Замонавий қишлоқ хўжалиги халқимизнинг ризқини зиёда қилади

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 18 майда қабул қилинган "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида мамлакат иқтисодиёти учун, меҳнаткаш юртдошларимиз учун жуда муҳим бўлган масалалар қамраб олинган.

Серқуёш ўлкамизда етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари жаҳон бозорида харидоргир, бироқ биз уларни зарур ҳужжатлари билан чиройли қадоқлаб тақдим қилишни яхши ўргана олмаяпмиз. Лекин бу жуда муҳим масала. Замонавий қишлоқ хўжалигини йўлга қўя олсак, қишлоқлардаги ҳазрати деҳқонларнинг даромади ошган бўларди.   

Иқлим ўзгариши, ерларнинг чўллашиши, турли юқумли касалликларнинг авж олиши дунё аҳолисининг табиий усулда етиштирилган, сифатли озиқ-овқатга талабини жуда оширмоқда. Бундай вазиятда халқаро стандартларга тез мослашиш талаб этилади. Шундай экан, Президентнинг тегишли фармони шу жиҳатдан ўз вақтида қабул қилинган муҳим ҳужжат дея оламиз.

Фармонда юртимизда Organic ва Global GAP халқаро стандартлари талабларига мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқариш, тартибга солиш ва мувофиқлаштиришнинг миллий тизимига асос солиниши белгиланган.

Шу билан бирга, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини яхшилаш, экспорт географиясини кенгайтириш, қолаверса, мамлакатимизнинг органик маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш кўзда тутилган.

Органик маҳсулот турли кимёвий воситалар, пестицидларни қўлламасдан етиштирилишини инобатга олсак, юртимиз қишлоқ хўжалигида том маънода туб бурилиш ясалиши ойдинлашади.

Соҳада ихтисослашган фермер, деҳқон хўжаликлари, тадбиркорлар ва кооперациялар, кластерлар фаолияти йўлга қўйилади. Бу эса кўплаб янги иш ўринлари демакдир. Қолаверса, экспорт ҳажми ортиб, валюта тушуми кўпайишига замин яратилади.

Бунинг бошқа ижобий томонлари ҳам бор. Масалан, органик маҳсулот етиштиришга бўлган эътиборнинг кучайтирилиши натижасида атмосферага зарарли моддалар чиқиши камаяди.

Кузатишлар жаҳон органик маҳсулотлари бозорида ўсиш суръати сўнгги 5 йилда ўртача 15 фоизга тенглигини кўрсатмоқда. 2022 йилга бориб, дунё бўйича йиллик айланма 212 млрд. АҚШ долларига тенг бўлиши чамаланган. Бу қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши умумий ҳажмининг 20 фоизи экани айтилмоқда.

Органик қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари институти (FiBL) ва Органик қишлоқ хўжалик ҳаракати бўйича Халқаро Федерацияси (IFOAM)нинг Жаҳон органик қишлоқ хўжалиги статистикаси бўйича 2019 йилдаги нашрида Ўзбекистон мева етиштириш бўйича қулай шароитга эга бўлган дунёдаги 10 та давлат қаторига киритилган. Демак, фармонда белгиланган вазифалар тўғри бажарилса, меҳнаткаш халқимизга кўп яхшиликлар етади.

 

Зулайҳо Акрамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш