Камбағалликни қисқартириш – давлатимиз сиёсатида янги йўналиш

 

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ дунёдаги мураккаб вазият иқтисодиётга жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Қийин шароитда аҳоли даромадлари кескин камайиб кетишининг олдини олиш, эҳтиёжманд оилаларни турли йўналишларда қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш долзарб, кечиктириб бўлмайдиган масаладир.

Президентимиз бу борада амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар, асосий йўналишларни белгилаб бермоқда. 19 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мамлакатимиз иқтисодиётини жонлантириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, даромад топиш имкониятларини кенгайтириш учун енгилликлар бериш, иқтисодий фаолликка интилаётган юртдошларимизга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича муҳим топшириқлар берилди. Уларнинг сифатли ижросини таъминлаш мамлакат иқтисодиётини қийин вазиятдан олиб чиқиш, эҳтиёжманд аҳолини ишончли ҳимоялашга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари вазифаларни белгилаш билан бирга, қатор йўналишлардаги камчиликларни танқид қилди. Маҳаллий ҳокимият идоралари иш ўринлари яратаётган тадбиркорларни, банк ва солиқ тизими идоралари иқтисодий фаол бўлишга ҳаракат қилаётган ҳамюртларимизни фаол қўллаб-қувватлаши, янги имкониятлар қидириб топиб, ёрдам бериши зарурлиги таъкидланди.

Бугун барча соҳадаги ишларни тизимли амалга ошириш, муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиб, таҳлил қилиш асосида чоралар кўриш долзарб аҳамиятга эга. Ресурслар самарали йўналтирилмаса, муаммолар охиригача ҳал этилмай қолади, бу эса давлат идоралари фаолиятига ҳам, одамлар турмушига ҳам зиён етказади.

Халқ демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш, доимий даромад манбаини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишларни жойларга бориб, мутасаддилар ва аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилиб, ҳақиқий ҳолатни бевосита ўрганиш ҳамда амалий ёрдам кўрсатишга киришди. Дастлабки ишлар 11-15 май кунлари Жиззах вилоятида ўтказилди.

Президентимизнинг пандемия шароитида, жорий йил 26 мартда қабул қилинган “Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганишларга асос бўлди.

Маълумки, ушбу муҳим фармонга асосан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташкил этилиб, вазирликка Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи навбатда амалга оширилиши лозим бўлган ишларни жадаллаштириш йўналишида аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Уларни сифатли бажариш коронавирус пандемияси асоратларини юмшатишда, барқарор даромади йўқ оилаларни қийин вазиятга тушиб қолишдан ҳимоялашда жуда муҳимлигини ҳаммамиз яхши тушунамиз, албатта.

Аввало, таъкидлаш керакки, Жиззах вилоятида мавжуд имкониятлар ва ресурслардан самарали фойдаланган ҳолда, Фармон ижросини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдик. Яна алоҳида қайд этиш лозимки, камбағалликни қисқартириш – давлатимиз сиёсатида бутунлай янги йўналиш. Уни самарали тизимга айлантириш, муҳтож оилалар барқарор даромад манбаига эга бўлишига эришиш учун реал ҳолатдан келиб чиқиб, таҳлилларни ўтказиш, зарур ҳолларда амалий ёрдам кўрсатиш алоҳида аҳамияга эга.

Эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича бир неча йўналишларда иш олиб борилмоқда. Ҳудуларда маҳаллий ҳокимият томонидан камбағал оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича зарур манбалар аниқланиб, масъул ташкилот ва раҳбарлар, депутатлар бириктирилган, чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Вилоятда камбағал оилаларга кооперация усулида ерлар ажратилмоқда. Маълум туманларда бу борада яхши тажриба йўлга қўйилган, оилалар ўзига ажратилган ерда меҳнат қилиб, илк ҳосилни йиғишга тайёргарлик кўраётган ҳолатлар қувонарли, албатта.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг жамғармаси маблағлари ҳисобидан камбағал оилалар томорқасига енгил конструкцияли иссиқхона ўрнатиш, уруғ ва кўчатлар, суғориш воситалари олиб бериш мақсадида субсидиялар ажратилмоқда. Туман бандлик бўлимлари бу ишларни самарали ташкил этаётгани, рўйхат асосида, оилаларнинг эҳтиёжига қараб, субсидия ҳисобидан ёрдам кўрсатаётяпти.

Президент фармони асосида эҳтиёжманд оилалар аъзоларини касбга ўқитиш ва тадбиркорликка ўргатиш орқали даромадини ошириш мумкин бўлган гуруҳларга ажратиш ва уларни ўқитиш ишларини ташкил этиш чоралари белгиланган. Карантин билан боғлиқ қийинчиликлар ўқувларни тизимли йўлга қўйишга халақит қилаётганини айтиш жоиз.

Албатта, камбағалликни қисқартиришга йўналтирилган ишларни изчил йўлга қўйиш, жараёнда юзага келаётган хато-камчиликлар, англашилмовчилик ва сусткашликларни бартараф этиш, Фармонда қўйилган вазифалар ижроси бўйича мунтазамликка эришиш учун ҳали кўп иш қилиниши, маҳаллий ҳокимият, мутасадди идора-ташкилотлар, депутатлар ва парламентнинг натижага эришиш йўлидаги ҳамжиҳатлиги зарур, деб ўйлаймиз.

Жиззах вилоятидаги ўрганиш натижалари амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида партия ишчи гуруҳи аъзолари иштирокида фракциямиз йиғилишида муҳокама этилиб, кузатилаётган камчиликларнинг сабабларини бартараф этиш бўйича қатор фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.

Хусусан, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари, шаҳар ва туманлар ҳокимликларининг камбағалликни қисқартириш борасидаги ишлари кучайтирилиши, турмуш шароити ва ижтимоий аҳволи оғир бўлган оилаларнинг рўйхати тўлиқ шакллантирилиши, бевосита моддий ва номоддий ёрдам кўрсатилиши лозим бўлган гуруҳлари аниқлаб олиниши, касбга ўқитиш ва тадбиркорликка ўргатиш ишлари тизимлаштирилиши зарурлиги таъкидланди.

Камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар мавсумий ҳарактерга эга бўлса, кутилган самарани бермаслигига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳар бир ҳудуддаги ишлар аввало ўша ҳудуд мутасаддилари, депутатлар ўртасида ўзаро танқидий муҳокама этилиб, тезкор чоралар кўрилиши муҳим. Шунинг учун ўрганиш якунлари туман, шаҳар Кенгашларидаги партиямиз гуруҳларида дастлабки тарзда муҳокама этилиб, тегишли вазифалар белгиланди. Кейинчалик бу масала маҳаллий Кенгашлар сессияларига олиб чиқилиб, мутасаддиларнинг ахборот ва ҳисоботлари эшитилиши режалаштирилди.

Ўрганиш давомида қонунчиликни такомиллаштириш зарурати яққол сезилди. Биринчи ўринда камбағаллик даражасини аниқлаш мезонлари ва баҳолаш услубияти, ижтимоий таъминотнинг минимал стандартлари ва меъёрий асослари бўйича ҳуқуқий асослар яратилиши лозим, деган хулосага келинди. Фракциямиз бу йўналишларда қонунчилик ташаббуси билан чиқишга тайёргарлик ишларини бошлади.

Фракциямиз аъзолари маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан бирга камбағалликни қисқартириш ишларини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатишни давом эттиради.

Айни пайтда партиямиз тизимида йўлга қўйилган “Меҳр улашинг” лойиҳаси доирасида барча ҳудудларда депутатлар ташаббуси ва ҳамкорлар ёрдамида эҳтиёжманд оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш ишлари ҳам изчил амалга оширилмоқда.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш