Сайлов ва ислоҳот: Энг муҳимини унутмаслигимиз лозим

 

Ўзбекистон  Республикаси Президентининг “Ўзбекистон миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси муҳокамага қўйилибди.

Унда қонунчиликка бир қатор ўзгартиришларни киритиш таклиф этилмоқда. Жумладан, “сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини молиялаштиришда давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан кўп бўлмаган миқдорда хусусий маблағларни жалб қилишга рухсат бериш...” Яхши таклиф билдирилган, бу амалиёт кўпчилик хориж мамлакатларида ҳам мавжуд.

Маълумки, айни вақтда бизда барча сиёсий партияларга сайловолди тарғибот ва ташвиқот учун бир хил маблағ ажратилади. Бундан кўзланган мақсад эса сиёсий партияларнинг сайлов жараёнларида иштирок этиши учун тенг имконият яратишдир. Юқорида билдирилган таклифда мана шу тенглик тамойили бузилмайдими? Яъни, қайсидир партиянинг бошқа партияларга нисбатан хусусий маблағларини партия тарғиботи учун йўналтирадиган молиявий манбалари ва маблағ миқдорининг кўп бўлиши мумкин. Бу ўз навбатида сайлов натижаларига таъсир қилади ва имкониятлар тенгсизлигини келтириб чиқаради, деб ўйлайман.

Таклифим: сайлов учун жалб қилинадиган хусусий маблағлар миқдори ҳам барча партиялар учун бир хил бўлиши лозим.

Шунингдек, илгари сурилаётган таклифлардан яна бири “ташқи реклама воситаларида сиёсий партиялар ва номзодларга бепул жой ажратилиш амалиётидан воз кечиш” экан. Бу таклифга қўшилмайман. Бундай амалиёт дунёнинг ривожланган мамлакатларида ҳам бор.

Сайлов мамлакатнинг эртанги истиқболини белгилаб берувчи ҳамда халқнинг давлат ва жамият ҳаёти, келажагига дахлдорлигини оширадиган муҳим жараёндир. Шундай экан, сайлов жараёнларининг шаффоф ва ҳар жиҳатдан муваффаққиятли ўтишида барча ўз ҳиссасини қўшиши муҳим. Халқ ўз сиёсий иродасини ва танловни амалга оишириши учун партиялар дастурий ғояси ва улар илгари сураётган номзод ҳақида маълумотга эркин эга бўлиши керак. Бунда албатта тарғиботнинг таъсирчан турларидан бири ташқи реклама муҳим воситадир.

Мамлакат ҳаётида тарихий ва муҳим сиёсий жараёнга ташқи реклама воситаларига эгалик қилувчи давлат ёки нодавлат ташкилотлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшиши мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Сайловолди ташвиқот жараёнлари қонунчилик бўйича фақатгина 1 ой давом этади.

Таклифим: сиёсий партияларга ташқи реклама воситалари имкониятларидан янада самарали фойдаланишлари учун янгича ёндашувлар асосидаги шароит яратиш лозим.

Сайлов ва сайловолди жараёнлар фақатгина сиёсий партия манфаати учун эмас, шу юртнинг ҳар бир фуқароси ва мамлакат манфаати учун муҳим аҳамиятга эгалигини унутмаслигимиз керак.

Сирожиддин Шоназаров,

ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими

← Рўйхатга қайтиш