Синовли кунларни енгиш фақат ўз қўлимизда

 

2020 йил бутун дунё ҳамжамияти учун синовли йил бўлди. Коронавирус инфекциясининг тарқалиши кўплаб давлатлар қатори биз учун ҳам бир синов бўлди. Юртимизда ушбу кўринмас балога қарши курашиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз томонидан муҳофазамиз учун барча шароитлар муҳайё қилинмоқда. Фақат бу вирус халқасини узиб ташлаш ва уни тарқалишига йўл бермаслик барчамиз ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз, санитария гигиена тартиб қоидаларига қатъий амал қилиш талаб қилинмоқда.

Навоий вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг маълумотларига кўра, вилоят бўйича коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар умумий рўйхатда 88 нафар бўлиб, шундан 10 нафар бемор буткул соғайиб, реабилитацияга кузатилди. Бугунги кунда 78 нафар бемор Зарафшон шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида ҳамда НКМК Марказий кон бошқармасига қарашли 3-сонли ТСҚ “Терапия” бўлимида даволанмоқда. Айни пайтда вилоят бўйича 6098 нафар фуқаро карантинга олинган бўлиб, уларнинг 5233 нафари уй шароитида, 865 нафари эса стационар назоратдагилардир. Карантиндагиларнинг асосий қисми Зарафшон шаҳри ҳиссасига тўғри келади.

Барчамиз учун синов даври бўлган бугунги кунда аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, вирус балоси талофатларини камайтириш, синовли кунлардан эсон-омон ўтиб олишга ҳаракат қилишимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Шаҳарда бу хатарни тезроқ бартараф этиш учун барча чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, вилоят ИИБ, шаҳар ҳокимлиги, шаҳар ИИБ, Миллий гвардия, СЭО маркази, ФВБ ҳамда тегишли мутасаддилар томонидан дезинфекция ишлари кучайтирилган тартибда йўлга қўйилди. Бозор ва кўчаларда кун давомида икки маротаба зарарсизлантириш ишлари олиб борилмоқда. Ички ишлар ходимлари томонидан кўчалар бўйлаб овоз тарқатиш аппаратларида уйда қолиш, мақсадсиз кўчада юрмаслик бўйича чақирувлар мунтазам эшиттирилиб келинмоқда. Маҳаллалар кесимида кўчма бозорлар ташкил этилган бўлиб, аҳоли узлуксиз озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда дори-дармон воситалари билан таъминланмоқда.

Халқимиз ушбу касалликни енгиб ўтишида якдил бўлиши, шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, фарзандларимиз билан уйимизда, ишхонада ва жамоат жойларида қатъий амал қилишимиз зарур. Бу албатта ўзининг ижобий натижасини кўрсатиб, олтин водий деб ном чиқарган шаҳримиз хавфсиз ҳолдаги “яшил” ҳудудга айланади.

 

Шавкатжон Усмонов,

ЎзХДП Зарафшон шаҳар кенгаши раиси.

 

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш