Халқ депутатлари Навоий вилоят кенгаши депутатлари “Хотира – муқаддас, қадр - азиз” акцияси доирасида воҳамизда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашлари хонадонларига ташриф буюриб, байрам билан табриклашди.
Карманалик Пирназар бобо Турдиев орадан 75 йиллик вақт ўтган бўлса-да, урушнинг оқибатларини сира унутмаган.
– Сталинградда ёв билан жанг қилганимиз ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди, – дейди отахон. – Кеч тушиши билан ўрмонга немис десантлари тушиши ҳақида огоҳлантирилдик. Қисмдан махсус жангчилар ажратиб олинди. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Биз шох-шаббалар орасига яшириниб олдик. Бир оздан сўнг тепадан душман аскарлари туша бошлади. Шундан сўнг аёвсиз жанг бошланди... Бизнинг қўлимиз баланд келаётган эди. Тўсатдан қаршимда немис йигит пайдо бўлди. Немисчалаб нималар деди, аммо тушунмадим. У жони ширинлик қилиб, ҳали кумуш соати, ҳали миттигина тўппончасини менга берарди. Шу пайт рус аскарлари яъни шерикларим етиб келди. Улар немисни тепкилашди. Беларусь ўрмонларидаги жангда биз қуршовга тушиб қолдик. Ўрмон четига яшириндик. Озиқ-овқат йўқ. Барчамиз очмиз. Командиримиз дурбин билан ҳар бир нуқтани кузатар, ёрдамни кутарди. Иккинчи куни самолётимиз кўриниб қолди. Шунда биз ўт ёқдик. Биримиз байроқ кўтардик. Самолёт пастлаб учиб, халталарда бизга нон ташлади. Аскарлар очлигидан нонга ёпишиб кетди. Кечки пайт командиримиз буйруғи асосида жанубга, сафдошларимиз душманга зарба бераётган томонга юрдик. Эсон-омон қисмга қўшилиб олдик...
Жангларнинг бирида оғир яраландим. Қўлимдан оғир жароҳат олдим. Қон томирим узилиб кетган. Мен ҳушимни йўқотганимдан сўнг госпиталга олиб келишган. Шифокорлар қон томиримни улаган. Ҳушимга келганимда бошимни теппасида оқ халатли бир қиз ўтирарди. Унинг исми Зоя эди. У менга жуда меҳр билан қаради. Зоя менинг ҳаётимни сақлаб қолган десам муболаға бўлмайди. У менга 50 кун қаради.
Пирназар бобо қирғирбарот йилларда бошидан кечирган машаққатларни эслар экан, у кунларнинг ёди оғриқли эканини айтди. Бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиш, доимо шукр қилиб яшаш кераклигини таъкидлади.
Пирназар Турдиев урушдан кейинги йилларда ҳалол ва самарали меҳнат қилиб, мамлакатимиз иқтисодиётини қайта тиклашда фаол иштирок этди.
Кун давомида Ватанимиз тараққиёти ва келажаги йўлида кўрсатган жасорати, юксак хизматлари ҳамда бугунги ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ўрнак бўлиб келаётган Пирназар бобо сингари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Ялла бобо Равшанов, Тўқсон бобо Тўраев, Мажид бобо Халиловларнинг меҳнатлари эътироф этилиб, уларга эсдалик совғалари берилди.
Хуршида Нарзиева,
ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши масъул ходими.