Номингиз қалбларда мангу яшайди!

 

Хотира азиздир, қадр муқаддас. Бугунги дориломон кунлар учун курашган ватандошларимиз қалбимизда мангу яшайди. Жанггоҳларда жон берган юрт ўғлонларининг номини халқимиз ҳеч қачон унутмайди. Бугун орамизда ҳаёт бўлганларининг қадри, қадди осмон қадар юксак ва баланддир.

Хотира ва қдарлаш куни муносабати билан жойларда хотирлаш ва қадрлашдек эзгу анъана янада кенг қулоч ёйди. Партиямиз фаоллари ва депутатларимиз ҳам урушда қаҳрамонлик кўрсатган юртдошларимиз, кексаларимиз, меҳнат фахрийларимиз ҳолидан хабар олиб, уларга байрам совғаларини топширмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши ташаббуси билан бугун Урганч шаҳридаги иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олинди. Халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгаши депутати Қаҳрамон Адамбоев ҳомийлигида уларга байрам совғалари тақдим этилди.

Шаҳардаги “Хонқа” кўчаси, 90-уйда яшовчи Джаббор ота Қаландаров қарийб 100 ёшни қаршиламоқда. Джаббор ота билан ўша машъум даврлар ёдга олинди. У кишининг ҳикоя қилишича, душманларга қарши жангда ўнг оёғидан ўқ тегиб жароҳатланган бўлишига қарамасдан яна жангда давом этиб, душман аскарларини ер тишлатган. Унинг кўксига қадалган нишонлар бундай жасоратларнинг яққол ифодасидир.

Худди шундай жасорат кўрсатган воҳадошларимиздан яна бири Урганч шаҳридаги Наманган кўчаси, 10-уй, 13-хонадонда яшовчи Собир ота Қурбанов. Собир ота ҳам уруш даврида кечирган қийинчиликлари-ю, тенгдошларининг катта кўпчилиги жангдан қайтмаганликларини афсусланиб эслади.

Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Қаҳрамон боболар билан суҳбат асносида халқимиз оғир кунларни сабр-бардош билан енгиб ўтгани, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаганига яна бир бор амин бўлдик.

Шу куни Урганч тумани Ғойбу қишлоғи “Шохидонлар” маҳалласида истиқомат қилувчи Улуғ ватан уруши қатнашчиси Жуманиёз ота Бекметов хонадонига ҳам ташриф уюштирилди. Жуманиёз ота ўтмишнинг оғир даврлари ҳақида сўзлаб берди. Тинч, осуда ҳозирги замонимизнинг қадрига етиш, мамлакат тараққиёти учун ҳалол меҳнат қилиш бўйича панд-насиҳатлар берди.

Сиз уруш қатнашчиларидан бугунги мусаффо осмон, тинч ва осойишта ҳаёт учун миннатдормиз!


Мўътабархон Султанова,

Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши сектор мудири.

← Рўйхатга қайтиш