Четдан туриб сиёсий башорат қилиш нопрофессионалликдир

Мамлакатдаги сиёсий ислоҳотлар, партияларда бўлаётган ўзгаришлар ҳақида фикр билдиришда жуда кўп омилларни ҳисобга олиш керак бўлади. Ҳозирги ҳолатга бир пайтлар шаклланган хулосага асосланиб фикр билдириш, баҳо беришга уриниш нотўғри ёндашувдан бошқа нарса эмас.

Америка овози” сайтида 28 август куни Ўзбекистон парламенти сайловларида рақобат қай даражадалиги ҳақида эълон қилинган материал, унда “Эрк” партияси раҳбарининг билдирган фикрлари мутлақо асоссиздир.

Четдан туриб юртимиздаги вазият ҳақида ҳар хил башоратлар эълон қилиш нопрофессионалликка киради, деб ҳисоблайман.

Сайловлар яқинлашгани сари партиялар ҳақида, парламентнинг аҳамияти тўғрисида фикр-мулоҳазалар, турли фикрлар билдирилиши табиий ҳол, албатта. Бу демократик жараённинг ажралмас, таркибий қисми. Лекин тор доирадаги, натижалари асосланмаган ва бироз шубҳалироқ бўлган сўровларга ҳаддан ташқари жиддий тус бериш, “халқнинг фикри ундай, халқнинг фикри бундай”, деб кескин ва мутлақ хулоса чиқариш ўхшамаган уриниш холос.

Сизнинг фикрингиз” телеграм каналида ўтказилган виртуал сўров натижалари бутун халқнинг фикрини ифодаламайди, албатта.

Ўзбекистонда давлат бошқарувини кўппартиявийлик тамойили асосида демократлаштириш, парламентнинг обрўси ва таъсир кучини ошириш бўйича муҳим ислоҳотлар амалга оширилаяпти. Хусусан, сайлов жараёнларини ошкоралик ва тенглик тамойиллари асосида ташкил этиш учун ҳуқуқий асос такомиллаштирилди, Сайлов кодекси қабул қилинди. Айни пайтда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ижро ҳокимиятидан тўлиқ мустақиллигини таъминлаш мақсадида қонунчиликни мустаҳкамлаш, шу масалада тизимли таклифлар ишлаб чиқиш ишлари давом этяпти. Бу бўйича парламентда махсус ишчи гуруҳи тузилган.

Ўзбекистонда сиёсий партиялар ўз ғоя ва дастурларини дадил илгари суриб, амалга ошириши учун шароит тамоман демократлашяпти. Бу масалада 3-4 йил аввал кузатилган вазият билан ҳозирги ҳолат ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Мана, масалан, ўтган ҳафтада парламент палаталарини молиялаштириш тартиби тубдан ўзгаришини билдирувчи қонун ҳам қабул қилинди. Бу ўзгариш парламентнинг таъсир кучини оширишда чуқур аҳамиятга эга эканини билган билади.

Мамлакат бошқарувини демократлаштиришда сиёсий партиялар катта ваколатларга эга. Юз минглаб аъзолари, миллионлаб тарафдорлари бор партияларни “қўғирчоқ” деб аташ Ўзбекистон халқига нисбатан ҳурматсизликдир.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

партия фаоли.

← Рўйхатга қайтиш