КАРАНТИН ПАЙТИДА МУАММОЛАР ЯНАДА АНИҚРОҚ КЎРИНДИ

 

КАРАНТИН ПАЙТИДА МУАММОЛАР ЯНАДА АНИҚРОҚ КЎРИНДИ

Коноравирус пандемияси бутун дунё афкор оммасини маълум маънода ҳаёт шиддатидан, меҳнат фаолиятидан озгина бўлса ҳам тин олиб, “дўппини бошдан олиб” унутилаётган инсоний қадриятлар хусусида мушоҳада юритишга, у билан ҳисоблашишга мажбур қилди.

Мамлакатимизда ҳам ушбу “ҳаво”ни кириб келиши ва каратин тадбирларининг жорий этилганлигига икки ой бўлди. Икки ойлик фаолиятимни қисқача сарҳисоб қилдим.

Бу давр давомида оила даврасида болалар тарбияси, ота-она меҳри, яқинларнинг “иссиқ нафасини” кўпроқ ҳис қилиш билан бирга, меҳнат фаолиятимни ҳам қизғин тарзда масофавий ва “одамлар ичида” ўтказдим.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси ташкил этилди. Аввало, мазкур махсус комиссия қарорларининг жойлардаги ижроси бўйича ўз сайлов округим, яъни 84-Денов сайлов округи ҳудудида ижроси ҳоким ва муттасаддилар иштирокида ўрганиб борилди. Хусусан, туманда карантин тадбирларини жорий аҳволи, деҳқон бозоридаги озиқ-овқат маҳсулотларининг етказилиши, захираси, нархларнинг барқарорлиги, тиббиёт муассасаларидаги шароитлар бўйича тизимли мониторинг олиб борилди.

Жорий йилнинг 8 апрелида Президент раислигида озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда томорқачиликни ривожлантиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишидан келиб чиқиб Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма қарори асосида Ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ таркибида Сурхондарё вилоятидаги 7 та тумандаги 34 та маҳаллада бўлиб 103 та хонадонлардаги аҳолининг ўз томорқаси ва 10 дан ортиқ деҳқон хўжаликларидан самарали фойдаланиш ҳолати бўйича таъсирчан парламент назорати ўрнатилди. Кам таъминланган, қаровчиси бўлмаган оилаларга илғор фермерларни бириктириш, томорқа ерларига ишлов бериш, экин экиш кабилар бўйича 31 та муаммо ўз жойида ҳал этилди. Бу борада оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда 39 та чиқишлар қилинди.  Энг муҳими, ҳудудлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганган ҳолда, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари, асосийси бу соҳадаги муаммолар, уларни бартараф этиш юзасидан қонунчиликка аниқ таклифлар масъул қўмитага берилди.

“9 - Хотира ва Қадрлаш куни” муносабати билан Денов туманидаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси туман кенгаши билан биргаликда хабар олинди. Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Қаҳрамон боболар билан суҳбат асносида халқимиз оғир кунларни сабр-бардош билан енгиб ўтганликларини, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаганликларига яна бир бор амин бўлдим. Ишончимиз жуда юксак. Бу кунларни ҳам матонат, сабр ва ҳамжиҳатлик билан албатта енгиб ўтамиз.

Пандемия фаолиятимизни масофавий тарзда амалга оширишни, йиғилишлар, муҳокамалар ва таклифлифларни видео-конференция шаклида ўтказишни тақозо этди. Ушбу шаклда ўтказилган 7 та фракция йиғилишида, аҳоли томорқаси бўйича 3 та Ишчи гуруҳ муҳокамасида иштирок этилди. Муҳокамада бўлган 6 та қонун лойиҳаларига таклифлар билдирилди.

Электрон алоқа воситалари ҳамда карантин талабларига қатъйи риоя қилган ҳолда сайловчиларнинг қилган 33 та мурожаати кўриб чиқилди. Айрим мурожаатлар жойида бориб ўрганилди. Мурожаатларнинг 22 таси қисқа муддатларда ҳал этилган бўлса, 7 таси тегишли ташкилотларга йўналтирилди қолган 4 таси бўйича тушунтириш берилди.

Мен буларни айтиб, нима демоқчиман? Парламентда ўтириб мамлакат ҳаёти билан боғлиқ муҳим масалаларни муҳокама этиб, қарорлар қабул қилаётганимизда қишлоқларда турмушнинг оғир хуржунини елкасига осиб юрган, қийинчиликларни сабр билан енгиб келаётган ҳазрати инсонларни унутиб қўймаслигимиз керак.

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси

← Рўйхатга қайтиш