Давлат фуқаролик хизмати жиддий ислоҳотларга муҳтож

 

Мамлакатнинг қай даражада тараққий этиши, халқ турмуши фаровонлашуви кўплаб омилларга боғлиқ. Давлат хизматини сифатли ташкил этиш ана шундай омиллар қаторида етакчи ўринларда туради.

Кейинги йилларда давлат ташкилотларининг халқ олдидаги масъулияти ва ҳисобдорлигини кучайтириш бўйича муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Лекин ҳали олдинда ҳал этилиши зарур бўлган кўп масалалар бор.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ жорий йилнинг 1 январидан давлат хизматига ишга қабул қилишнинг очиқ мустақил танловга таянган тизими синов тариқасида иш бошлаши белгиланган.

Давлат идораларининг мутахассислар билан етарли даражада таъминланмаслигига, кадрлар малакасининг олдинга қўйилган вазифалар ва замонавий талабларга мос эмаслигига ҳамда қабул қилинаётган қарорлар сифатининг паст бўлишига олиб келаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжуд.

Давлат хизматига ишга қабул қилишда номзодларни танлашнинг, бу жараёнда барча фуқароларнинг тенг иштирок этишининг шаффоф механизмлари яратилиши муҳим аҳамиятга эга.

Бу борадаги ислоҳотларни тизимли олиб бориш учун аввало қонун керак, албатта. Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, regulation.uz сайти орқали жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.

Қонун лойиҳасида давлат фуқаролик хизматига кириш, унда хизматни ўташ ва тугатишдан тортиб давлат хизматчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ҳуқуқий мақоми, кафолатлари, ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси, давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупциянинг олдини олиш чоралари ва уларни амалга ошириш мезонлари, қандай ҳолатларда давлат хизматчиси ўз мақомидан маҳрум бўлиши, уларнинг лавозим поғоналарида фақатгина меритократия тамойили асосида кўтарилиб боришини белгиловчи меъёрлар кўзда тутиляпти.

Давлат фуқаролик хизматчиси касбга оид сифатлари ва алоҳида хизматларини объектив ва адолатли баҳолаш асосида хизмат поғоналари бўйича ўсиш (меритократия), хизмат юзасидан раҳбариятга ўзининг шахсий фикрини билдириш, ўзи фаолият юритаётган давлат органи ёки ташкилоти фаолиятини такомиллаштиришга оид таклифларни бериш,  раҳбарлар, бошқа мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан шаъни
ва қадр-қимматининг ҳурмат қилиниши, раҳбардан мансаб ваколатларининг ҳажми ва вазифаларини аниқлаштиришни талаб қилиш ва бошқа ҳуқуқларга эга экани белгиланмоқда.

Давлат фуқаролик хизматчиси ўзаро яқин қариндошлик ёки қуда-андачиликда бевосита лавозим бўйсунишида бўлган давлат лавозимини эгаллашга, шахсан ёки ишончли вакиллар томонидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, моддий-техника, молиявий ва ахборот таъминоти воситаларидан, давлатнинг бошқа мол-мулкидан ва хизмат маълумотларидан хизматдан ташқари фойдаланишга, вазифаларини бажариш ёки давлат фуқаролик хизматчиси мавқеидан фойдаланиб бирор-бир мукофотларни олишга ҳақли эмаслиги кўрсатилмоқда.

Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонун лойиҳаси узоқ кутилган ҳужжат. Унинг жамоатчилик муҳокамаси жорий йил 6 июнга қадар давом этади. Истовчилар бемалол таклиф-мулоҳазаларини билдиришлари мумкин.

Кейин қонун лойиҳаси белгиланган тартибда парламентга киритилганда, муҳокама ва мунозаралар анча қизғин давом этади, деб ўйлайман. Чунки бу қонун орқали эртага жамиятимизда, давлат бошқарувида айнан қандай ўзгаришлар бўлиши, қай даражада адолатли қоидалар ўрнатилишига оид саволларга жавоб топилиши керак.

 

Ойбарчин Абдуллаева,

Олий Мажлис Қонунчулик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш