Пахтакор туманида Президент Фармони ижроси қай ҳолатда?

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 26 мартдаги Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони чекка ҳудудларимизда қандай ижро этилмоқда? Бу катта аҳамиятга эга ҳужжат реал ҳаётда қандай ўзгаришларга асос бўлаяпти? Ижрода камчиликлар йўқми? Оилалар камбағаллик шароитидан чиқиши учун айнан қанақа чоралар кўриляпти? Яна қайси масалалаларга эътибор қаратиш муҳим?

Айнан шу саволлар билан Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида ўрганиш ишларини давом эттирдик.

Туман аҳолиси 74310 киши, 15 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғини бор. Камбағал сифатида қайд этилган оилалар 998 тани ташкил этиб, уларда 4416 нафар фуқаро истиқомат қилади. Бу оилалар турмуши ўзгариши учун нима ишлар қилиняпти?

Аввало таъкидлаш керакки, мазкур оилаларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликдан чиқариш учун тумандаги масъуллар ва ташкилотлар зиммасига олинган экан.

Бундай оилалардан 2 ёшгача нафақа олувчи хонадонлар 81 (451 нафар аъзо), 14-16 ёшгача болалари бор хонадонлар 118 (527 нафар аъзо) ва моддий ёрдам олувчи хонадонлар 160 тани (674 нафар аъзо) ташкил этиб, 325 та нафақа олмайдиган эҳтиёжманд оилалар мавжуд. Уларга ёрдам кўрсатиш бўйича зарур манбалар аниқланиб, муайян чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Маҳалла жамғармасининг “Саховат ва кўмак” фонди маблағларидан ёки бошқа манбалар ҳисобидан ушбу оилаларга ёрдам кўрсатилган экан. Шунингдек, оилалар доимий ҳимояга олингани ҳақида маълумот берилди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари билан биргаликда аввало Президент фармони ижроси қай ҳолатда экани ҳақидаги маълумотларга эътибор қаратдик. Пахтакор туман ҳокимлигида фармон ижросига масъул бўлган алоҳида комплекс ташкил этилган экан, улар томонидан ҳужжатларда кўплаб масалалар ижроси таъминлангани кўрсатилган. Бир қарашда ишлар қойилмақом ташкил этилгандек туюлади.

Реал ҳолат билан танишиш мақсадида маҳаллалар, хонадонларга кирдик.

Тумандаги “Олмазор” ҚФЙда истиқомат қилувчи камбағал оила рўйхатига олинган Холмонова Камола хонадонида бўлдик. Ушбу фуқаронинг камбағал оила рўйхатига тушишига асосий сабаблардан бири турмуш ўртоғининг ногирон опасига доимий ғамхўрлик қилишга аҳд қилган. Шу сабабдан ишга чиқа олмас экан. Турмуш ўртоғи ҳам касалманд бўлиб асосан мавсумий ишларда ишлаб оиласига ёрдам берар экан. Мазкур оилани камбағалликдан чиқариш юзасидан мутасаддилар томонидан бирон-бир чора-тадбир кўрилмаган.

Ушбу маҳаллада 51 та камбағал оила рўйхатига киритилган оилалар бўлиб, уларни камбағалликдан чиқариш ишларига масъул этиб туман ғазначилик бўлими белгиланган. Бироқ ушбу ташкилот томонидан амалий чора-тадбир амалга оширилмаган.

Навбатдаги манзилимиз “Пахтакор” ҚФЙ бўлди. Мазкур ҳудудда 135 та камбағал оила рўйхатга олинган бўлиб, уларни камбағалликдан чиқариш бўйича туман Бандликка кўмаклашиш маркази масъул этиб бириктирилган.

Қишлоқдаги А.Қодирий кўчасида жуда ҳам ночор оила истиқомат қилар экан. Боқувчиси йўқ ушбу оилада Азизова Турсуной опа икки нафар фарзанди билан жуда қийин шароитда истиқомат қилмоқда. Расмлардан гувоҳи бўлишингиз мумкинки, кичкина – на томи, на шифти ва на поли бор чала уйда истиқомат қилаётган ушбу оиланинг вазияти оғир. Турсуной опа билан суҳбатлашганимизда фарзандлари ёшлигида турмуш ўртоғи ташлаб кетгани, у вақтларда опа шифохонада ҳамшира бўлиб ишлаганини айтиб берди. Шундан сўнг турмуш синовлари туфайли опа уйсиз қолиб, охир-оқибат ўз имкони борича амал-тақал қилиб, ҳозирги яшаб турган уйини қурганлигини айтди. Турсуной опа ҳеч кимдан нолиётгани йўқ. Унга фақат уйини тўлиқ тиклаб олишига ёрдам керак экан.

Ўрганишлар давомида мазкур ҳудуддаги Бобоёрова Адолат опанинг хонадонида ҳам бўлдик. Ушбу оиланинг ҳам боқувчиси йўқ, шароити ҳам жуда аянчли, икки нафар фарзандини аёлнинг ўзи катта қилмоқда. Мазкур оила ҳам камбағаллар рўйхатидаги оилалар қатори ўзларига бириктирилган масъул идораларнинг кўмагига муҳтож.

Пахтакор туман ҳокимлиги томонидан камбағалликни қисқартириш бўйича Президент фармони ижросига масъул этиб бириктирилган ташкилотларнинг биронтаси чора-тадбирларни амалга оширганмикан, деган илинжда навбатдаги қишлоққа йўл олдик. “Мингчинор” ҚФЙда камбағал оилалар рўйхатида турувчи Қаландаров Олим хонадонида бўлдик. Суҳбатимиз жараёнида маълум бўлдики, унинг отаси туман марказидаги уйини сотиб, бошқа туманга кўчиб кетади. Натижада О.Қаландаров бир неча йиллардан буён ушбу ҳудудда истиқомат қилади. Ушбу фуқаро 1 нафар ногирон қизини катта қилаётгани, мавсумий ишларда ишлаши, топгани дори-дармон билан озиқ-овқатдан ортмаётганини маълум қилди. Ушбу ҳудудга масъул сифатида Халқ банки бириктирилган.

Ўрганишлар натижасида шундай хулосага келдимки, Пахтакор туманидаги мутасаддилар Президент фармони ижросига бармоқ орасидан қараётгандек.

Аниқланган муаммоли ҳолатлар ва аҳоли таклифлари халқ депуталари Пахтакор туман Кенгашидаги партиямиз гуруҳи йиғилишида муҳокама қилиниб, долзарб масалани туман Кенгашининг навбатдаги сессиясига олиб чиқиш ҳақида қарор қабул қилинди.

 

Акмал Турсунбоев,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи.

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш