Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда кўп нарса парламентга ҳам боғлиқ

 

Ўзбекистон парламенти БМТнинг эзгу ташаббусларни фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш Миллий мақсадлари бажарилишини ўз зиммасига олганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Барқарор ривожланиш мақсадлари иқтисодиёт, ижтимоий ва экологик нуқталарни бирлаштириш асосида пайдо бўлиб, мамлакатларга уларнинг режаларини глобал мажбуриятлари билан мутаносиб равишда қабул қилишга ундайди. Шу муносабат билан Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврида амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Олий Мажлис тарихида илк марта Парламент комиссиясининг биринчи йиғилиши онлайн тарзда бўлиб ўтди. Унда Барқарор ривожланишнинг Миллий мақсад ва вазифалари ҳукумат томонидан қай даражада бажарилаётганига парламент томонидан баҳо берилди.

Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўз олдига 17 та мақсад ва 169 та вазифани бижаришни белгилаб олган.

Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида биринчи навбатда аҳоли фаровонлигини ошириш ва уларни ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳукумат олдида турган бош вазифалардан бири эканини алоҳида таькидлаб, кам таьминланган аҳоли қатламлари мавжудлиги ва уларни камбағалликдан чиқариш йўллари ҳақида ташаббуслари илгари сурди.

Барқарор ривожланиш мақсадларининг биринчиси камбағалликни камайтиришга қаратилган. Халқ демократик партиясининг электорати айнан кам таьминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролардир. Партиямизнинг сайловолди дастурида – кам таьминланган оилалар аъзолари, жумладан, ишсизлар, меҳнатга лаёқатли ногиронлар, аёлларнинг тадбиркорлик соҳасидаги фаоллиги ҳамда касаначиликни давлат ва хусусий шериклик асосида рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг мамлакат маданий ва ижтимоий ҳаётида иштирок этиши учун муносиб шароит яратиш масалалари белгиланган.

Айтиш керакки, камбағаллик ва даромад тенгсизлигига барҳам бериш борасида ҳукуматимиз томонидан бир қатор тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги “Иқтисодиётни ривожланитириш ва камбағалликни қисқартинришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, шунингдек, Иқтисодий тараққиёт ва камбағаллликни қисқартириш вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолияти самарали ташкил этилиши, сўнгги йилларда ҳукумат ташаббуси билан парламент томонидан қабул қилинган бир нечта қонунлар ҳам бевосита камбағалликни камайтиришга хизмат қилади.

Яқинда парламентда қабул қилинган “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунда бандликни рағбатлантириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган бир қатор меъёрлар киритилди. Қонун асосида ишга жойлаштирувчи агентлар, аутстаффинг хизматлари каби янги механизмлар амалиётга жорий этилиши бандликни таъминлаш имкониятларини кенгайтиради.

Аҳолининг ўз ер участкаларидан мақсадли фойдаланиш учун жисмоний шахсларга енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш учун ёки уруғлик кўчат олиш учун ёҳуд суғориш ускуналари сотиб олиш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратилмоқда. Бу эса кам таьминланган оилаларни камбағалликдан чиқаришга қаратилган муҳим саъй-ҳаракат, деб ўйлайман.

Куни кеча давлатимиз раҳбари Андижон, Навоий, Сурхондарё вилоятларини, туман ва шаҳарларининг иқтисодий салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги видеоселекторда белгиланган вазифалар ҳам камбағалликни камайтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Ушбу видеоселектор йиғилишида биргина Сурхондарё вилоятида улкан очилмаган қиррралари кўрсатиб ўтилди. Ҳозирги кунда вилоятда 55 минг оилани камбағалликдан чиқариш вазифаси турганлиги таькидланди. Бу вазифани амалга оширишнинг бир қатор йўналишлар кўрсатилди.

Биринчидан, саноатни ривожлантириш, қайта ишлаш, ҳудудларни ихтисослаштириш борасида вилоятнинг имкониятлари таҳлил қилинди. Ҳозирги кунда Сурхондарё вилоятининг мамлакат ялпи ички маҳсулотдаги улуши 8 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткични ошириш учун ҳудудда катта имкониятлар мавжуд. Масалан, Шерободнинг гиламдўз ҳунармандлари бор. Бандихонда гилам учун қўй ва эчки жуни кўп. Бу туманлар ўртасида кооперацияни йўлга қўйиш 85 тонна тери ва жунни қайта ишлашга шароит яратади. Шу каби Олтинсой туманида ҳам имкониятлар катта, лекин бу имкониятларни чекловчи омиллар ҳам оз эмас. Мисол учун, туманда электр таьминотининг яхши эмаслиги 80 минг тонна узум, 13 минг тонна ғаллани қайта ишлаш имкониятини чекламоқда.

Иккинчидан, жойларда инвестиция ва туристик хизматларни яхшилаш учун инфратузилма объектларини ривожлантириш борасида вилоятнинг очилмаган “қўриқлари” кўп. Дейлик, Олтинсой туманида биронта бозор йўқ. “Мангузар-Термиз-Денов” йўлида замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш зоналарини ривожлантириш мумкин.

Учинчидан, қишлоқ хўжалигида маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва шу орқали иқтисодий ўсишга эришиш мумкин. Чунки, вилоят шароитида 2-3 марта ҳосил олиш, иссиқсевар ўсимликлар етиштириш имкони мавжуд. Масалан, Шеробод анорларини оладиган бўлсак, Президентимиз бу анорларга талаб юқори бўлгани ҳолда анорзорлар тумандаги экин майдонларининг атиги 0,1 фоизини ташкил этишини куюниб таъкидлади. Ҳосилдорлиги паст пахта, ғалла майдонларининг ўрнига анор плантацияларини барпо этиш ўн баробар кўп даромад олиш, ўттиз-қирқ миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилишга шароит яратиши мумкин. Бунинг тизимли таҳлил ва ёндашув керак.

Шунингдек, Музработ туманида икки минг, Қумқўрғон туманида 1,2 минг гектар фойдаланишдан чиққан ерларни ўзлаштириш ҳисобига тўрт мингдан зиёд иш ўринлари яратилиши мумкин экан.

Бу вазифаларнинг самарали бажарилиши камбағалликни қисқартиришда жуда катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлади.

Барқарор ривожланиш Миллий мақсад ва вазифалар ҳукумат томонидан қай даражада бажарилишини назорат қилиш нафақат парламент даражасида, балки бу муҳим масала ҳокимиятлар бўйича маҳаллий Кенгашлар сессияларида ҳам муҳокама қилиниши мақсадга мувофиқ бўларди. Агар туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари ҳам тегишли мутасаддиларнинг ҳисоботларини ҳар чоракда эшитиб бориш амалиёти йўлга қўйишса, барқарор ривожланиш мақсадларига эриши борасидаги натижаларимиз янада яхшироқ бўлишига эришилади.

Фақат бу муҳокамаларни “мана, биз ҳам қараб турганимиз йўқ”, деган маънода расмиятчилик учун эмас, одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишга асос бўладиган даражада куюнчаклик ва ҳалол виждон билан, танқидий, жамоатчилик учун ошкора ҳамда тушунарли тарзда ўтказилиши зарур, деб ўйлайман.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш