Ҳар бир иш ўрни катта ижтимоий аҳамиятга эга

 

Пандемия оқибатида бутун дунёда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини тиклаш, иш жойларини сақлаш, янги иш ўринлари очиш масалалари ниҳоятда долзарблашди. Масалан, АҚШда карантин чоралари туфайли юзага келаётган ишсизлик даражаси бу давлат учун мисли кўрилмаган кўрсаткич – 15 фоизга яқинлашмоқда. Дунёнинг биринчи рақамли иқтисодиётга эга давлатда пандемия бошланишидан аввал ишсизлик даражаси 3,5 фоиз эди. Мана шу иккита рақамнинг ўзи ҳам ҳозир дунёдаги мураккаб вазиятни чуқурроқ тушунишга ёрдам беради.

Шунинг учун Президентимиз пандемиянинг халқимиз турмуши, иқтисодиётимизга таъсирини юмшатиш, бизнесни ҳимоялаш, иш ўринларини асраб қолиш, ижтимоий муҳофазани кучайтириш масалалари юзасидан муҳим қарорлар қабул қилиб, аниқ вазифалар белгилаб бермоқда.

Юртимизнинг айрим ҳудудларида ҳаёт аста-секин ўз маромига қайта бошлади. Умид қиламизки, яқин вақт ичида барча ҳудудларимизда эпидемиологик вазият яхшиланади.

Турли соҳа мутахассислари коронавирус пандемиясидан кейин дунё ўзгариши, давлатлар ва жамиятлар мураккаб вазиятдан тезроқ чиқиш бўйича янги вазифалар пайдо бўлиши ҳақида фикр ҳамда хулосалар билдиришмоқда. Иқтисодиётни изга солиш, аҳоли бандлиги, янги иш ўринлари яратиш биринчи галдаги вазифалар қаторида туриши таъкидланмоқда. Мамлакатимизда кейинги йилларда ушбу йўналишларда ижобий натижалар бўлаётганини ҳисобга олиб, Президентимиз кўрсатмаси билан бошланган ишларни давлатнинг барча даражадаги идоралари ҳамжиҳатлик ва катта уюшқоқлик асосида изчил давом эттириши зарур бўлмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги илмий маркази ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистонда 2019 йилда ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳолига нисбатан 9 фоизни ташкил этган ва 2018 йилга нисбатан камайиш кузатилган.

Эътиборли жиҳати, 2019 йилда илк бор расмий секторда банд аҳоли сони 3,7 фоизга кўпайган. Жаҳон банкининг ҳисоботида ҳам бу муҳим ижобий ўзгаришга алоҳида эътибор қаратилган.

Мамлакатимизда бизнес ва бандликка алоқадор долзарб масалалардан бири норасмий секторда банд бўлган фуқароларнинг салмоғи дунёдаги ўртача даражадан баландлигича қолаётганидадир, улар меҳнат мигрантларини ҳисобга олмаганда, 5,5 миллион нафарни ташкил этяпти. Карантин даврида айнан шу қатлам қийинчиликларни кўпроқ сезяпти. Чунки уларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳимоя ҳуқуқлари таъминланиши қийинчиликлар туғдиради. Бу ўринда кўп масала қонун-қоидага эмас, иш берувчининг инсофига боғлиқ бўлиб қолади. Шу боисдан ҳам расмий секторда ишлайдиган аҳоли салмоғини ошириш бўйича таъсирчан, рағбатлантирувчи чоралар қўлланилиши катта аҳамиятга эга. Мазкур йўналишда қулайликларни кенгайтириш, муносабатларни имкон қадар янада соддалаштириш бўйича таҳлилларни давом эттириш талаб этилади.

Президентимиз масалани аниқ-равшан баён этган эди: “Ислоҳотларимизга жиддий тўсқинлик қилаётган “яширин иқтисодиёт”га барҳам берилмас экан, соғлом рақобат ҳам, қулай инвестиция муҳити ҳам шаккланмайди”. Яширин иқтисодиётни бартараф этишда ҳудудлардаги бошқарув самарадорлигини ошириш, очиқлик ва шаффофлик масъулиятини кучайтириш долзарб аҳамиятга эга.

Бандликни таъминлашда аҳолининг ўзини-ўзи ишли қилиш имкониятларига йўл очишни изчил давом эттириш ҳозирги шароитда яна бир муҳим вазифа ҳисобланади. Ушбу йўналишда томорқадан унумли фойдаланиш, уста-ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш жараёнлари изчил тус олди. Мисол учун, ишсиз фуқароларга ўз томорқасида енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун бандликка кўмаклашиш марказлари орқали базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача субсидиялар бериляпти. Апрел ойининг ўзида 20 минг шахсий томорқа учун 35.4 миллиард сўм ажратилган. Ҳозирда инқироздан кейинги манзилли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишда томорқа ва иссиқхоналар учун давлат субсидиялари миқдорини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Ҳозирги кунларда парламент қуйи палатаси депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан бирга жойларда томорқадан қай даражада фойдаланилаётгани ҳақида реал ҳолатни ўрганяпти. Бу йўналишдаги ишларимизни изчил кучайтириб бориш субсидияларнинг мақсадли ажратилиши, келгусида амалий натижа беришига хизмат қилиши керак.

Маълумки, Президентимизнинг тегишли қарори билан 2020 йилда янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш параметрлари тасдиқланган. Пандемия билан боғлиқ вазиятни ҳисобга олиб, режалаштирилган натижаларга имкон қадар эришилиши учун барча имкониятларни сафарбар этишимиз зарур бўлади. Хусусан, норасмий фаолият кўрсатаётган 500 мингга яқин яширин иш ўринлари расмийлаштирилишига эришилса, бу жуда катта ютуқ бўларди. Албатта, мазкур жараёнда парламентнинг зиммасида ҳам катта масъулият турибди.

Бутун дунёда миллионлаб одамлар иш жойлари, даромад манбаларини йўқотиб, умидсизликка тушаётган бир пайтда ҳар бир барқарор иш ўрни катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлиб турибди.


Улуғбек Иноятов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш