Синовлардан мардонавор ўтаётган халқимиз етук жамият қуришга қодир

 

Шу йили юртимизда кетма-кет рўй бераётган офатлар ҳаётимизнинг барча жабаҳаларига салбий таъсири ва оқибатлари тўғрисида оммавий ахборот воситаларида турли хил фикрлар билдирилмоқда. Албатта, ҳар бир давлатда рўй бераётган офатлар ундаги ҳаёт тарзини тубдан ёмон томонга ўзгартириб, мамлакатда чуқур инқирозлар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Лекин, шу билан бирга, оғир фожеалардан сўнг маълум давлатлар ривожланиб кетгани ҳақида мисоллар оз эмас. Ўрта асрларда “қора ўлим” деб аталмиш вабо касаллиги тарқалиши бутун Европа ҳаётини тубдан ўзгартириб, унинг ривожланишига замин яратган деган қарашлар ҳам бор. Хиросима ва Нагасаки фожеаси ҳамда урушдаги мағлубиятдан сўнг Япониянинг ривожланиши, урушдан сўнг яксон бўлган Германиянинг тикланишини мисол сифатида келтириш мумкин.

Мазкур давлатларнинг оғир талофатдан кейин тезликда тикланиб олиши ва юксак ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олишига хизмат қилган асосий омиллар жамиятнинг етуклиги ва самарали бошқарувдир.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бугун ватанимизни оғир ташвишга қўйган коронавирус пандемияси, шамол ва сув офатлари фуқаролар ҳаётига хавф солиш билан бирга, биринчи навбатда, давлат бошқаруви самарадорлиги ҳамда жамиятимизнинг етуклигини жиддий синовдан ўтказмоқда.

Эътироф этиш керакки, мураккаб вазиятда мамлакатимизда рўй берган офатлар оқибатларини бартараф этиш бўйича тезкор ва тўғри қарорлар қабул қилиниши, кенг қамровли ишлар катта уюшқоқлик билан ташкил этилиши давлатимиз раҳбари бошчилигида самарали бошқарув тизими шаклланаётганини кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан ўз вақтида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими, ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилувчи идоралар фаолиятини ислоҳ этишга эътибор қаратилиши синовли кунларда жуда катта талофатларнинг олдини олишда муҳим аҳамияга эга бўлди, деб ўйлайман. Масалан, коронавирус пандемияси билан курашишда, карантин чораларига риоя этилишига эришишда асосий оғирлик ушбу соҳалар зиммасига тушди. Айтиш керакки, бу икки тизим оғир ва масъулиятни вазифани шараф билан уддалашмоқда.

Шунингдек, "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" Давлат дастурида давлат органлари, идоралар, барча корхона ва ташкилотларга "рақамли иқтисодиёт", замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Бугунги кунда карантин шароитида барча соҳаларда масофадан ишлаш талаб этилаётган вақтда бу вазифаларнинг долзарблигини ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 сентябрдаги қарорига асосан қурилиш тизимида "Коррупциясиз соҳа" лойиҳасини амалга ошириш ва шаффофликни таъминлашга қаратилган қатор вазифалар белгилаб берилди. Шу орқали маблағларни самарали ишлатиш, қурилишда паст сифатли материаллардан фойдаланмаслик, қурилиш ишларига соҳанинг мутахассиси бўлмаган ходимларни жалб қилиш амалиётига чек қўйиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил парламентга Мурожаатномасида ҳам қурилиш соҳасидаги коррупцияни бартараф этиш шартлиги таъкидланди. Бу ишларни самарали олиб бориш нечоғлик муҳим эканини Бухоро ва Сирдарё вилоятларида рўй берган фожеалар кўрсатиб берди.

Бу йил йўқотишлар бўлди. Аммо мамлакатимиздаги коронавирус пандемияси ҳам, Бухородаги шамол ва Сирдарёдаги сув офатлари ҳам жамиятимизни саросимага, тушкунликка тушуриб қўйгани йўқ. Аксинча, кетма-кет рўй берган фожеалар вақтида халқимиз сабр-тоқат, меҳр-шавқат ва юксак матонатни номоён этишди.

Аҳоли вакиллари, тадбиркорлар, турли корхона ва ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамиятининг барча институтлари мамалакатимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия акциялари уюштиришди, офатлардан зиён кўрганларга ва муҳтожларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатди, уларнинг дардига шерик бўлинди.

Хавф-хатар олдида халқнинг бирлашиши ва ўз иродасини номоён қилиши жамиятнинг етуклигини кўрсатади. Бу, авваламбор, халқимизнинг бой манаъвий қадриятлари, етакчи атрофида жипслашишида яққол кўринди.

Синовли кунлардан сабоқ чиқариб, ишонч билан таъкидлаш керакки, турли офат ва хавф-хатарлар олдида мардонавор турадиган халқимиз Президентимизнинг қатъий ва самарали бошқарувига таяниб, етук жамият қуришга қодир эканига амин бўлдик.

 

Улуғбек ВАФОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

www.parliament.gov.uz

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш