Аҳолининг одил судловга бўлган ишончи юксалтиришга хизмат қилади

 

Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг эркинликларини таъминлаш борасида мамлакатимизда бир қатор қонунларга ўзгартиришлар киритилиб, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича хуқуқий асослар янада такомиллаштирилмоқда. Албатта, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган бу ислоҳотлар жахон хамжамиятида ҳам катта қизиқиш билан ўрганилиб, сиёсий майдондаги давлат имиджини шакллантиришда ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Президент томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни ҳам фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги манфаатларини ҳимоя қилиш учун хизмат қилади.

Мазкур қонун талабларига мувофиқ, эндиликда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари жиноят иши бўйича гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан ушлаб туриш, қамоққа олиш, уй қамоғи ёки экспертиза ўтказиш учун шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чоралари қўллаган тақдирда бу ҳақда уларнинг оила аъзоларига, улар бўлмаган тақдирда эса бошқа қариндошларига ёки яқин кишиларига хабар бериши, шунингдек бу ҳақда иш ёхуд ўқиш жойига маълум қилиши шарт.

Дархол хабар берилиши инсон учун нима беради? Гумонланувчи тергов учун хуқуқни мухофаза қилиш идораларига олиб келинган биринчи дақиқаларда руҳий босим остида қолиши, кучли ҳаяжон остида бўлиши табиий, орган ходимлари учун хибсга олишнинг биринчи дақиқалари қанчалар муҳим бўлса, гумонланувчи учун эса қўрқинчли ҳолат. Шунинг учун ҳам яқинларга ёки оила аъзоларига қўнғироқ қилиб хабар берилиши нафақат оила аъзоларининг асоссиз ховотирларини олдини олишга, балки, гумонланувчининг руҳий босим остида қолишини оқибатида нотўғри кўрсатмалар беришини олдини олишга хизмат қилади. Жуда кўп ҳолатларда айбланувчилар илк кўрсатмаларидан суд жараёнларида тониши, кўрсатмаларини ўзгартиришгани, кучли руҳий босим остида мажбурий кўрсатма беришгани тўғрисидаги иддаолар билан чиқишгани ҳолатлари ҳам учраб туради. Бу қонуннинг кучга кириши эса бундай салбий ҳолатларни олдини олишга хизмат қилади.

Бундан ташқари қўйидаги процессуал ҳаракатлар ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, тинтув, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов эксперименти, шахсни ушлаш, ҳимоячидан воз кечиш, шахсни ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва олиб қўйиш видеоёзув орқали қайд этилиши шарт деб белгиланди, амалиётда шахсни ушлаш чоғида видеоёзув воситаларини қўллаш имкони бўлмайдиган турли вазиятлар бўлиши мумкинлиги инобатга олиниб, қонунда ушлаб туришни видеоёзув орқали қайд этишнинг мажбурийлигини белгиловчи қоидага истисно холатлар ҳам киритилди, яъни, шахсни ушлаш, шахсий тинтув ва олиб қўйишни ўтказишнинг кечиктириб бўлмайдиган ҳолларида (жиноят содир этилган жойда шахсни ушлаш, қидирувда юрган шахсни ушлаш ва ҳ.к.) уларни видеоёзув орқали қайд этмасдан ўтказишга йўл қўйилади. Бундай ҳолларда ваколатли шахс ушлаб турилган шахс яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб келинганидан сўнг видеоёзувдан фойдаланган ҳолда унинг процессуал ҳуқуқларини мажбурий тартибда тушунтиради.

Шунингдек, «Ички ишлар органи ходими, бошқа ваколатли шахс ушлаб туришнинг кўрсатилган асосларидан биттаси мавжудлигини бевосита аниқласа ёки бошқа шоҳидларнинг сўзларидан аниқласа, ўзини таништириши ва ушлаб турилган шахснинг талабига кўра ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши, гумон қилинувчига у жиноят содир этишда гумон қилиб ушланганлигини маълум қилиши, ушлаб турилган шахсга адвокатга ёки яқин қариндошига телефон қилиш ёки хабар бериш, ҳимоячига эга бўлиш, кўрсатувлар беришни рад этишга бўлган процессуал ҳуқуқларини тушунтириши, ушлаб турилган шахсга у берган кўрсатувлардан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлигини билдириши, ушлаб турилган шахсдан яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга бирга боришини талаб қилиши шарт.

Ушланаётган шахсда қурол борлиги ёки у жиноят содир этганлигини фош қилувчи далиллардан қутулиш ниятида эканлигини тахмин қилишга етарли асослар мавжуд бўлса, ушлаётган ваколатли шахс уни шахсий тинтув ёки олиб қўйишни амалга оширишга ҳақлидир. Шахсий тинтув ўтказиш ёки олиб қўйиш тўғрисидаги баённома ушланган шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилганидан сўнг холислар ҳозирлигида тузилиши мумкин.

Юқорида келтирилган қонун кучга кириши орқали амалиётда юзага келаётган кўплаб тушунмовчиликлар ҳамда норозиликларнинг олди олишга, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончларини ортишига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хатти-ҳаркатлари юзасидан берилаётган шикоятларнинг камайишига олиб келади.


Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш