Оила – жамиятнинг мустаҳкам қўрғонидир

 

БМТ Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 сентябрдаги ялпи йиғилишида 1994 йилдан бошлаб 15 май кунини - Халқаро оила куни деб белгиланган. Бугунги кунда халқаро оила кунини кенг нишонлаш мамлакатимизда ҳам анъана тусига кириб улгурган.

Оила - халқимизнинг асрий урф-одатлари ва қадриятларини ўзида мужассам этган маскан бўлиб, барча эзгуликлар ундан бошланади, ундан маҳалла ва жамиятга кўчади.

Оила жамиятнинг бир бўлаги бўлиб, халқимизнинг урф-одатлари сайқал топадиган тарбия ўчоғидир. Бош Қомусимизнинг 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”, дея белгилаб қўйилган. Мазкур тамойил асосида мамлакатимизда оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унга моддий ва маънавий кўмак бериш чоралари кўрилмоқда. Жорий йилда Маҳалла ва оила масалалари бўйича алоҳида вазирлик ташкил этилганлиги юртимизда оилалар фаровонлиги ҳамда мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган.

Оила қуриш жуда муҳим жараён бўлиб, пухта ўйлаб бажариладиган, “Етти ўлчаб, бир кесиладиган” вазифадир. Бобокалонимиз Амир Темур ҳам келин танлаш вазифасини давлат ишлари билан тенг қўйганлигини таъкидлаб ўтган. Буюк саркарда келажакда бахтни бой бермаслик, атрофдагиларга заҳмат етказмаслик учун оила мустаҳкам бўлиши даркорлиги кўп таъкидлаган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, йигит-қизларнинг турмуш қуриш ёши оила мустаҳкамлигига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан биридир. Афсуски, айрим ота-оналар кўпинча фарзандининг келажак тақдирини, авлод давомчиларини саломатлигига бефарқ қараб, ҳали балоғат ёшига етмаган қизини узатиш ёки қаримдошимнинг қизи бегона бўлмасин, деб ўғил уйлантириш тараддудига тушади. Бунинг сабаби қариндош-уруғчиликни янада мустаҳкамлаш ва мол-мулкни бегоналар қўлига ўтиб кетиши билан ўзларини оқлашади. Лекин, тиббиёт вакиллари яқин қариндошлар билан оила қуришнинг салбий оқибатлари кўплигини таъкидлашади. Унинг асосий сабаби турли ирсий касалликларнинг кучайиб кетишидир.

Халқимиз орасида қизларнинг катталар, айниқса, ота-онага қарши бормаслиги одатга айланган. Кўпинча эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг қайд этилишига шу ҳолат сабаб бўлаётир. Бунинг олдини олиш мақсадида партия ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши томонидан соғлиқни сақлаш бошқармаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда умумтаълим мактабларида, касб-ҳунар коллежларида ва олий таълим муассасаларида “Аёллар соғлиги – жамият бойлиги”, “Ижтимоий ҳимоядан – ижтимоий фаоллик сари” каби мавзуларда давра суҳбатлари, маънавий-маърифий тадбирлар, очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, оилани мустаҳкамлашга хонадоннинг ҳар бир аъзоси масъул эканини унутмаслик лозим. Қайноналар ҳам, келинлар ҳам, ота-ўғилу, қудалар ҳам бир-бирларининг хатоларидан фожиа ясамай, оилани асраб қолиш учун астойдил ҳаракат қилсалар, бундай хонадон чинакам меҳр-муҳаббат масканига айланади.


Хуршида Нарзиева,

ЎзХДП Навоий вилояти кенгаши Хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалари сектор мудири.

← Рўйхатга қайтиш