Таъмагирлик, порахўрлик жамият тараққиётига ғов бўладиган, иқтисодий ва ижтимоий ҳаёт ривожига тўсқинлик қиладиган энг ёмон иллатлардан биридир. Юриспрудицияда бу иллат коррупция деб юритилади.
Ҳаёти давомида ҳар бир фуқаро айни шу иллатга дуч келади. Кимлар бундан пули кўплигидан фойдалансалар, аксар инсонлар ноиложликдан шу жараёнга қўшилишга мажбур бўладилар.
Бунинг энг оддий ҳолати сифатида иш берувчи ва иш изловчи муносабатини олиб кўрайлик. Бирор даргоҳни тугатган ёш мутахассис бирор ташкилотда ўз ихтисослиги бўйича иш ўрни борлигини эшитиб, мутасадди раҳбарга мурожаат қилади. Ва табиийки, “Иш йўқ!” деган жавобни эшитади. Бунга ишониб, ортига қайтади. Кейинчалик айни у орзу қилиб борган иш ўрнига бошқа биров ишга қабул қилинганини эшитиб, ҳайрон қолади. Кейин суриштирса, иш берувчи ва ёш кадр ўртасида яширин “савдо” пишгач, ишлари силлиқ кетган. Яъни, иш берувчи ходимни ишга олиш эвазига маълум миқдорда пора талаб қилган. Айтилган миқдор пора берилгач, бир кундаёқ буйруқ чиққан.
Ушбу иллатнинг яшовчанлига сабаб, корхона ва ташкилотларда бўш иш ўринлари ҳақда маълумотларнинг шаффоф эмаслиги.
Биз ҳозирда коррупциянинг энг кўп кузатилаётган ҳолатларини айнан шу каби “олди-берди”ларда кўраяпмиз.
Афсуски, бу ҳолатга қарши курашиш осон эмас. Негаки, бунда икки томон ҳам манфаатдор. Иши осон битиши учун тегишли тартибда пул ёки қимматбаҳо совға берган томон бунинг гарчи жиноят эканлигини билсада, шу йўлдан қайтмайди. Айни шу каби ҳолатларни бутунлай тугатиш учун жиноят процессуал кодексларга қўшимча моддалар киритилдики, яъни пора олувчи каби пора берувчи ҳам жиноий жавобгарликка тортиладиган бўлди. Фақат бу ҳолатда мажбуран иш битириш учун шунга рози бўлган иккинчи томон –пора берган шахс бу ҳақда ҳолат содир этилган кундан эътиборан ўттиз кун давомида бу ҳақда ҳуқуқ органларига хабар берса, у жиноий жавобгарликдан озод қилинади.
Юртимизда сўнгги йилларда коррупцияга қарши кураш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Қонунчилигимизда ҳам бу борада бир қатор ўзгаришлар ва қўшимчалар амалиётга айлантирилди. Яна амалда коррупцияга қарши курашадиган органлар фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида алоҳида коррупцияга қарши курашадиган ташкилот тузилди. Бу билан бу иллатга қарши янада кескин ва аёвсиз курашиш учун имконлар ва ҳуқуқий база яратилди.
Буларнинг ҳаммаси Юртбошимизнинг ташаббуслари билан бўлаётганини яхши биламиз. Янгиланаётган Ўзбекистон фуқароси сифатида аслида бу каби иллатга қарши курашиш барчамизнинг фуқаровий бурчимиздир. Негаки, бугун коррупция таг томири билан йўқ қилиб ташланса, эртага фарзандларимизнинг ҳаётга ўз орзуларига эришишлари, олиёгоҳларда таҳсил олишлари, мутахассис сифатида ўз касбида ишлашлари ва хизмат пиллапояларидан эмин эркин кўтарилишларига мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилади.
Демак, коррупцияга қарши кураш жараёнидан четда туришимиз мумкин эмас!
Муқаддас Нарқулова,
Хоразм вилоят юридик коллежи ўқув-бўлими методисти,
ЎзХДП фаоли.