Эзгу амал ва яхшиликларга қалбан хайрихоҳ бўлайлик!

 

Ойлар султони бўлган Рамазон ойи ҳам якунланиб бормоқда. Ҳар йили бу улуғ кунларни жамоат бўлиб намоз ўқиш, яқинимизни меҳмонга чақириш, кексалар ва беморлар ҳолидан хабар олиш орқали катта байрам қилиб нишонлардик. Бу йил бу муборак кунлар, хусусан, Рамазон ҳайитида карантин сабабли бир қатор тартиб-қоидалар белгиланди.

Муборак аём - халқимиз ҳаётида беқиёс ўрин тутади. Бу йил биз коронавирус инфекцияси сабабли жорий этилган карантин туфайли байрамни уйимизда, оиламиз даврасида нишонлайдиган бўлдик. Синовларни енгишда улкан қатъият ва сабот кўрсатаётган одамларимиз бу йилги айёмни эртанги кунга бўлган юксак ишонч билан қарши олмоқда. Бугунги қийин вазиятларда бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, асраб-авайлаш туйғулари синовли кунларни енгишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Бу йилги муборак айёмни уйда, оиламиз, фарзандларимиз, ота-онамиз билан нишонлаймиз. Байрамни чиройли дастурхон атрофида, меҳрга тўла кўзлар қувончи, кулгуси билан ўтказишга нима етсин. Оила аъзоларимиз ўртасида меҳр-оқибат туйғулари янада мустаҳкамланадиган бўлди.

Азиз юртдошлар, сизу-бизнинг уйда қолишимиз эртанги хотиржамлигимиз, ўзимиз, яқинларимиз, халқимиз соғлиги учун муҳимлигини унутмайлик!

Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин! Бир-биримизни асрайлик, яхшилик ва эзгуликка йўғрилган айём кунлари уйимизда қолайлик.


Шербек Буранов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш