

– 1941 йил Фарғона вилоятида меҳнат қилиб юрган эдим, – дейди уруш қатнашчиси Жучков Василий Михайлович. – 1942 йил уруш энг авжига чиққан, меҳр-шафқат каби тушунчалар, келишувлар ҳақида бутунлай ўйлаш мумкин бўлмаган давр эди. Ҳаттоки, биз томон мағлуб бўлаётган эди. Эртанги кун келажагимиз қандай бўлиши бутунлай қоронғу эди. Шундай вақтда фронтга отландим.

Уруш майдонида чинакам жасоарт ва матонат кўрсатган қаҳрамонимиз кўплаб душманларни мағлуб қилди. Брест, Смо­ленск, Киев, Одесса, Севастопол ва Ленинграднинг ҳимояси учун фашистлар билан жанг қилди. Ҳаттоки Берлингача боради. 

Чегарада жойлашган Брест қалъасининг 50 дан ортиқроқ миллатга мансуб жангчилари ичида мен ҳам бор эдим, – дейди Василий Михайлович. – Қалъа ҳимоячилари билан елкама-елка туриб, душманнинг катта кучларига қарши қарийб бир ой давомида жанг қилдик. Ўзбекистондан борган аскарларнинг шиори барча жангчиларни руҳлантириб турарди. Шу пайтггача бирор кишига айтмаган эдим. Бу шиор: “Охирги жонимиз қолгунча курашамиз, таслим бўлмаймиз. Ватанимиз биз учун муқаддас, у ерда онамиз ва синглимиз бор”. Бу сўзларни мудофаа деворига катта қизил харфлар билан ёзиб қўйган эдик. Бу сўзлар сафдошларимизни руҳлантириб турарди.

ТАНКЧИ АСКАР ЖАСОРАТИ

1926 йил туғилган Кудинов Николай Иванович танк кўшини таркибида Белорусия, Украина ерларида жасорат кўрсатган.

Маълумки, танк хизмати уруш майдонида ҳал қилувчи кучлардан бўлган. Шундан бўлса керак, бизнинг гуруҳни биринчилардан бўлиб жанг майдонидаги душман томонга сафарбар қилишар эди, – дейди қаҳрамонимиз Николай Иванович. – Биласизми, биз жанг қилган пайтлари асосан душман томонидан босиб олинган ҳудудларни ёвуз кучлардан халос қилишга тўғри келар эди. Шунда танк қўшинларига энг хавф туғдирадиган жиҳат бу миналаштирилган ҳудудлар эди. Бир куни хизматдошларим билан душман томонга қараб бораётган эдик, тўсатдан мина ҳудудига тушиб қолдик, бир зумда ҳамма жой остун-устин бўлиб кетди. Охирги кўрган нарсам сафдошимнинг бўлакларга бўлиниб кетгани бўлди. Орадан қанча вақт ўтганини билмайман, лекин кўзимни очиб қарасам, шифохонада эканман. Оёғим, қўлим жуда кўп зарарланган эди. Бироз вақт ўтгач яна жанг майдонига кетдик, кейинчалик сафдошларим “сизларнинг танкингизда бирон киши омон қолмаган бўлса керак, деб умидимизни ҳам узиб қўйган эдик”, деб эслашди. Жанг майдонида қанчалик қаҳрамонлик кўрсатиш керак бўлса, биз тайёр эдик. Бошимиздан анча оғир кунлар ўтди. У кунларни кўп эслагим келмайди, чунки уруш туфайли яқинларимни, дўстларимни йўқотдим...

Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг оламшумул тарихий аҳамияти шундаки, у дунёдаги кўплаб халқларни зўравонликдан, қулликдан, зулмдан озод этди, ривожланиш учун, иқтисодий ва маънавий тараққиёт учун йўл очиб берди.

Мамлакатимиз ривожланиб, халқимиз бахтли яшасин”, деб қўлларини дуога очаётган отахон ва онахонлар чеҳрасида қандайдир хикмат бордек туюлади.

 

Равшан Хомитов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

← Рўйхатга қайтиш