Оила – тарбия ўчоғи

 

Инсон туғилгандан бошлаб оила муҳитида яшайди. Оилага хос анъаналар, қадриятлар, урф-одатлар боланинг келгуси ҳаётида намоён бўлади. Ҳалқимиз таъбири билан айтганда, “Қуш уясида кўрганини қилади”. Шу боис соғлом муҳит, соғлом турмуш тарзи барқарор бўлган оилада ўсиб-улғайган болалар жамиятга кўпроқ фойда келтиради.

Оилани ҳаётнинг сиру-синоатларини ўзида мужассам этган олтин сандиққа ўхшатиш мумкин. Чунки инсоннинг қувонч ва ташвишлари оиладан бошланади. Оила фарзандларимизни инсон қилиб тарбиялайдиган улкан мактаб. Бу бизнинг ўзбек оилаларига хослиги билан ажралиб туради.

Ҳақиқатан ҳам оила соғлом бўлса, жамият мустаҳкам, мамлакат қудратли, келажак ишончли қўлларда бўлади. Узоқни ўйлайдиган бўлсак, юрт тақдири, унинг куч-қудрати, тинч-осойишталиги ва порлоқ истиқболи ўғил-қизларимизнинг қандай тарбия олишларига боғлиқ. Оила мактабининг сир-асрорлари эса кекса авлод вакилларига яхши маълум. Улар ҳаётнинг паст-баландини кўрганлар. Бундай пиру-бадавлат отахону-онахонлар иштирокида оила, хусусан бола тарбияси бўйича суҳбатлар, учрашувлар ўтказилса, ёшларимизга ибрат бўлади. Оила комил инсонларнинг хонадондаги аҳил-иноқликлари ва оғизбирчаликлари билан мустаҳкам.

Тарбия ҳақида фақат гапириш эмас, ўргатиш, намуна бўлиш керак. Лекин бунга қандай эришса бўлади? Болаларни бахтли бўлишга ўргатиш керак, деб ўйлайман

Хўш, ёшларимизнинг айнан қайси тоифаси бахтли ҳисобланади. Соқрат айтади: “Кимда ўткир зеҳн, ҳалол фикр бўлса, ўшани”.

Демак, ёшларимизнинг қувваи-ҳафизалари ўткир, эсида узоқ сақлайдиган, ҳалол ва тўғри мушоҳада юритадиган бўлса, маънавияти бойиб бораверади. Маънавиятли инсон ҳеч қаерда қоқилмайди ва йиқилмайди. Соғлом турмуш тарзига амал қилади. Ўқиб - изланишга имкон топади. Ўзининг бунёдкорлик ишлари билан жамиятимиз ривожланишига муносиб ҳисса қўшади. Ота-онасини ҳам шод этади. Бундай фарзандлар эл-юртнинг фахрига айланади.

Биз фарзандларимизга моддий бойликдан кўра, маънавий бойлик қолдиришни кўпроқ ўйлашимиз зарур. “Фарзандларимизнинг пешонасига нима ёзилган бўлса, шу бўлади” деб ўйлайдиган бўлсак, хато қиламиз. Немис педагоги Адольф Дистелвег шундай ёзади: “Бола қалби тоза ёзув тахтасига ўхшайди. Унга нима ёзилса, шу унинг тақдирини яратади”.

Оила-аъзоларининг барчасини тадбиркорликка ўргатиш ота-онанинг бугунги кундаги бурчи. Ана шунда болаларимиз иродаси мустаҳкамланади. Муаммоларни ўзлари ечишга, таҳлил қилишга ўрганадилар. Тадбиркорлик эса, фақат бир сўмни икки сўм қилиш, дегани эмас. Ҳаёт олдимизга қўяётган вазифаларни бажаришимиз билан ҳам ўлчанади. Оила мустаҳкамлигига хизмат қилади.

Арпа экиб, буғдой ўриб бўлмайди. Оилам мустаҳкам бўлсин, деган одам бировдан кўмак кутиб ўтирмайди. Аввало, ўзи ҳаракат қилади. Фарзандларимиз ҳам эсли-ҳушли, билимли, касб-ҳунарли бўлсалар, уларнинг келажагидан кўнглимиз тўлади.


Ферузбек ВАИСОВ,

Ўзбекистон ХДП Хонқа туман кенгаши раиси.

← Рўйхатга қайтиш