Оила саодати нимада?

 

Ўзбек халқи азалдан оилани муқаддас, муборак даргоҳ сифатида эъзозлаган. Бу қўрғонга завол етмаслиги учун бор маҳоратини ишга солган. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик барқарор тараққий этишини аждодларимиз яхши англаган. Зеро оилани бошқариш, фарзандларни халққа, ватанга муносиб авлод қилиб етиштириш катта санъатдир.

Аждодлармиз анъаналарини давом эттирган ҳолда бугунги кунда оилани эъзозлаш, замонавий, намунали ва фаровон оилани барпо этиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Охирги уч йил давомида “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармони қабул қилинди Шунингдек, Президент Қарори билан оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Бундан ташқари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузурида Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия ташкил этилди. Энг муҳими, жорий йилда Маҳалла ва оила масалалари бўйича алоҳида вазирлик ташкил этилганлиги юртимизда оилалар фаровонлиги ҳамда мустаҳкамлигини таъминлаш учун давлат ва жамият астойидил қайғураётганининг ҳаётий ифодасидир.

Албатта, биз ўзимиз ҳам оиламиз бахти, саодати, фаровонлиги, уни асраб-авайлаш учун барча маҳоратимизни ишга солишимиз тўғри ҳисобланади. Бу вазифалар кўпроқ ота-она зиммасига тушади.

Биринчи навбатда ёшларни, фарзандларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаб бориш муҳим жиҳатлардан биридир. Ушбу масалада қиз бола ва ўғил болаларга алоҳида-алоҳида эътибор қаратилади. Бу борада буюк тарихимиз ва аждодларимизнинг панду насиҳатларига, тавсия ва фикрларига мурожаат қилишни маъқул топдим.

Ота-оналар қизларини узатиб, янги оилага омонат этар эканлар, берган тарбияларининг мевасини олишларини билишлари керак. Тарбия ота-оналарнинг болаларига қолдирадиган энг умри узоқ меросидир. Аёл киши оила қургандан сўнг, юқоридаги насиҳат, тавсияларга амал қилса, албатта турмуши чиройли бўлади, бахтли саодатли эришади. Лекин, ҳар ишда ва ҳар кимда камчилик бўлганидай, агарда аёл кишида ҳам бирон камчилик кузатилса, эр киши ақлини ишлатиб, оғир вазмин бўлиб, сабр ила муомала қилса албатта аёл камчилигини тузатишга ҳаракат қилади, энг муҳими бир-бирига ҳурмати ошади, оила мустаҳкамланади.

Ўз навбатида оиласини асраш ва турмушини гўзал килишда эркак кишининг ҳам олдида муҳим вазифа ва бурчлари бор. Бу борада ҳам ҳикматли ва ибратли тавсия ва насиҳатларга этиборларингизни қаратмоқчиман.

Имом Шаъроний шундай деган эканлар: “Эй биродарим! Агар сен аёлинг- рафиқанг тўғри, гўзал феъл ва ахлоқли бўлишини истасанг, ўзинг Яратганга нисбатан тўғри бўлмоққа урин, аввал ўз хатоларингни тузат. Бу жуда нозик масала бўлиб, жойига, ҳолатига, хулқига, табиатига қараб алоҳида-алоҳида ёндашишни, усул танлашни талаб ва тақозо этади. Барчасида муҳим бўлгани эса меъёр ва сабр. Бир буюк зот рафиқангни феъли айниши билан ташқарига чиқиб кет дейдилар. Мен ўша буюк зот сўзи тўғри деган бўлардим. У зот сабрга ишорат этаяптиларки, сабр нафақат ташқарини, балки ичкарини ҳам ислоҳ этади, мукофотларнинг энг улуғига элтади.”

Шу ўрнида Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ҳазратлари ҳам қуйидаги тавсияларни қолдирганлар: “Иффатли, ширинсўз, хушмуомала, ақлли ва гўзалхулқ аёллар ҳамиша қут-барака, ширин ҳаёт манбаидирлар. Сен ўзингга ёр, маҳбуба тиласанг, унинг тўғрисўзлиги, ҳақгўйлиги ва юриш-туришига боқ”.

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, оилавий муносабатларда аёл ва эркак, ота-она бирдек масъул ҳисобланади. Ҳар қандай вазиятда ҳам эр ва хотин бир-бирини тушуниши, қўллаб-қувватлаши, камчиликларини юзига солмасдан ҳамжиҳатликда бартараф этиши фақат ва фақат оила тинчлиги, унинг мустаҳкам бўлишига хизмат қилади. Аслида оила саодати ҳам мана шунда.

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходими

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти
← Рўйхатга қайтиш