Қаҳрамонларимиз кимлигини аниқ биламиз, азиз ҳамширалар!

 

Пандемия эълон қилинганидан кейин дунё сезиларли даражада ўзгарди. Аввал оддий, кундалик одатга айланган одатлар, булар қаторида маскасиз ҳаводан тўйиб нафас олиш, қўл бериб кўришиш, бир-биримизникига меҳмонга бориш ва бошқалар таъқиқланди. Яна дунёда устуворликлар ўзгарди, спортчи, қўшиқчи ва шунга ўхшаш машҳур инсонлар энди аввалгидек машҳур эмас. Бугунги кунда шифокорлар, тиббиёт ходимлари, шунингдек, фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳақиқий қаҳрамонларимиздир.

Ана шу қаҳрамонлар қаторида меҳнат қилаётган ҳамшираларимизнинг бугун касб байрамлари, ҳар йили нафақат бутун дунёда, балки юртимизда ҳам 12 май – Халқаро ҳамширалар куни сифатида кенг нишонланади. Ўтган йилларда шу байрам муносабати билан ўрта тиббиёт ходимлари учун турли тадбирлар, анжуманлар ўтказилар, самарали меҳнат қилганлар эътиборга олиниб, уларга совға-саломлар улашилар эди. Лекин, бу йил барчамизга, шу билан бир қаторда, бугунги кунимиз қаҳрамонлари – ҳамшираларга ҳам синовли келди.

Бугунги кун ҳамширалари ҳақида сўз кетар экан, тождор вирус билан курашиб, кунни тунга улаб ишлаётган фидойи опа-сингиллар қиёфаси кўз ўнгимизда жонланади. Бу азиз инсонлар эл соғлиғини асраш йўлида шифокорлар билан бир сафда, баб-баравар иш олиб боряпти.

2020 йил 11 май соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2486 нафарни ташкил этаётган бўлса, коронавирусдан соғайганлар эса 1982 нафарга етди. Касалланганлар тез орада тузалиб, ўз оилаларига қайтишида уларнинг ҳам ҳиссаси беқиёс.

Бу эришилган ютуқлар сизнинг меҳнатингиз, юксак салоҳиятингиз, сабр-қаноатингиз, меҳрингиз самарасидир. Бу сизнинг уйқусиз тунларингиз, ҳаво ўтказмайдиган ниқоб ва махсус кийимларда олиб бораётган хизматингиз сабаблидир. Сиз каби жонкуярлар меҳнати ила инсонларнинг саломатлиги мустаҳкамланиб, ҳаёти асралади.

Ҳурматли ҳамширалар, касб байрамингиз муборак бўлсин! Сизга машаққатли меҳнатингизда куч-қувват, шижоат ва сабр-тоқат тилаймиз.

Биз қаҳрамонларимиз кимлигини энди аниқ биламиз!


Малика Рашидова,

ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.

← Рўйхатга қайтиш