Биз барча қийинчиликларни биргаликда, ҳамжиҳатликда енгамиз!

 

Мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида кўплаб ҳудудлар ва инсонлар ҳаёти бу хавфдан сақлаб қолинди. Чунки, Ўзбекистон пандимияга қарши курашиш шароитда иқтисодиётдан кўра дастлаб, инсонларнинг соғлигини сақлаб қолиш йўлини танланган эди. Мутахассисилар, коронавирус пандемиясининг жаҳон иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайиши ва бу ҳолат глобал иқтисодий инқирозни келтириб чиқараётганлигини айтишмоқда. Эътибор беринг, 2020 йил бошидан жаҳон иқтисодиётининг ўсиши 1-1.5% ни ташкил қилди. Коронавирус пандемияси шароитида ривожланган давлатлар глобал иқтисодий ўсиш суръатларида пасайиш кузатилди. Нафақт, иқтисод балки, соғлом турмуш тарзини ҳам издан чиқарди. Бугунга келиб, короновирус пандемиясига чалинганларнинг умумий сони қарийб 4 миллионга етди, уларнинг 265 минг нафари оламдан ўтган.

Дунёнинг бошқа давлатлари билан солиштириб кўрганда, Ўзбекистон шароитида олиб борилган тизимли чоралар натижасидан миллонлаб инсонларнинг соғлиги ва ҳаёти асраб қолинди. Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан жуда катта куч сарфарбар қилинб, бу офат жилови қўлга олинди. Лекин барибир жуда ҳам зийраклик ва эҳтиёткорлик билан, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишимиз шарт. Бу хавф бутун дунёда бутунлай бартараф этилмас экан, хотиржамликка берилишга асло ҳақимиз йўқ.

Пандемия даврида ижтимоий ҳаётни тартибга солувчи қонунларимизда ҳам бўшлиқ борлиги яққол юзага чиқди. Шу боисдан, айни вақтгача битта қонун, бир нечта фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бу пандемия шароитида давлат аҳолини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, аҳолининг турмуш тарзини мустаҳкамлаш каби масалаларни тартибга солишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Йил бошидан буён халқимиз бошига келаётган офатлар асрлар мобайнида келган энг қийин синовлардан бири бўлса керак. Эҳ-ҳе, тарихда халқимиз қанча урушлар, очарчилик, бир бурда нонга зор бўлган даврларни бошидан кечирди. Халқ сабир, қаноат билан бирлашди, ташқарига гап чиқармади. Борига қаноат қилиб яшади. Тарих саҳифаларига меҳнаткаш, сабр-қаноатли буюк халқ сифатида ёзилди.

Карантин шаротида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида муҳим вазифалар белгиланди. Айниқса, ёрдамга муҳтож, якка-ёлғиз, ишсиз фуқароларни ижтимоий ҳимоялашга эътиборни кучайтириш асосий масала сифатида қўйилди. Хусусан, оғир турмуш шаротидаги ҳамда карантин даврида вақтинчалик даромад манбаини йўқотган оилалар учун бир қатор хайрия тадбирлари ташкил этилди.

Бунда аввало вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш, бандлиги ҳамда оила даромадларини мутассил равишда ошириб боришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу офатдан эсон омон чиқиш чоралари, натижа бермоқда. Кундан-кунга юртимизда эпидемиологик вазият барқарорлашиб, вирусдан холи ҳудудларда одамларни даромад билан таъминлаш мақсадида карантин талаблари босқичма-босқич юмшатилмоқда. Бу ишларни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш Президентимизга йўллаган мактубида, мамлакатимизда коронавирус тарқалишини жиловлаш, шунингдек, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий, шу жумладан аҳолининг энг эҳтиёжманд қатламлари учун оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилган қатъий чораларни юксак баҳолашини эътироф этди.

Аҳоли бандлиги ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш борасида катта имкониятларга эга “драйвер”лардан бири қурилиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳасларига алоҳида ёндашилмоқда. Шу боисдан ҳозирда фаолияти тикланган саноат, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларига қўшимча равишда хизмат кўрсатиш субъектлари ҳам босқичма-босқич ишга туширилиши белгиланди. Сабаби, биргина қурилиш соҳасида 1 миллион 325 минг нафар аҳолини иш билан таъминланган. Шу орқали бошқа саноат йўналишлари учун ҳам талаб яратади. Карантин даврида қурилиш ҳажми камайишига йўл қўймаслик мақсадида бу соҳага қўшимча 3,6 триллион сўм маблағ ажратилди.

Ҳозирги пандемия пайтида ишсизлар, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли сони ортиши табиий. Турли мамлакатлар касалликка қарши курашиш баробарида иш жойларини сақлаб қолиш ва иқтисодиётни кескин таназзулга учрамаслиги учун бор имкониятларни ишга солмоқда.

Меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини қамраб олган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати атрофида бутун халқимиз бирлашди. Етти ёшдан, етмиш ёшгача ҳайрия тадбирида иштирок етмоқда. Буюк алломамиз Абу Наср Форобий “Фозил шаҳар аҳолисининг қарашлари”, китобида инсонларнинг бир-бирининг ёрдамисиз яшай олмаслиги, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдамгина инсон жамоалари вужудга келиши жамият барқарорлиги ва унинг равнақ топишини ёзилган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Саховат ва кўмак” ҳаракати ҳам айнан шу мақсадга қаратилганлиги билан аҳамиятли ва муҳим.

Ушбу ҳаракатда Ўзбекистон ХДПдан сайланган депутатлар, партия ташкилотлари, фаоллари муносиб равишда иштирок этмоқда. 70 000 га яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 20 млрд. 400 млн сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситалари хайрия қилинди. 120 минг нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган шахсларга ҳомийларнинг 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, гигиеник воситалар тарқатилди. Бу каби халқимизга хос бўлган мурувват ва ҳайр саховат чин дилдан амалга оширилмоқда.


Ҳар бир ҳаракатда ҳикмат бор...

Халқимиз минг йиллар давомида шакллантирган миллий менталитети ва ҳамжиҳатлик ҳислатлари шу кунларда янада мустаҳкамланмоқда. Бундай хулосага келишимиз учун асосларимиз ҳам етарли.

Сабаби дастлаб коронавирус келтириб чиқарган пандемия сабабли карантин шароитида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда давлат ва жамоат ташкилотлари қатори кенг аҳоли қатламлари бирдек фаоллик кўрсатгани, ҳақиқатдан ҳам инсонийлигимизни яна бир бор синовдан ўтган ҳолда тарихий аҳамиятга эга бўлди.

Айниқса, мамлакатимиз жанубида, хусусан Олот ва Қоракўл туманларида юз берган табиий офат натижасида ўша ерда яшовчи аҳоли оғир вазиятга тушиб қолган эди. Шунингдек, шу йилнинг 1 май куни эрталаб Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида тўғон ўпирилиш содир бўлди. Сув тошқини натижасида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги аҳоли пунктлари ва экинларга зарар етди. Бинолар, йўллар, коммуникациялар вайрон бўлди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри раҳбарлари бошчилигида 305 та қурилиш ташкилоти ва 12 мингга яқин қурувчилар Сирдарёда уй-жойлар ва инфратузилмани тиклаш, электр энергия, газ, ичимлик суви таъминоти ва йўлларни таъмирлаш юмушларини амалга оширмоқда. Бундан ташқари, корхона ва ташкилотлар ўзларининг ташаббуси билан сув бошган уйларни тозалаш ва пардозлаш ишларида ўз хиссасини қўшмоқда.

Президентимиз ҳар соат, ҳар дақиқа қурилиш, таъмирлаш ишларининг олиб боришидан хабардор бўлиб турибди. Икки хафтанинг ичида тўрт маротаба Сардоба ва Мирзаобод туман аҳолиси фаоллари билан учрашди. Куни кеча Давлатимиз раҳбари ушбу ҳудудларга яна бир бор ташриф буюриб, аҳоли билан учрашиб уларга қисқа вақт ичида янги уйларни қуриб берилишини маълум қилди. Шунингдек, 4500 хонадоннинг ҳар бирига 40 миллион сўмлик сертификатлар топширилди. Уйсиз, мол-мулксиз, ҳатто чақасиз қолган инсонларнинг кўнгли тоғдек кўтарилмоқда. Яқин ойларда бу ерларда аҳолининг турмуш шароитларини тикланиб, янги замонавий турар жойлар қад кўтарилади.

Аслида, оғир дамлар келганда инсонлар ўртасидаги меҳр оқибатнинг қай даражадалигини билиш осон кечади. Меҳр-оқибат шундай кунларда янада билинади, қадрли бўлади. Бу синовларни халқимиз меҳр оқибат билан енгиб, орзу ва мақсадларига етади.


Қизилгул Қосимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш