Иш ҳажми ва самараси ошса бу ташкилотга ҳам, ходимга ҳам фойда келтиради

Ҳар қандай ташкилот ва идора фаолиятида яхши натижага эришишни хоҳлайди. Бу нафақат жамиятга фойда келтиради, балки иш яхши ташкил этилган жойда аниқ самара бўлади, ходимлар тез-тез рағбатлантирилади. Хуллас, ишчанлик кайфиятини оширишга таъсир этадиган қатор омиллар вужудга кела бошлайди. Фақат иш самарасини белгилашдаги бир қатор талабларга риоя этилса бўлди...

 

Иш учун мутахассис яхши бўлиши керак

Ташкилотда меҳнат унумдорлигини оширишнинг энг асосий талабларидан бири салоҳиятли ва билимли кадрдир. Буни ҳамма яхши билади. Кадрлар ҳамма нарсани ҳал қилади, деган гап бор. Ҳар бир ташкилот, корхона ёки бизнес йўналишларида фаолият олиб борувчилар юқори натижаларга эришишни, фойда олишни ҳоҳласа энг биринчи ўринда кадрлар танлаш ва уларни тўғри ишлата билиши керак. Хўш, кадрлар танланди, мутахассислиги ёки ихтисослигидан келиб чиқиб, уларга иш тақсимланди. Навбатдаги қадам уларни тўғри бошқариш, йўналтиришдан иборат бўлади. Чунки, кадрлар ташкилотнинг ўсиши ва ривожланишини таъминлайдиган инсонлар ресурсидир. Кадрларга қилинган харажат эса ташкилотни ривожлантиришга қилинган узоқ муддатли инвестициялардир.

 

Бошқарувда янгича ва замонавий ёндашув муҳим!

Бугунги тезкор ривожланиш жамиятида ҳаётнинг турли жабҳаларидаги (ахборот, ишлаб чиқариш, тижорат, ижтимоий-маданий ва ҳатто сиёсий соҳаларда) жараёнларнинг ўзгариш суръати ушбу ўзгаришларни бошқаришда янгича ёки замонавий ёндашувни талаб қилади. Илгариги мавжуд ёндашувлар ва бошқарув шакллари самарадорлиги паст бўлиб, ҳозирда ўз долзарблигини йўқотиб бормоқда. Сабаб, бошқарувдаги эски ёндашувлар мослашувчан эмаслиги, бюрократия билан чегараланганлиги ва бошқарув стратегияси қатъий амал қилиниши лозим бўлган белгиланган режа сифатида фаолият олиб боришидадир.

 

Хорижий тажриба қандай?

АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Европанинг иқтисодиёти ривожланган давлатлари органларида очиқлик ва шаффофликка асосланган, оптимал бошқарув қарорларини қабул қилиш ҳамда “ақлли” бошқарув принципларини жорий этишга алоҳида аҳамият берилган. Чет эл давлатлар кадрлар тизимидаги инновацион ғоялар ва тажрибалар барча давлатлар учун универсал бўлмаса-да, улардаги мавжуд тажрибаларни Ўзбекистонга мос келадиган томонлари ўрганилиши ва татбиқ этилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Ўзбекистонда-чи?

Шу ўринда, юртимизда ҳам кадрлар масаласига ҳамда замонавий бошқарув тизимларини жорий этилишига алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаш лозим. 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури доирасида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, “Давлат бошқарувида илғор давлат менежменти ва “ақлли” бошқарув принципларини босқичма-босқич жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

Ушбу фармон ва қарорларда белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминланиши кадрлар сиёсати, бошқарув принципларидаги мавжуд муаммоларни бартараф этилишига хизмат қилади.

 

Малика Рашидова,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

 
← Рўйхатга қайтиш