Матлубахон Тўйчиева – фидойи депутат

 

Кимлардир аёл киши раҳбар ёки масъулиятли вазифада бўлишининг  нимаси яхши, дейиши мумкин. Бундай саволга жавоб аниқ: нозик хилқат соҳибалари ижтимоий масалаларни кўпроқ юракдан ҳис қилиб ёндашади, дилидан ўтказиб қарорлар қабул қилади. Ижтимоий масалалар эса одамларни шу кеча-кундузда ўйлантираётган муаммолардир.

Матлубахон Тўйчиева партиямизнинг Андижондаги фидойи депутатларидан. Бўстон туманида аҳоли мурожаатлари билан ишлашда у кишининг меҳнатлари катта.

М.Тўйчиева халқ дардини ўз дарди сифатида кўриб, ҳар бир мурожаат ва мавжуд муаммони ижобий ҳал этишда жонбозлик кўрсатиб келади. Хусусан, карантин ва чеклов тадбирлари даврида эълон қилинган “Саховат ва меҳр” умумхалқ ҳаракати доирасида ҳудуддаги 10 та кам таъминланган оилага ҳомийлик ёрдамини берди. Шунингдек, ўзи бириктирилган “Абдулла Қодирий” кўчаси, 34-уйда яшовчи кам таъминланган М.Олмосова хонадонига барча зарурий кўмакни кўрсатиб келмоқда.

Тумандаги “Бўстон” МФЙ ҳудудида жойлашган шу ерда истиқомат қиладиган аҳолининг катта қисмини ичимлик суви билан таъминлайдиган сув минораси эскириб, яроқсиз ҳолатга келиб қолган, бу сувни олис масофадан ташиб келиш билан боғлиқ қийинчиликларни юзага келтирган эди. М.Тўйчиева мурожаат асосида мазкур муаммони қисқа фурсатда атрофлича ўрганиб, тегишли депутатлик сўрови орқали ижобий ечим топишида ташаббус кўрсатди. Кўп вақт ўтмасдан сув минораси тўлиқ таъмирланиб, одамларнинг оғири енгил бўлди.

М.Тўйчиева “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

Партиямиз сафида мана шундай жонкуяр ва фидойи депутатларимиз борлиги қувонарли.

 

Отабек Ҳасанов,

ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари.

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш