Давлат бюджети ижроси: Бажарилмаган ишлар ҳақида ким маълумот беради?..

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси якунларини кўриб чиқди.

Давлат бюджети ижроси Президентимиз фармон ва қарорлари, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар асосида ташкиллаштирилган. Шунингдек, Президент қарор ва топшириқлари, олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар, стратегик аҳамиятга эга инвестиция лойиҳаларининг ижросига устуворлик берилган.

Биринчи ярим йилликда макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлаш даражаси ошган. Натижада ҳисобот даврида мамлакат ялпи ички маҳсулоти қарийб 222,0 трлн. сўмни ташкил этган ҳолда, ўтган йилга нисбатан 5,8 фоизга ўсган.

Таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 16369,1 млрд. сўм маблағ ажратилган. Бу ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатларнинг 54,5 фоизини ташкил этган.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар ҳақида ҳам ҳисобот берилди. Унга кўра, Давлат бюджетидан биринчи ярим йилликда 2 261,5 млрд. сўм миқдорда маблағ сарфланган. Шундан 14 ёшгача боласи бор оилаларга тўланадиган нафақа учун 320,7 млрд., боласи 2 ёшга тўлгунга қадар ишламайдиган оналарга тўланадиган нафақа учун эса 565,9 млрд. сўм йўналтирилган. Кам даромадли оилаларга тўланадиган моддий ёрдам учун 104,5 млрд. сўм ажратилган. Бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақага 175,6 млрд. сўм сарфланган. 43,6 млрд. сўм алоҳида тоифадаги фуқароларга уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига компенсация тўловлари учун ишлатилган.

Ҳисоботда ҳар бир йўналиш ва соҳалар кесимида олиб борилган ишлар ҳақида атрофлича сўз юритилди. Фракция аъзолари партия дастурий мақсадлари ҳамда электорат манфаатларидан келиб чиқиб, шунингдек, аҳоли билан учрашувларда бўлаётган мурожаатлар асосида ўрганилган масалаларни ўртага ташлади. Таълим, ижтимоий соҳа, соғлиқни сақлаш, нафақа ва пенялар тайинлаш билан боғлиқ масалаларда ўз таклифларини берди.

Аввал ҳам бир неча марта ушбу масалани кўтарган бўлсам-да, яна эътиборингизни қаратмоқчиман, — деди Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Алия Юнусова. — Аҳоли билан ўтказилаётган учрашувларда имтиёзли кредитлар асосида қурилаётган арзон уй-жойларнинг сифатсизлиги, талабга жавоб бермаслиги ҳақида кўп мурожаат қилишмоқда. Ҳисоботда мана шунча уй қурилди, мана шунчаси берилди, деган билан ҳақиқий ҳолатдан кўз юмиб бўлмайди. Бу тоифадаги уй-жойлар ер майдонининг кичиклиги ҳисобига арзон бўлиши керак, сифатсизлиги учун эмас, назаримда. Ўнлаб, юзлаб кўп қаватли уйлар бир зумда қуриляпти. Бироқ аҳоли уларга кўчиб чиқа олмаяпти. Мазкур масалага жиддий эътибор қаратилиши лозим.

Доим мана шундай ҳисоботлар берилганда қилинган ишлар ҳақида гапирилади, бироқ бажарилмаганлари бўйича маълумот йўқ, — деди Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Мамажонов. — Биз, депутатлар бирор муаммони мажлисларда кўтариб чиқсак, маъқул кўрганимиз учун эмас, аҳолининг талаб ва истакларини қондириш мақсадида гапирамиз, таклифларимизни билдирамиз. Тўғри, амалий ишлар қилиняпти, аммо ҳали-ҳамон ҳисобот, қуруқ гапга тўлалигича барҳам берилгани йўқ. Ҳудудларда, айниқса, чекка-чекка қишлоқларда энг арзимас туюлган масалалар ҳам катта-катта муаммоларга сабаб бўлмоқда. Коммунал хизмат, тиббий хизмат кўрсатиш сифати борасида ҳам мақтана олмаймиз.

Аҳоли билан юзма-юз мулоқотларда биз эътибор бермаган катта-кичик масалалар кўтарилмоқда. Мисол учун, умумтаълим муассасаларида фаррошлик штатлари жуда кам. Катта мактабга бор-йўғи 1-2 нафар фаррош штати ажратилган. Ҳисоботда фаррошлар ҳудуднинг метр квадратига қараб белгиланиши таъкидланди. Аммо ушбу меъёрга барча жойда ҳам бирдек амал қилинади, деб бўлмайди. Масалан, Олий Мажлис биносида 20 га яқин фаррош ишлайди. Тўғри, бу маскан мактабдан бир неча баробар катта. Шунда ҳам битта мактабнинг тозалигига икки кишининг жавоб бериши қийин. Натижа талаб қилишдан олдин шароит ва имконият яратиб беришимиз лозим.

Шунингдек, депутатлар бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш, уларнинг ноқонуний ишлатилиши билан боғлиқ камчиликларни кўрсатиб ўтдилар. Хусусан, ҳисобот даврида айрим бюджет ташкилотларида маблағларнинг ишлатилиши билан боғлиқ молиявий ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилгани, айрим тармоқларда тўлов интизомига риоя этилмагани оқибатида дебиторлик ва кредиторлик, айниқса, бюджет олдидаги боқиманда қарздорликнинг юзага келаётгани кескин танқид қилинди. Вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини кучайтириш, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши устидан қатъий парламент назоратини амалга ошириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Айтиш керакки, мамлакат асосий молиявий ҳужжатининг ижроси ҳақидаги ҳисобот талабчанлик руҳида, танқидий-таҳлилий тарзда кўриб чиқилди. Йиғилиш якунларига кўра, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилинди.


Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

← Рўйхатга қайтиш