Қишлоқ хўжалигига маҳсулотларига талаб ҳеч қачон камаймайди

 

Дунёда рўй бераётган турли ҳодисалар шуни кўрсатмоқдаки, инсоният ҳар қандай шароитга тайёр ҳолда туриши керак экан. Карантинда жаҳон мамлакатларида, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам бир қанча саноат ва ишлаб чиқариш тармоқларида иш фаолияти тўхтаган ёки секинлашган даврни бошдан кечирмоқда. Лекин озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ҳажми тўхтагани ёки секинлашгани йўқ.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан охирги уч йил давомида қишлоқ хўжалиги тармоғида муҳим ўзгаришлар амалга ошириб келинмоқда ва бу қанчалик тўғри эканини бугунги кун амалиёти кўрсатиб бермоқда. Республикамизда ҳозирги кунда 34 миллиондан ортиқ аҳоли сонига эгамиз. Инсон эҳтиёжлари ичида бирламчи эҳтиёж озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобланади.

Шунинг учун туманларни мева-сабзавотчиликка ихтисослаштириш, маҳсулот етиштирувчиларни мева-сабзавотчилик кластерлари ҳамда кооперацияларга бирлаштириш каби амалий чоралар кўрилмоқда.

Бу орқали биз нафақат маҳаллий бозорларимизни озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдириш, балки жаҳон бозорлари талабларига жавоб бера оладиган рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни йўлга қўйишимиз зарур.

Дастлабки ҳаракат сифатида 55 та туман мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилди. Аммо амалга оширилаётган ишлар, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, ҳудудларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш тизими йўлга қўйилмаган. Чунки, бизнинг қишлоқ хўжалиги тармоғимиз бугун бунга тайёр эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг кеча, яъни 11 май куни қабул қилинган Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш ҳақидаги қарори имзоланди.

Қарорда қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, туманлар ҳудудларини тупроқ-иқлим шароитларига мос боғдорчилик, узумчилик, сабзавот-полизчилик, картошкачилик ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришга ихтисослаштириш орқали ички ва ташқи бозор талабларига жавоб берадиган рақобатбардош маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш ҳамда илм-фан янгиликларини кенг жорий этиш ва маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш йўллари кўрсатилган.

Яъни қарорда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш, республика ҳудудларини босқичма-босқич қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг муайян турларини етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қилиниши керак бўлган ишлар кўрсатиб ўтилган.

Республикамиз ҳудудлари ер майдонларида асосан пахта ва ғалла маҳсулотлари етиштирилган. Шунга мос равишда халқимиз ҳам, қишлоқ хўжалиги тармоғидаги мутахассис ҳодимлар ҳам бу ҳолатга мослашиб қолишган эди.

Қарорнинг афзаллик тарафларидан бири рақобатбардош маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш ҳамда илм-фан янгиликларини кенг жорий этишга қаратилганлигидадир.

Республикамизда ер майдонлари суғориладиган, суғорилмайдиган (лалми, тоғли) ва чўл ҳудудларига тўғри келади. Суғориладиган ер майдонларимизга нисбатан суғорилмайдиган ва чўл ҳудудларимиз кўпроқ миқдорни ташкил этади.

Жиззах вилояти деганда кўз олдимизга биринчи навбатда пахта майдонлари келади. Янги қарорда эса шу вилоятнинг айрим ҳудудларини 2020-2022 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга, жумладан, сабзавот, картошка, полиз, дуккакли ва доривор ўсимликлар ҳамда иссиқхона хўжаликларига ихтисослаштириш кўрсатилган.

Шу билан бир қаторда ихтисослаштирилаётган ҳудудларда яхлитликка жиддий эътибор қаратган ҳолда, тегишли қишлоқ хўжалиги экинларининг турларига қараб плантация шаклида экспортбоп экин турларини жойлаштириш, сув таъминоти ва инфратузилмаси мавжуд бўлган Зомин туманидаги денгиз сатҳидан 1-1,5 минг метр баландликда бўлган Қорамозор ҳудудидан 20 гектар ер майдонини Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти балансига ўтказиш, Зафаробод тумани Ф.Хўжаев массивида жойлашган 30-сон манзил колониясига қарашли 513 гектар самарасиз фойдаланиб келинаётган суғориладиган ер майдонини 2 400 бошли гўшт йўналишидаги чорва комплексини ташкил этиш, Зомин, Мирзачўл ҳамда Пахтакор туманларида йирик агрологистик марказларни ташкил этиш лойиҳаларини амалга ошириш, янги ўзлаштириладиган лалми ер майдонларида боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш учун артезиан қудуқ қазиш ва ер ости сувларидан фойдаланиш мақсадида бурғулаш ишларини олиб бориш бўйича чора-тадбирлар белгилаб берилган.

Қарорда Республиканинг айрим ҳудудларини 2020-2022 йилларда боғдорчилик хўжаликларида ташкил қилинадиган ҳар 35 гектар интенсив боғ ва токзорларга сув чиқариш учун бурғиланган қудуқни, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортишга насос станциясини қуриш ишлари учун тегишли рухсатномага асосан 120 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда субсидия маблағларини ажратиш, сувдан фойдаланиш мақсадида туташ ҳудудларда жойлашган ҳар бирининг умумий майдони 35 гектардан ошмайдиган бир неча фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ўзаро келишуви асосида сув чиқариш учун бурғуланган қудуқни, шунингдек, дарёлар, каналлар ҳамда бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортишга насос станциясини қуриш учун ваколатли органлар томонидан бериладиган тегишли рухсатномага асосан ҳар 35 гектар майдонга 120 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда субсидия ажратиш белгилаб берилган.

Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг 6 миллиард сўм маблағлари эвазига 6 дона бурғулаш машинасини харид қилиб, Жиззах вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига беғараз ажратиш кўрсатиб ўтилган.

Бу қарор ижросининг таъминланиши қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича, жумладан, Жиззах вилоятининг кўпгина туманларида кенг имкониятлар очиб беради. Ҳудуддаги аҳолининг кўп йиллар давомида ушалмаган орзулари ушалишига, янги иш ўринлари яратилишига, ердан йилига икки-уч марта тўлиқ ҳосил олиш учун шароит яратилишига хизмат қилади. Жиззах вилоятида етиштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини бошқа ҳудудлар бўйлаб етказиб бериш имкониятлари яхшиланади.


Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш