Ҳурматли ёшлар, ҳар биримиз яқинларимизни асрайлик!

 

Мана икки ойдирки дунёда бўлгани каби коронавирус пандемияси сабабли карантин тартибида яшаяпмиз.

Ҳар куни ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари орқали дунёдаги қайси бир давлат аҳолисини эҳтиёт қилиш чораларига бемалолроқ ёндашаётган бўлса, ўша ҳудудларда касалланганлар сони юқори даражада сақланаётганига гувоҳ бўляпмиз. Шукрки, юртимизда вазият у қадар мураккаб эмас.

Аҳоли даромадлари кескин камайиб кетишига йўл қўймаслик, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни жиддий зарарлардан асраш учун карантин чекловларини босқичма-босқич енгиллаштириш чоралари кўриляпти. 13 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз бу борада муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Дарҳақиқат, дунё ҳамжамияти коронавирусга қарши вакцина ва даволайдиган дори воситаси ҳали топилмагани сабабли ушбу инфекция мавжуд бўлган шароитда яшаш ва ишлашга ўрганиш зарурлиги тўғрисида якуний хулосага келмоқда.

Баъзи жойларда берилган эркинликни нотўғри тушуниб, аҳоли, айниқса, ёшлар ҳеч қандай заруратсиз кўчаларни тўлдириб юргани кузатилаётгани таъкидланди. Бундай ҳолатлар ҳамда охирги кунларда инфекция юқтирганлар сони яна ошаётгани ҳаммамизни хушёр бўлиш ҳақида огоҳлантираяпти, албатта.

Мамлакатимиз аҳолисининг олтмиш фоизини ташкил этаётган ёшлар коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини юмшатишда катта ижтимоий аҳамиятга эга, бошқача айтганда, уларга кўп нарса боғлиқ.

Азиз ёшлар, дўстлар!

Келинглар, ота-онамиз, опа-сингилларимиз, яқинларимизнинг ғам ташвишига сабабчи бўлиб қолмайлик.

Унутманг, ниқобсиз юриш қаҳрамонлик эмас, карантин қоидаларига риоя қилмаслик ўзини кўрсатиш тўғри йўли эмас.

Ўзимизни ўзимиз, бир-биримизни асраш орқали оиламизга фойда келтирайлик. Меҳнат фаолиятимизни олиб боришда, кўча-куйда, маҳалламизда тарбиямизни намоён қилайлик. Тозаликка риоя қилиб, карантин қоида ва тартибларга риоя қилайлик.

Ҳар биримиз яқинларимизни ўйлайлик.


Равшан Хомитов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

← Рўйхатга қайтиш