Азиз ҳамширалар, меҳрибон опа-сингиллар!

 

Беморлар билан бевосита мулоқотда бўлувчи, уларнинг дарду шикоятларини эшитувчи, тасалли берувчи, баъзида инсоннинг энг яқин жигари ҳам ботина олмайдиган муолажаларни оғринмай бажарувчи хизматига садоқатлиларнинг касб байрами.

Даволашдаги ютуқларнинг энг камида етмиш фоизи ана шу камтар касб эгаларининг хизмати эвазига десак, адашмаймиз. Чунки шифокор ташҳис қўяди, даво буюради, умумий назорат қилади. Беморнинг кўнглига қараб, баъзида инжиқликларини кўтариб, даво муолажасини бажариш ҳамшира зиммасида.

Қишнинг изғиринли кунларида, ёзнинг жазирамасида яёв юриб оиламиздан хабар олувчи патронаж ҳамшираларининг меҳнатини қанча эътироф этсак, уларга миннатдорлик билдирсак, барибир, оз. Бугунги таҳликали пандемия даврида ҳам врачлар билан тенгма-тенг касаллик билан курашиб, қаҳрамонлик кўрсатаётган ҳамшираларимиз эъзозга, чуқур ҳурматга лойиқ.

Ҳамширалар баъзида беморлардан ноўрин гаплар эшитади, баъзида раҳбарлар ҳам дакки беради, ишдан кеч қайтгани сабабли оиласида ҳам қийинчиликлар юзага келади, ҳамширамиз эса ҳаммасига вақт ва меҳр топа олади. Касбга содиқлик, ҳақиқий инсоний фазилатлар бўлса шунчалик бўлади.

Азиз опа сингиллар!

Бугун Халқаро ҳамширалар куни, Сизнинг байрамингиз. Мамлакатимизда бирор киши йўқки, сизга мурожаат қилмаган бўлса. Ушбу ажойиб кунда халқимиз номидан касб байрамингиз билан чин дилдан самимий табриклаймиз.

Аввало ўзингиз соғ бўлинг! Бахт, омад сизга ҳамроҳ бўлсин. Шарафли ва фидойи меҳнатингиз, меҳрингизни юксак даражада қадрлашимизни сизга етказишдан мамнунмиз!


Ўзбекистон Халқ демократик партияси

← Рўйхатга қайтиш