Ислоҳотлар асоси мустаҳкам бўлиши муҳим

 

2020 йил мамлакатимизда илм-фан ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга устувор аҳамият берилмоқда. Илм-фан ривожланмасдан давлат ва жамият тараққиёти ҳақида фикр юритишнинг ўзи ноўрин ҳисобланади.

Шу кунларда regulation.gov.uz Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси парталида Ўзбекистон Республикасида илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони лойиҳаси ҳамда унда кўзда тутилган 2020-2022 йилларда амалга ошириш бўйича устувор вазифалар муҳокама қилинмоқда.

Унда илм-фан соҳасига давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларни босқичма-босқич 2030 йилга ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизи миқдоригача, шу жумладан 2022 йилгача ялпи ички маҳсулотнинг 0.8 фоизи миқдоригача ошириш мўлжалланмоқда.

Бунда илм-фан соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларини 2020-2022 йилларда молиялаштириш ҳажмини кенгайтириш ва мақсадли параметрларига мувофиқ амалга ошириш ҳамда Ўзбекистонда илм-фан соҳаси ва илмий-тадқиқот ишларини 2022-2030 йилларда молиялаштириш ҳажмини кенгайтириш ва диверсификациялашнинг мақсадли параметрларига эришиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасига мувофиқ амалга ошириш назарда тутилган. Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш учун бир қатор масъул вазирлик ва идораларнинг вазифалари аниқ қилиб белгилаб берилаётгани мақсадга мувофиқ бўлмоқда.

Шулардан келиб чиқиб, ушбу вазифаларни амалга оширишда баъзи бир жиҳатларга алоҳида эътибор бериш лозимдек:

Биринчидан, илм-фан ютуқлари билан амалиётни ҳамда ишлаб чиқаришни интеграциялаштиришда расмиятчиликни тўла қисқартириш керак. Айнан ушбу жараёнда давлат-хусусий шерикчиликдан самарали фойдаланиш лозим.

Шу билан бирга, олиб борилаётган илмий тадқиқотларнинг хулосаларини молиялаштиришда таваккалчилик билан ёндашиш амалиётига ўтиш керак. Чунки дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, барча лойиҳалар ҳам бирдек ютуққа эриша олмайди.

Иккинчидан, ёшларни илм-фанга кенг жалб қилиш ва истеъдодли ёшларнинг моддий таъминотини яхшилаш бўйича тизимли ишларни янада кучайтириш зарурияти мавжуд. Бунда ёшларни китоб ўқишга қизиқтириш муҳим ўрин тутади. Шундай экан, жамиятдаги ҳар бир ўсмир нима учун китоб ўқиши кераклиги борасидаги саволга жавоб топиши керак. Яъни билимли ёшларга жамиятда ўз ўрнини топиши, қобилиятини намоён қилиши учун тенг имкониятлар яратиб бериш лозим. Бунинг учун кадрлар танловини очиқлаштириш, лойиҳалар кўрикларини инсон омилисиз ўтказиш, ҳар бир йўналишдаги билимлар синовини шаффофлик билан амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Учинчидан, олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ва янгиликларни илмий асослантиришни янада такомиллаштириш муҳим ўрин тутади. Бунда мамлакатимизда барча соҳа ва йўналишлар бўйича масъул бўлган идора ҳамда ташкилотлар илмий-тадқиқот муассасалари ва олимлар билан ҳамкорликда ишлаш тизимини тўла рўёбга чиқариш керак. Бу борадаги ҳамкорлик кутилган натижасини бериши ривожланган давлатларда аллақачон ўзининг исботини топган.

Бугун давлат ва жамият ўз олдига жуда катта мақсадларни белгилаб олган. Хусусан, камбағалликни қисқартириш каби йиллар давомида йиғилиб қолган муаммонинг ечимини топишга қўл урилмоқда. Камбағаллик омилини қисқатириш учун илмий асосланиб ёндашишимиз, ҳар бир ҳудуд, ижтимоий қатлам, ёш жиҳатлари, борингки, барча объектив ва субъектив жиҳатларни назарда тутиб, ёндашиш муҳим ҳисобланади.


Равшан Хомитов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

← Рўйхатга қайтиш