Ҳозир турмушимизни ахборот-коммуникация технологияларининг иштирокисиз тасаввур қилиш қийин. Рақамли тизим ҳар қандай масофа ва макондаги тафовутни қамраб олмоқда. Исталган жойдан туриб қатор давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти пайдо бўляпти. Электрон тижорат орқали эса маҳсулотлар сотиб олиш, буюртма қилиш муаммо эмас.
Давлатимиз раҳбари 11 май куни рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш масалалари бўйича ўтказган йиғилишида рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган муҳим вазифалар белгиланди. Пандемия шароитида рақамли технологияларнинг нақадар муҳимлиги исботини топгани, таълим, давлат хизматлари, давлат бошқаруви тизими, савдо ва хизмат кўрсатиш, умуман, барча соҳа истиқболи рақамли иқтисодиёт билан боғлиқлиги яққол кўриниб қолгани алоҳида таъкидланди. Экспертларнинг фикрича, келгуси 3 йилда иқтисодиётни рақамлаштириш орқали дунёдаги 22 фоиз иш ўринлари интернет технологиялари ёрдамида яратилишининг ўзиёқ рақамли тизимни ривожлантириш вазифаси долзарб масала эканини яққол кўрсатиб турибди.
Халқ демократик партияси ҳам ўз тизимида ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланишга, ходимлар ва депутатларнинг кўникмаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, ўтган йилги сайлов кампанияси бошланишидан буён партиянинг республика даражасидаги барча йиғилишлари видеомулоқот тарзида ташкил этиляпти. Илгари маҳаллий партия кенгашлари вакиллари, фаоллар ва депутатлар пойтахтда ўтказиладиган йиғилишларда иштирок этиш учун вақт сарфлаб, узоқ масофа босиб келган бўлса, энди буларга ҳожат қолмади.
Яна бир аҳамиятли томони, бундай тадбирлар кенг аудиторияни қамраб олиши билан ҳам аҳамиятга эга. Битта мажлислар залида қатнашувчилар сони чекланган бўлади, албатта. Видеоселектор шаклидаги йиғилишларда студиялардан кўплаб хоҳловчилар иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдириш имкониятига эга бўлмоқда.
Шунингдек, партия тизимида барча ҳудудий ташкилотларни қамраб олган электрон ҳужжат алмашинув йўлга қўйилди. Мурожаатларни кўриб чиқишда тезкорлик ва аниқлик янада ошди.
Ўтган йили бўлиб ўтган сайлов жараёнида ҳам ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланилди. Сиёсий технологияларга ихтисослашган хориждаги бир қатор институтлар билан бир неча марта интернет орқали видеомулоқот ўтказилди. Мулоқотларда нафақат партия Марказий Кенгаши, Қорақалпоғистон республикаси ва барча вилоятлардан минглаб депутатликка номзодлар иштирок этиш имкониятига эга бўлди.
Тан олиш керак, яқин-яқингача партия ёпиқ ташкилотдай бўлиб фаолият юритар эди. Ҳозир ахборот технологиялари ёрдамида мулоқот учун, фикр алмашиш учун очиляпти. Бу жараённи янги даражага олиб чиқиш долзарб масалага айланди.
Албатта, тизимни такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири партия ташкилотларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш ва тезкор интернет тармоқларига улаш ҳисобланади. Ўтган йили вилоят партия кенгашлари зарур технологиялар билан таъминланган эди, ҳозир туман партия кенгашларига ахборот-коммуникация технологияларини етказиб бериш, зарур инфратузилмани тўлиқ шакллантириш ишлари олиб бориляпти.
Пандемия шароитида фракция фаолияти, қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш ва муҳокама этиш, асосли таклифлар бериш жараёнлари ҳам масофадан видеоконференция шаклида олиб борилмоқда. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Халқ демократик партияси депутатларининг фуқаролар билан тўғридан-тўғри онлайн мулоқоти ташкил этиляпти. Сайловчилар ўзларини қизиқтирган савол ёки масала бўйича депутатга мурожаат қилиш имконияти яратилди.
Бундан ташқари, ижтимоий муҳим масалаларда аҳоли вакилларининг муносабати, нуқтаи назари видеотасвирга ёзиб олиниб, партия сайти, телеграм канали ва бошқа ижтимоий тармоқларга бериб бориляпти. «Бўйинбоғсиз суҳбат» лойиҳаси йўлга қўйиляпти, қисқа ва енгил савол-жавоблар ёрдамида депутатларни ижтимоий тармоқларда жамоатчиликка танитишга, муҳим мавзуларда расмийликдан ҳоли тилда мулоқот қилишга эътибор қаратиляпти.
Албатта, барчамиз рақамли иқтисодиётга, рақамли дунёга, рақамли ахборот ва мулоқот воситаларига тезроқ мослашишимиз керак. Бу борада партиямиз тизимида қилиниши зарур бўлган ишлар оз эмас ва улар режа асосида изчил давом эттирилади. Партиянинг барча даражадаги ташкилотларида ахборот-коммуникация технологияларининг ўзига хос инфратузилмасини мустаҳкамлаш, ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама ва мулоқот муҳитини яратиш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.
Электорат вакилларини ўйлантираётган, жойларда ечимини кутиб турган муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этишда рақамли технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланиш вақти келди. Шунинг учун партиямиз депутатларига видео, аудио ва электрон матн шаклларида мурожаат ва саволлар йўллаш имкониятини яратишга тайёргарлик кўриляпти.
Рақамли технологиялар ҳамма нарсани муҳрлайди, хотирада сақлайди, керак пайтда маълумотларни тез тақдим эта олади. Дунё жуда шиддат билан ўзгаряпти, унинг янги қоида ва тартибларига мослашган ташкилотгина жамиятда ўз ўрни, таъсир кучига эга бўлади.
Лазиза ШЕРОВА,
ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.