Ҳурматли ва азиз ватандошлар!

 

Меҳр-оқибат, ғамхўрлик, эзгулик ва саховат каби юксак инсоний фазилатлар улуғланадиган айём – Рамазон ҳайити муносабати билан чин юракдан муборакбод этамиз.

Ҳамюртларимиз Рамазон ойида рўза тутиб, ибодат қилиш билан бирга, синовли кунларда ҳимоя ва қўллаб-қувватлашга муҳтож оилаларга кўмак бериш, эҳтиёжманд кишиларнинг кўнглини кўтариб, оғирини енгиллатиш бўйича кўпдан-кўп хайрли ишларнинг бошида туришди.

Халқимиз азал-азалдан ардоқлаб келаётган ҳамжиҳатлик, қийин вазиятларда бирлашиш туйғулари мамлакатимизнинг синовлардан эсон-омон ўтиб олишида муҳим руҳий манба бўлмоқда.

Юртимизнинг турли ҳудудларида карантин қоидалари аста-секин юмшаётган, ҳаёт яна изга тушаётган бўлса-да, коронавирус пандемияси билан боғлиқ умумий хавф ҳали камайгани йўқ. Дунёнинг аксарият давлатларидаги вазият, қатъий тартиб-қоидалар ҳам шундан далолат бермоқда.

Шуларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу йил Рамазон ҳайити намозини жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, ушбу ибодатни мўмин-мусулмонлар зиммасидан соқит этилишини маълум қилди.

Бу улуғ байрамни оиламиз аъзолари билан бирга ўтказсак, вирус тарқалиш эҳтимолини оширмаслик, ўзимиз ва атрофимиздагиларни хавфга қўймаслик учун уйда қолишда давмо этсак, юксак инсоний фазилатга амал қилган бўламиз!

Юртимиз тинчлиги, халқимиз хотиржамлигига ҳисса қўшайлик!

Рамазон ҳайитини уйда, оиламиз даврасида, энг яқин инсонларимиз билан бирга ўтказайлик!

Эзгу амаллар ва яхшиликларга қалбан хайрихоҳ бўлайлик!

Ҳаммамиз бир-биримизни асрайлик! Улуғ кунларда уйимизда қолайлик!

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

 
← Рўйхатга қайтиш