“Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон”

Айни кунларда юртимизда мустақиллигимизнинг 28 йиллик тўйига кенг кўламда тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Республикамизнинг ҳар бир шаҳар ва туманлари, чекка қишлоқ жойларида байрамни юқори кўтаринки руҳда ўтказиш, ҳудудларни ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам фикримиз исботидир.

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши ташаббуси билан Чирчиқ шаҳридаги Тошкент ҳарбий округи 07/984 ҳарбий қисмида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сиёсатшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар мустақиллик энг улуғ неъмат экани ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Ўтган давр мобайнида босиб ўтган йўлимиз, амалга оширган ишларимиз холисона сарҳисоб қилинди, Ватан озодлиги ва фаровон ҳаёт – мустақиллик берган улкан неъмат эканлиги, уни кўз қорачиғидек асраш зарурлиги таъкидланди.

Қайд этилдики, истиқлол йилларида миллий армиямизни шакллантириш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини ишончли ҳимоя қиладиган замонавий Қуролли Кучлар ташкил этилди. Мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашга қодир миллий армиямиз ҳамда ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг мустаҳкам ва ишончли тизими барпо этилди. Қуролли Кучлар сафида йигитлик бурчини ўташ мустақиллик йилларида ҳар бир ёш учун шон-шараф ишига айлангани, ҳарбий хизматчилар давлатимиз эътибори ва ғамхўрлигини доимо ҳис этиб туришгани алоҳида таъкидланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Комила Каромова мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги билан йиғилганларни табриклади. Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси бўйича яратилган қонуний асослар ҳақида тўхталди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Кутлибека Раҳимбоева, ЎзХДП Марказий кенгаши Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари сектор мудири Равшан Хомитов Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳаётимиздаги самараси, ёшлар учун яратилган имконият ва шарт-шароитлар ҳақида гапириб ўтишди.

Ҳар бир партия фаоли мустақилликни мустаҳкамлаш йўлида фидойи бўлиши, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти, ҳаётимиздаги аҳамияти тўғрисида тарғибот ишларини электорат орасида чуқурроқ олиб бориши кераклигини қайд этишди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш